Нодавлат умумтаълим муассасаларини қўллаб-қувватлаш бўйича таклифлар муҳокамага қўйилди

2019.08.23 | Янгиликлар

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига Вазирлар Маҳкамасининг “Халқ таълими соҳасида нодавлат умумтаълим муассасаларини янада рағбатлантириш мақсадида давлат субсидияларини ажратиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди. 

Нодавлат умумтаълим муассасаларига давлат томонидан яратилаётган қулай шарт-шароитлар, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиришлар киритилаётганлиги туфайли битирувчи ўқувчиларига шаҳодатнома ва аттестатлар бериш ҳуқуқи ҳамда нодавлат умумий ўрта таълим мактаб очиш бўйича лицензия бериш ҳуқуқи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасидан Давлат хизматлар марказига берилди. Лицензия олиш жараёни икки баробар соддалаштирилди.

Ҳозирги кунда республикада 89 та нодавлат умумий ўрта таълим мактаби фаолият олиб бормоқда. Бу кўрсаткич 2016 йилгига нисбатан тўрт баробар ошганлигини кўрсатади.

Таъкидлаш жоизки, республика ҳудудларидаги ўқувчилар таълим хизматларидан фойдаланишда кенг танловга эга бўлиши, ўз навбатида келгусида давлат бюджети маблағларининг тежалишига олиб келишини инобатга олган ҳолда халқ таълими соҳасида давлат-хусусий шериклик муносабатларини ривожлантириш ҳамда тадбиркорлик субъектларини янада рағбатлантириш ва молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чоралар кўриш зарурияти мавжуд.

Ушбу қарор лойиҳаси Халқ таълими вазирлиги томонидан нодавлат умумтаълим хизматларини кўрсатиш фаолияти билан шуғулланаётган сармоядорлар ҳамда тадбиркорлик субъектлари томонидан келиб тушган кўплаб мурожаат, таклифлар, шунингдек, халқ таълими соҳасида давлат-хусусий шериклик муносабатларини ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларини янада рағбатлантириш, қўллаб-қувватлаш мақсадида ишлаб чиқилди.

Қарор лойиҳасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бир ой муддатда нодавлат умумтаълим хизматларини кўрсатиш фаолияти билан шуғулланаётган тадбиркорлик субъектларига Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасига қўшимча 4 фоиздан юқори бўлмаган тижорат банкларнинг маржасини инобатга олиб, ташкил этиладиган ва фаолият юритаётган нодавлат умумтаълим муассасаларини жиҳозлашга алоҳида кредит линиясини ишлаб чиқиш, уни жорий этиш учун барча ташкилий, ҳуқуқий ва техник чораларни амалга ошириш таклиф этилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ташкил этиладиган ва фаолият юритаётган нодавлат умумтаълим муассасаларини жиҳозлашга Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган тижорат банклардан олинадиган кредитлар фоиз ставкасининг 50 фоизига тенг миқдори қопланишини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан субсидиялар ажратиш режалаштирилмоқда.

Қарор лойиҳаси мазкур субсидияларни бериш тартибини ҳам белгилаб беради.

Халқ таълими вазирлиги мазкур қарор лойиҳасини янада такомиллаштириш учун барчани муҳокамаларда фаол иштирок этишини сўрайди. Қонун лойиҳасининг муҳокамаси 2019 йилнинг 7 сентябрига қадар давом этади.

Халқ таълими вазирлиги
Ахборот хизмати

Рўйхатдан ўтиш





Топ Рейтинг НИПС www.uz
100031, Ўзбекистон, Тошкент шаҳри, Яккасарой тумани, Миробод кўчаси, 14-уй.
Телефон: (+99871)215-52-81, факс: (+99895)479-99-08 e-mail: uzedu@exat.uz
Вазирлик иш кунлари: душанба-жума(9.00-18.00гача, 13.00-14.00гача тушлик),
дам олиш кунлари: шанба, якшанба ва байрам кунлари.
Матбуот хизмати рақами: (+99871)266-18-53

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Cайтнинг очиқлик сиёсати

Материалдан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, uzedu.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Вазирлик сайтининг олдинги варианти.

Ҳозир сайтда: 35

Хато кўрсангиз белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.