“Замонавий мактаб” Давлат дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги Президент қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди

2019.05.18 | Янгиликлар

Халқ таълими вазирлиги “Замонавий мактаб” Давлат дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳасини кенг омма муҳокамасига қўйди.

Ҳужжатда “Замонавий мактаб” Давлат дастурини амалга оширишнинг асосий вазифа ва мақсадлари қуйидагича белгиланиши режалаштирилмоқда:

  • 2020 йилдан бошлаб мактабларни замонавий лойиҳалар асосида қуриш, уларни замонавий ўқув жиҳозлари ва анжомлари билан таъминлашнинг норматив-ҳуқуқий асослари ва техник талабларини такомиллаштириш;
  • қишлоқ ва шаҳар мактабларининг моддий базаси ҳамда таъминланиш даражасидаги тафовутларни босқичма-бочқич камайтириш ва унинг асосида ўқувчиларнинг таълим олишлари учун тенг шарт-шароитлар яратиш;
  • умумий ўрта таълим мактабларининг энг юқори замонавий талабларга мос келадиган ўқув-моддий базаси билан таъминлаш стандартларини шакллантириш;
  • мактаб таълимининг янги стандартларига, таълим жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини фаол қўллаш имкониятини яратиш.

Қарор лойиҳаси билан:

2020-2022 йилларда амалга оширилиши мўлжалланган “Замонавий мактаб” давлат дастури;

умумтаълим муассасаларини янгидан қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш бўйича 2020-2022 йилларга мўлжалланган манзилли дастури;

2020-2022 йилларда халқ таълими муассасаларининг мебель, ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари ва ўқитишнинг техник воситалари билан таъминлаш дастурининг асосий параметрлари ҳамда қўлбола печлари билан иситиладиган умумтаълим муассасаларини замонавий иситиш тизими билан таъминлаш дастурининг асосий параметрларини тасдиқлаш кўзда тутилган.

Қарор лойиҳасига кўра, 2019 йил 1 декабрга қадар халқаро тажрибалар ва мамлакатнинг табиий-иқлим шароитларига асосланиб, экологик тоза материаллар ва энергиянинг муқобил манбаларидан фойдаланиб, илғор технологиялар ва муҳандислик ечимларини қўллаган ҳолда замонавий умумтаълим муассасаларини янгидан қуриш ва реконструкция қилишнинг намунавий лойиҳалари тасдиқланади.

2020 йилдан бошлаб давлат умумтаълим муассасаларини янгидан қуриш, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш ишлари тасдиқланган “Замонавий мактаб” намунавий лойиҳаси ва жиҳозлаш меъёрлари талаблари асосида амалга оширилиши белгиланган.

Шу билан бирга, 2020 йил 1 январга қадар таълимга ахборот-коммуникация технологияларининг кенг жорий этилишини инобатга олган ҳолда умумтаълим муассасаларини зарур мебеллар, замонавий ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари, компьютер ва мультимедиа воситалари билан жиҳозлаш ва видеокузатув тизимларини жорий этиш бўйича янги таҳрирдаги жиҳозлаш меъёрлари тасдиқланиши белгиланган.

“Замонавий мактаб” мақомига эга бўлган мактабларни рағбатлантириш чоралари сифатида – мактаб раҳбарияти, туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари ва вилоят бошқарув органлари ҳамда маҳаллий бошқарув органларининг таълим сифати юқори “Замонавий мактаб” мақомига эга бўлган мактаблар сонини оширишга интилишларини кучайтириш механизмини жорий этиш кўзда тутилмоқда. Бу мақсадга эришиш учун Халқ таълими вазирлиги 2020 йил 1 февралга қадар умумтаълим муассасалари фаолиятини “Замонавий мактаб” даражасига мувофиқлик сертификатини бериш учун баҳолаш мезонларини ва “Замонавий мактаб” даражасини бериш тартибини белгиловчи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарор лойиҳасини ишлаб чиқади.

Давлат дастурлари доирасида умумтаълим объектларида қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга оширишда ёшлар таълим-тарбияси учун қўшимча шароитлар яратишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ўз ичига олган бешта ташаббусни амалиётга татбиқ этиш учун қўшимча хоналар (фаоллар зали, спорт зали, кутубхона, компьютер, технология хоналари ва ўқув-ишлаб чиқариш мажмуалари) қурилиши ёки мавжудлари таъмирланиши ва тўлиқ жиҳозланиши инобатга олинади.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари умумий ўрта таълим мактабларида фаоллар зали, ошхона (буфет), кутубхона, ўқув-ишлаб чиқариш мажмуалари ва спорт майдончаларини қуриш, мавжудларини замонавий кўринишга келтириш ва тўлиқ жиҳозлаш бўйича 2020-2022 йилларга мўлжалланган ҳудудий манзилли дастурларини қабул қилишлари режалаштирилган.

Қарор лойиҳасига кўра, 2020-2022 йиллар давомида қуввати 1,7 млн. ўқувчига мўлжалланган 173 янги мактаб қурилиши, 1350 реконструкция ва 1312 капитал таъмирланиши режалаштирилган.

Шу билан бирга республикадаги қўлбола (буржуй) печларидан фойдаланиб келинаётган 1726 та мактабларга 2020-2022 йилларда замонавий иситиш тизимлари билан таъминланиши кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясига кўра, 2030 йилга қадар 50% мактаблар «Замонавий мактаб» даражасига келтирилади.

Халқ таълими вазирлиги
Ахборот хизмати

Рўйхатдан ўтиш





Топ Рейтинг НИПС www.uz
100031, Ўзбекистон, Тошкент шаҳри, Яккасарой тумани, Миробод кўчаси, 14-уй.
Телефон: (+99871)215-52-81, факс: (+99895)479-99-08 e-mail: uzedu@exat.uz
Вазирлик иш кунлари: душанба-жума(9.00-18.00гача, 13.00-14.00гача тушлик),
дам олиш кунлари: шанба, якшанба ва байрам кунлари.
Матбуот хизмати рақами: (+99871)266-18-53

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Cайтнинг очиқлик сиёсати

Материалдан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, uzedu.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Вазирлик сайтининг олдинги варианти.

Ҳозир сайтда: 31

Хато кўрсангиз белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.