Президент мактабларига асосий қабул имтиҳонлари 21-24 июль кунлари бўлиб ўтади

2019.07.18 | Янгиликлар

21-24 июль кунлари Наманган, Нукус, Хива ва Тошкент шаҳарларида Президент мактабларига асосий қабул имтиҳонлари бўлиб ўтади.

“Cambridge Assessment International Education” (Буюк Британия) ташкилоти 29 июндан 2 июлга қадар Президент мактабларига саралаш имтиҳонларини ўтказган эди.

Саралаш имтиҳонларида иштирок этиш учун 28 452 нафар номзодлар рўйхатдан ўтди. Шундан 27 471 нафари имтиҳонда иштирок этишига рухсат берилди. 981 нафар ўқувчи ҳужжатдаги камчиликлари туфайли имтиҳон топширишга тавсия этилмади. Республиканинг 4 та ҳудудида, катта сиғимли иншоотларда ташкил этилган имтиҳонларда 27 119 нафар номзодлар қатнашди.

“Cambridge Assessment International Education” ташкилоти 16 июль куни саралаш босқичи натижаларини ўз веб-сайтида эълон қилди.

Тошкент шаҳри, Наманган ва Хоразм вилояти ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида талабгор ўқувчилар қуйидаги натижаларга эришишди (максимал балл - 96):

Саралаш имтиҳонлари натижаларига кўра бир хил балл тўплаш ҳолати юзага келганда, яъни бир нечта номзод бир хил умумий балл тўплаган вазиятда, афзаллик имтиҳонда “С” тоифасидаги саволларга кўпроқ балл йиққанларга, кейин эса “Б” тоифасидаги саволларга кўпроқ балл тўплаганларга берилди. Номзодлар барча тоифадаги саволлар бўйича бир хил умумий ва тенг балл тўплаган тақдирда, номзодларни туғилган санаси бўйича сараланади, бунда ёшроқ номзод афзал кўрилди.

Саралаш имтиҳони натижасига кўра, 11 520 нафар номзодлар 21-24 июль кунлари Наманган, Нукус, Хива ва Тошкент шаҳарларида ташкил этиладиган Президент мактабларининг асосий қабул имтиҳонларида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Номзодлар имтиҳоннинг асосий босқичида талабгорлар сони бир ўринга 20 нафардан ошмаган ҳолда иштирок этади.

Президент мактабларининг асосий қабул имтиҳонлари “Cambridge Assessment International Education” ташкилоти вакиллари томонидан ташкил этилади.

Имтиҳон жараёнларининг очиқлигини таъминлаш мақсадида саралаш босқичида бўлганидек, имтиҳон ўтадиган жойларда номзодларнинг ота-оналари ва яқинлари учун кузатув мониторларида онлайн трансляция олиб борилади.

Имтиҳонларнинг асосий босқичи ахборотни таҳлил қилиш ва солиштириш қобилиятини аниқлаш бўйича (16 та масала), мантиқ элементлари бўлган математика фанидан (24 та масала) ҳамда инглиз тили (55 та тест саволи) фанларидан иборат бўлади.

Ўқувчилар тўплаган балларнинг асосий қисми (80 фоизи)ни танқидий фикрлаш ва мантиқий билимни талаб этувчи топшириқларни бажариш орқали йиғишлари мумкин. Балларнинг фақат 20 фоизигина инглиз тили фанига тўғри келади. Шу боис номзодлар инглиз тилидан мукаммал тайёргарликка эга бўлмай, танқидий ва мантиқий фикрлаш қобилияти яхши ривожланган бўлса ҳам, уларнинг Президент мактабларига қабул қилиниш эҳтимоли юқорилигича қолади. Номзодлар истагига кўра ушбу йўналишдаги имтиҳон саволлари инглиз тилида эмас, давлат тилида берилиши мумкин.

Юқори синф ўқувчилари учун инглиз тилининг аҳамияти қарийб
40 фоиздан зиёд бўлиши кутилмоқда. Сабаби улар келгусида хорижлик ўқитувчилар ўтадиган STEAM-фанларни ўрганиш учун етарли салоҳиятга эга бўлишлари зарур. Ўқувчи хоҳишига кўра танқидий фикрлаш ва мантиқ бўйича имтиҳонларни инглиз тилида ҳам топширилиши мумкин.

Cambridge Assessment International Education қарорига кўра, номзодлар ва уларнинг ота-оналари имтиҳон натижалари юзасидан апелляцияга бериш ҳамда имтиҳон ишларини текшириш ҳуқуқига эга эмас.

Тенг натижалар юзага келган ҳолларда, яъни бир нечта номзод бир хил умумий балл тўплаган вазиятда ("Инглиз тилидан тест",  "Муаммони ечиш ва танқидий фикрлаш тести" билан биргаликда), қуйидаги тартибда ҳар бир фан бўйича энг юқори балл тўплаган номзод танлаб олинади:

1. "Муаммони ечиш" таркиби бўйича балл

2. "Танқидий фикрлаш" таркиби бўйича балл

3. "Инглиз тилида ўқиш" таркиби бўйича балл

4. "Инглиз тилида тинглаш" таркиби бўйича балл

5. Туғилган санаси бўйича (ёшроқ номзод танланади)

Агарда ҳануз ўхшашлик мавжуд бўлса, Cambridge Assessment уни бартараф қилиш учун мос усулни ишлаб чиқади.

Агарда ўқишга кирган талабгор Президент мактабида ўқишни рад этса ёки биринчи чорак давомида ўқишни тарк этса, рўйхатдаги энг юқори балл тўплаган, лекин ўқишга кира олмаган номзод бўшаган ўринга таклиф қилинади.

Эслатиб ўтамиз, асосий имтиҳонлар натижасига кўра, ҳар бир синфга
24 нафар ўқувчи қабул қилинади. Яъни ҳар бир мактабнинг 5-10-синфларига
144 нафардан ўқувчи ўқишга қабул қилинади.

Шу билан бирга, ҳозирги кунда Халқ таълими вазирлиги асосий имтиҳон натижаларига кўра Президент мактабига қабул қилинмаган бир гуруҳ ўқувчиларни бошқа ихтисослашган мактабларга имтиҳонсиз қабулни тавсия қилишни режалаштирмоқда. Бу эса, ёшларга билим олишлари учун қўшимча имкониятлар яратади.

Халқ таълими вазирлиги
Ахборот хизмати

 

Рўйхатдан ўтиш





Топ Рейтинг НИПС www.uz
100031, Ўзбекистон, Тошкент шаҳри, Яккасарой тумани, Миробод кўчаси, 14-уй.
Телефон: (+99871)215-52-81, факс: (+99895)479-99-08 e-mail: uzedu@exat.uz
Вазирлик иш кунлари: душанба-жума(9.00-18.00гача, 13.00-14.00гача тушлик),
дам олиш кунлари: шанба, якшанба ва байрам кунлари.
Матбуот хизмати рақами: (+99871)266-18-53

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Cайтнинг очиқлик сиёсати

Материалдан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, uzedu.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Вазирлик сайтининг олдинги варианти.

Ҳозир сайтда: 32

Хато кўрсангиз белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.