Тошкент шаҳрида халқ таълими муассасаларини ривожлантириш бўйича таклифлар муҳокамага қўйилди

2019.06.22 | Янгиликлар

Халқ таълими вазирлиги Ўзбекистон Республикаси “Тошкент шаҳар халқ таълими муассасаларини замон талаблари асосида ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор лойиҳасини муҳокамага қўйди.

Ҳужжатга кўра, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Халқ таълимини ривожлантириш жамғармасига Тошкент шаҳрида 12 та янги қурилган маҳаллалар учун мактаблар қуриш, 50 та мактабни реконструкция қилиш, 98 та мактабни мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш мақсадида давлат бюджетидан 2019 йил якунига қадар қўшимча 400 млрд. сўм ва 2020 йилда ҳам 400 млрд. сўм ажратиши режалаштирилмоқда.

Жумладан, ушбу 800 млрд. сўмнинг 520 млрд. сўмини республика бюджетининг қўшимча даромадлари ва Марказий банкнинг фойдаси ҳисобидан, 200 млрд. сўмини Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетининг прогноздан юқори тушумлари ва 80 млрд. сўмини Халқ таълими соҳасида ислоҳотларга кўмаклашиш жамғармасига бюджетдан 2018 йилда ажратилиши белгиланган маблағ ҳисобидан ажратилади.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб, Тошкент шаҳридаги ўқувчилар сони қувватига нисбатан кам бўлган умумий ўрта таълим мактабларини ўқувчилар сони қувватига нисбатан ортиқ мактабларга тармоқ мактаб сифатида бириктириш таклиф этилмоқда.

Тошкент шаҳридаги фаолияти тугатилаётган академик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг бино ва иншоотлари, тегишли ҳудудидаги ер майдонлари, балансида мавжуд барча моддий қийматга эга жиҳоз ва ускуналари билан биргаликда оператив бошқариш ҳуқуқи билан халқ таълими тизими тасарруфига берилиши кўзда тутилмоқда.

Қарор лойиҳасига кўра, Тошкент шаҳридаги бешта академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари объектлари ва уларнинг балансида мавжуд барча моддий қийматга эга жиҳоз ва ускуналари билан биргаликда Тошкент шаҳар халқ таълими тизими балансига беғараз ўтказилишини режалаштирилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда халқ таълими тизимига ўтказилган объектларни Тошкент шаҳридаги ўқувчиси икки ва ундан юқори навбатлиликда таълим олаётган умумий ўрта таълим мактабларига бириктириш, зарур ҳолларда мазкур объектларда янги умумий ўрта таълим муассасаларини ташкил этиш чораларини кўради.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Тошкент шаҳридаги аввал умумий ўрта таълим мактаби сифатида фаолият кўрсатган биноларни аниқлаб, уларни 2020 йил 1 сентябрга қадар босқичма-босқич равишда бўшатиш ҳамда ўрнатилган тартибда Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси тасарруфига беғараз ўтказиш чораларини кўриш кўзда тутилмоқда.

Ҳужжатга кўра, мактаб ўқитувчиларни малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш учун тренинглар, курслар, семинар, маҳорат дарслари ташкил этилиши режалаштирилмоқда. Жумладан, Тошкент шаҳридаги умумий ўрта таълим муассасаларида фаолият кўрсатаётган 600 дан ортиқ ўрта махсус маълумотли ўқитувчилар учун истисно тариқасида Тошкент давлат педагогика университетининг сиртқи бўлимида алоҳида мақсадли қабул квоталарини ажратган ҳолда ўқитилиши ташкил этилади.

2019-2020 ўқув йилидан бошлаб Тошкент шаҳридаги умумий ўрта таълим мактабларида фаолият юритаётган тажрибали ва маҳоратли ўқитувчиларни таълим сифатини оширишга қўшган шахсий хиссалари учун маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қўшимча рағбатлантириш тизимини жорий этиш кўзда тутилмоқда.

