Мулоҳаза: Ўқувчи ўзи таҳсил оладиган тилда мулоқот қила билиши лозим

2019.06.06 | Янгиликлар

Давлат тилида таҳсил олмайдиган ўқувчи мактабнинг 1-синфига тайёрланиши, ўзлари таҳсил оладиган тилда мулоқот қила олиши, ўз фикрини тушунтира билиши лозим, деб таъкидлайди Тошкент шаҳри, Учтепа туманидаги 107-сонли мактаб директори Нигора Салимова.

Директор Нигора Салимова ўзи бошқараётган таълим муассасаси мисолида ўқувчилар таҳсил олаётган тилларини билишлари муҳимлиги ҳақида ўз мулоҳазалари билан ўртоқлашди:

- Мактабимиз Учтепа туманидаги 26-мавзеда жойлашган. Ўқув масканимиз 1500 нафар ўқувчига мўлжалланган, амалда 2864 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Мактабда таълим рус тилида олиб борилади. Сўнгги йиллар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, аксарият ота-оналар фарзандларини рус тилида бошланғич кўникмага эга бўлмаса-да, рус синфларига беришга интилмоқда. Айрим вақтларда ота-оналар билан суҳбатда фарзандларини мактабга жойлаштиришдан аввал ўтказилган суҳбатда рус синфида таълим олишдаги қийинчиликлар айтиб ўтилади. Шунингдек, бола рус тилида мулоқот қилолмаса, мактабгача таълим муассасаларида рус тилидаги тайёрлов гуруҳларига қатнамаган бўлса, бошланғич синфда фанларни ўзлаштиришида қийинчиликлар юзага келиши ҳақида тушунча берилади. 

Афсуски, айрим ҳолларда ота-оналар бунга етарли эътибор бермайди. Натижада фарзандлари бошланғич синфда фанларни ўзлаштиришда, мактабга мослашишда қийналади. Охир-оқибат 2-синфга ўтганида таълим ўзбек тилида олиб бориладиган мактабларга олиб кетилади.

Бунинг энг ёмон томони шундаки, боланинг мактабда таълим олиши бир йилга кечикади. Таълим ўзбек тилида олиб бориладиган мактабда яна лотин алифбосини бошидан, яъни ҳарф ўрганишдан бошлашига тўғри келади.

Бундан ташқари, кўпгина ота-оналар оилада рус тилида мулоқот қилмаслиги боланинг рус тилини мукаммал ўрганишига ва дарсларни ўзлаштиришига таъсир қилади. Оддий қилиб айтганда, уйга берилган вазифани ота-она билан бирга тайёрлашда ҳам қийинчиликлар юзага келади.

Натижада кундан-кунга боланинг мактабга, ўқишга бўлган қизиқиши пасайиб боради. Бу кўпинча боланинг руҳий ҳолатига таъсир кўрсатади. Дарсда индамай ўтириб, ҳеч нарсани тушунмасдан келиб-кетавериши охир-оқибат боланинг руҳиятига таъсир кўрсатади.

Мутахассис сифатида шуни айтишим мумкинки, фарзандларини таълим рус тилидаги мактабларга беришда албатта бошланғич кўникмаларга, оилада рус тилида мулоқот қила билиши, мактабгача таълим муассасаларининг рус гуруҳларида тайёрловдан ўтган бўлишлари мақсадга мувофиқ.

Ота-оналар фарзандларининг муваффақиятли ва соғлом бўлиб ўсиши учун уларни мактабга жойлашда юқорида айтиб ўтилган мулоҳазаларимни ҳисобга олишади, деб умид қиламан.

Рўйхатдан ўтиш





Топ Рейтинг НИПС www.uz
100031, Ўзбекистон, Тошкент шаҳри, Яккасарой тумани, Миробод кўчаси, 14-уй.
Телефон: (+99871)215-52-81, факс: (+99895)479-99-08 e-mail: uzedu@exat.uz
Вазирлик иш кунлари: душанба-жума(9.00-18.00гача, 13.00-14.00гача тушлик),
дам олиш кунлари: шанба, якшанба ва байрам кунлари.
Матбуот хизмати рақами: (+99871)266-18-53

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Cайтнинг очиқлик сиёсати

Материалдан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, uzedu.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Вазирлик сайтининг олдинги варианти.

Ҳозир сайтда: 32

Хато кўрсангиз белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.