Болаларни мактабга қабул жараёнини янада такомиллаштириш, жумладан ихтиёрий пуллик тўловни бутунлай бекор қилиш бўйича таклифлар муҳокамага қўйилди

2019.07.20 | Янгиликлар

Хабарингиз бор, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 7 июндаги қарори билан “Болаларни давлат умумий ўрта таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти” тасдиқланган. Маъмурий регламент ижтимоий тармоқлар, оммавий ахборот воситалари, интернет тармоғи ҳамда жамоатчилик орасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.

Ушбу маъмурий регламентга мувофиқ, жорий йилнинг 21 июнидан бошлаб, Тошкент шаҳрининг 81 та умумий ўрта таълим мактабларининг 1-синфига болаларни давлат хизматлари маркази орқали қабул қилиш жараёнлари бошланди. Шу кунга қадар (20.07.2019 й) 3330 нафар бола бириктирилган микроҳудуд доирасида ушбу 81 та давлат умумтаълим мактабларига тегишли йўлланмалар асосида коррупциясиз қабул қилинди.

Таъкидлаш жоиз, айни вақтда болаларни мактабга қабул қилишнинг янгича, замонавий, шаффоф, аҳолига қулай бўлган, энг муҳими, коррупция ҳолатларини олдини олишга қаратилган тизим жорий этилмоқда. Унинг афзалликлари ҳақида Халқ таълими вазирлигининг расмий веб-сайтида, фейсбук саҳифаларида ҳамда бошқа оммавий ахборот воситалари орқали тарғибот ва тушунтиришлар бериб борилмоқда. Шу билан бирга, ижтимоий тармоқларда маъмурий регламентни ўзгартириш юзасидан кўплаб таклиф ва мулоҳазалар билдирилмоқда.

Мазкур таклифлар асосида Халқ таълими вазирлиги Адлия вазирлиги билан биргаликда маъмурий регламентга ўзгартириш киритиш тўғрисида қарор лойиҳасини тайёрлади. Ушбу лойиҳа кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилмоқда. Лойиҳага фаол муносабатингизни билдиришингизни сўраймиз.

Маъмурий регламентга қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.

Қўшимча квота қуйидагиларга ажратилиши белгиланмоқда:

1) микроҳудудда доимий прописка асосида яшаётган фуқароларнинг тегишли йилнинг 1 сентябрига қадар 6 ёшга тўладиган болаларига;

2) умумий ўрта таълим муассасасида фаолият юритувчи педагог ва ходимлар фарзандларига;

 3) акаси ёки опаси мазкур умумий ўрта таълим муассасасида таълим олаётган оилаларнинг мактаб ёшига етган фарзандларига;

4) умумий ўрта таълим муассасаларига бириктирилган микроҳудудда истиқомат қилаётган ҳарбий хизматчиларнинг фарзандларига.

Эслатиб ўтамиз, амалдаги маъмурий регламентда ота-оналарнинг ихтиёрий розилиги асосида энг кам иш ҳақининг 10 баравари миқдорида тўловни амалга оширганидан сўнг қуйидагилар учун қўшимча квота ажратилиши белгиланган:

 а) микроҳудуддан ташқарида истиқомат қилаётган мактаб ёшидаги болалар;

б) микроҳудуд ва микроҳудуддан ташқари мактаб ёшига етмаган, яъни тегишли йилнинг 1 январидан 31 августига қадар 7 ёшга тўлмайдиган болалар;

в) умумтаълим муассасаларида (микроҳудуд ва микроҳудуддан ташқари) таълим бериш тили бўйича бошланғич билим (мулоқот қилиш) кўникмасига эга бўлмаган болалар учун ариза берувчиларнинг ихтиёрий розилиги асосида йиғим ундирилади.

Бундан ташқари, кўрсатилаётган давлат хизматлари учун тўлов миқдори ҳамда қўшимча квота бўйича ота-оналарнинг ихтиёрий розилиги ҳамда Кузатув кенгаши томонидан белгиланадиган тўлов бекор қилинмоқда.

Қўшимча квота асосида ота-оналарнинг ихтиёрий розилиги билан пуллик тўлов орқали мактабга жойлаштириш тартиби бекор қилинмоқда. Яъни бу ўзгартиришлар кучга кирса, қўшимча бир маротабалик тўлов орқали микроҳудудидан ташқаридан ўқувчини жойлаштириш имконияти умуман йўқ бўлади.

Қўшимча квота юқорида таъкидланган тоифадаги шахслар учун белгиланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, қарор лойиҳаси бўйича жамоатчилик муҳокамаси жорий йилнинг 5 августга қадар давом этади.

Рўйхатдан ўтиш





Топ Рейтинг НИПС www.uz
100031, Ўзбекистон, Тошкент шаҳри, Яккасарой тумани, Миробод кўчаси, 14-уй.
Телефон: (+99871)215-52-81, факс: (+99895)479-99-08 e-mail: uzedu@exat.uz
Вазирлик иш кунлари: душанба-жума(9.00-18.00гача, 13.00-14.00гача тушлик),
дам олиш кунлари: шанба, якшанба ва байрам кунлари.
Матбуот хизмати рақами: (+99871)266-18-53

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Cайтнинг очиқлик сиёсати

Материалдан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, uzedu.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Вазирлик сайтининг олдинги варианти.

Ҳозир сайтда: 34

Хато кўрсангиз белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.