Қарор лойиҳасига кўра, Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги республика ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабларини Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ҳузуридаги Таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларни амалга ошириш миллий марказининг халқаро тадқиқот дастурлари (PIRLS, TIMSS, PISA, TALIS) доирасидаги тажриба-таянч мактаблари (кейинги ўринларда тажриба-таянч мактаблари деб юритилади) этиб белгилаш режалаштирилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан ҳамкорликда давлат-хусусий шериклик ва хусусий шаклда нодавлат таълим муассасалари тармоғини янада кенгайтириш чораларини кўриши, бунда 2020 йилдан бошлаб 4 йил муддатга тажриба-тариқасида таъмирталаб мактабларни хусусий сектор вакилларига бошқарувга бериш амалиётини жорий этиш таклиф этилмоқда.

2020-2025 йилларда Тошкент шаҳрида жаҳон стандартлари асосида умумий ўрта таълим берувчи халқаро мактабларни ташкил этиш кўзда тутилмоқда. Тошкент шаҳар ҳокимлиги 2020 йил 1 январга қадар халқаро мактабларни ташкил этиш учун Тошкент шаҳрида 10 гектар ер майдони ажратилишини таъминлаши лозим бўлади.

Ўзбекистонда ташкил этиладиган халқаро мактабларга уни ташкил этувчи давлатларнинг ўқув дастурлари асосида Республикамиздаги миллий қадриятларга боғлиқ фанлар (давлат тили, тарих, маданият ва бошқалар) билан биргаликда  таълим берилишига рухсат берилади.

2020 йилдан бошлаб халқаро мактабларнинг ўқув режа ва дастурлари Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан экспертизадан ўтказилади ва тасдиқланади.

Бешта муҳим ташаббус доирасида 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб, Тошкент шаҳридаги барча театрларда ҳар ойда бир кунни мактаб ўқитувчилари учун бепул спектакллар намойиши, шунингдек, таниқли актёр ва санъаткорлар билан учрашувларини ташкил этилади. Уларга мактаб ўқитувчиларининг жадвал асосида ташриф буюришлари жорий этилади.

Болалар мусиқа ва санъат мактабларида қамровни ошириш ва ўқувчиларда мусиқа маданиятини янада ривожлантириш учун маскан ижодий жамоалари томонидан умумтаълим мактабларида йил давомида мунтазам равишда концерт дастурлари намойиш этиб борилади.

Ёзувчилар уюшмасига аъзо шоир ва ёзувчилар иштирокида мунтазам равишда Тошкент шаҳар мактабларига ташриф буюрган ҳолда очиқ дарслар, ижодий учрашувлар ва китобхонлик кечалари ўтказилиши йўлга қўйилади.

Ўқувчи-ёшларнинг турли таҳдидларга иммунитетини шакллантириш, уларда она ватанга муҳаббатни ошириш ва баркамол авлод шахс сифатида  шакллантириш мақсадида улар ўртасида турли кўрик-танлов, фестивал ва спорт мусобақаларини мунтазам равишда ташкил этиш кўзда тутилмоқда.

Умумтаълим мактабларида жадвал асосида таниқли спортчилар, турли спорт мусобақалари ғолиблари билан учрашувлар, мастер-класс намойишларини ўтказиш режалаштирилган.

Тошкент шаҳридаги барча умумий ўрта таълим муассасалари юқори тезликдаги интернет алоқаси билан имтиёзли асосда таъминланади ва ҳар бир мактабда компьютер клублари ташкил этилади.

Рўйхатдан ўтиш





Топ Рейтинг НИПС www.uz
100031, Ўзбекистон, Тошкент шаҳри, Яккасарой тумани, Миробод кўчаси, 14-уй.
Телефон: (+99871)215-52-81, факс: (+99895)479-99-08 e-mail: uzedu@exat.uz
Вазирлик иш кунлари: душанба-жума(9.00-18.00гача, 13.00-14.00гача тушлик),
дам олиш кунлари: шанба, якшанба ва байрам кунлари.
Матбуот хизмати рақами: (+99871)266-18-53

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Cайтнинг очиқлик сиёсати

Материалдан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, uzedu.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Вазирлик сайтининг олдинги варианти.

Ҳозир сайтда: 33

Хато кўрсангиз белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.