Ижод мактаблари фаолияти янада такомиллаштирилади

2019.07.08 | Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ижод мактаблари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига қўйилди.

Ҳозирги кунда ҳудудларда 6 та ижод мактаби фаолият юритмоқда. Жумладан, Наманган вилоятида Исҳоқхон Ибрат, Жиззах вилоятида Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Қорақалпоғистон Республикасида Ибройим Юсупов, Қашқадарё вилоятида Абдулла Орипов, Фарғона вилоятида Эркин Воҳидов, Андижон вилоятида Муҳаммад Юсуф номидаги она тили ва адабиёти ҳамда чет тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар фаолият кўрсатмоқда.

2019-2020 ўқув йилидан Хива шаҳрида Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳий, Гулистон шаҳрида Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактаблари фаолияти йўлга қўйилади.

Ижод мактабларининг 5-11-синфида 1092 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Шунингдек, 150 нафарга яқин олий маълумотли педагог, шу жумладан, 31 нафар ижодкор ўқитувчи фаолият юритмоқда.

Яқинда Андижон шаҳридаги Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактабига Президент совғаси - янги автобус тақдим этилди. Ўтган йили Ибройим Юсупов номидаги ижод мактабига ҳам автобус ажратилган эди.

Ижод мактабларида фан ва адабиёт тўгараклари мунтазам фаолият кўрсатмоқда. Кутубхоналар 10 мингга яқин бадиий адабиёт билан таъминланган.

Шу кунга қадар ижод мактаблари ўқувчиларининг 50 дан зиёд китоблари, адабий тўпламлари нашр қилинган. Ўқувчилар ижод намуналари газета-журналларда мунтазам чоп этилмоқда.

Абдулла Орипов номидаги ижод мактабининг 10-синф ўқувчиси Эъзоза Алишерова 2019 йилда Зулфия номидаги давлат мукофотига сазовор бўлган.

Шунингдек, ижод мактаблари ўқувчилари мамлакатимиз миқёсида ўтказилаётган йирик байрам тадбирлари, “Беш муҳим ташаббус” доирасида амалга оширилаётган лойиҳаларда фаол иштирок этмоқда.

Атоқли адиблар номи билан аталган ижод мактаблари фаолиятини янада такомиллаштириш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ўз истеъдодларини кенг намоён қилишлари учун зарур шарт-шароит яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳаси тайёрланди.

 Қарор лойиҳасида атоқли адиблар номи билан аталган ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатларга расман “Ижод мактаби” мақоми берилмоқда. Шунингдек, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб Ижод мактабларига ўқувчилар 7-синфдан ижодий танлов ва тест синовлари асосида қабул қилиниши, синфлардаги ўқувчилар сони 25-30 нафардан ошмаслиги белгиланмоқда.

Ижод мактабларининг 10-11-синфларида аъло баҳоларга таълим олаётган ўқувчилар орасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган саралаш имтиҳонлари натижасига кўра энг кўп балл тўплаган ўттиз фоиз ўқувчига давлат олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида она тили ва адабиёти (қорақалпоқ тили ва адабиёти) фанидан максимал балл бериш таклиф этилмоқда.

Ижод мактаблари директорларига мактабнинг ихтисослигидан келиб чиқиб, умумий ўрта таълимнинг таянч ўқув режасида белгиланган соатлар доирасида алоҳида ўқув режасини тасдиқлаш ҳамда Ёзувчилар уюшмаси аъзоларига ижодий қобилиятни ривожлантиришга йўналтирилган фанлардан дарс ўтиш ҳуқуқи берилади.

Ижод мактаблари педагогларини қўшимча рағбатлантириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, юқори тезликдаги интернет ҳамда электрон таълим миллий тармоғига, мактаб кутубхоналарини Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси базасига улаш чоралари белгиланмоқда.

 Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан ўқувчиларнинг ёш хусусиятларини инобатга олган ҳолда, жаҳон ҳамда миллий мусиқа, кино, ҳайкалтарошлик, тасвирий санъат ва бошқа ижодий йўналишлардаги энг нодир 100 та асар рўйхати шакллантирилиб, ҳар бир мактабга 10 нафардан таниқли шоир, ёзувчи ва адабиётшунослар бириктирилмоқда.

Шу билан бирга, ҳар ўқув йили якунида “Йилнинг энг яхши Ижод мактаби” танловини ўтказиш таклифи берилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Ўзбекистон Бадиий академияси, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси, Ўзбекистон театр арбоблари уюшмаси, Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси билан биргаликда режа асосида ижодий учрашувлар, маҳорат сабоқларини ўтказиб бориш режалаштирилмоқда.

 Ҳужжат лойиҳасининг муҳокамаси 23 июль кунига қадар давом этади.

Рўйхатдан ўтиш





Топ Рейтинг НИПС www.uz
100031, Ўзбекистон, Тошкент шаҳри, Яккасарой тумани, Миробод кўчаси, 14-уй.
Телефон: (+99871)215-52-81, факс: (+99895)479-99-08 e-mail: uzedu@exat.uz
Вазирлик иш кунлари: душанба-жума(9.00-18.00гача, 13.00-14.00гача тушлик),
дам олиш кунлари: шанба, якшанба ва байрам кунлари.
Матбуот хизмати рақами: (+99871)266-18-53

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Cайтнинг очиқлик сиёсати

Материалдан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, uzedu.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Вазирлик сайтининг олдинги варианти.

Ҳозир сайтда: 34

Хато кўрсангиз белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.