Болаларни мактаб таълимига сифатли тайёрлашда мактабгача таълим муассасаларининг ўрни ва янгича ёндашув

 

Мустақиллик йилларида республикада миллий таълим ва тарбия тизими давлат сиёсатининг асосий устувор йўналиши даражасига кўтарилди. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг бевосита раҳбарлигида ишлаб чиқилган ва жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилган Кадрлар тайёрлаш миллий дастурининг муваффақиятли жорий этилиши натижасида мамлакатда ноёб узлуксиз таълим тизими барпо этилди.

Мактабгача таълим соҳаси мазкур тизимнинг илк бўғини ҳисобланади ва бутун таълим-тарбия тизимининг асосий мақсади бўлган – баркамол авлодни тарбиялашга эришишда муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистонда амалиётга татбиқ этилган узлуксиз таълим тизимида мактабгача таълим боланинг соғлом, ҳар томонлама камол топиб шаклланадиган, унинг ўқишга интилишини ва билим олишга бўлган дастлабки қизиқишини уйғотадиган муҳим босқичга айлантирилди.  

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 29 декабрдаги “2017-2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг қабул қилинганлиги болаларнинг ҳар томонлама интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний ривожланиши учун зарур шарт-шароитлар яратиб беради.

Ушбу Дастур 2017-2021 йилларга мўлжалланган кенг кўламли комплекс тадбирларни амалга оширишни кўзда тутади. Унда болаларни мактабга тайёрлаш даражасини тубдан яхшилаш, таълим-тарбия жараёнига замонавий таълим дастурларини тадбиқ этиш, болаларни ҳар томонлама интеллектуал, аҳлоқий, эстетик ва жисмоний ривожлантириш учун шарт-шароитларини яратиш белгиланган. Жумладан, мактабгача таълим сифатини ошириш, болаларни мактабга сифатли тайёрлашни тубдан яхшилаш чора-тадбирларига алоҳида урғу берилади.

Дастурда мактабгача таълим муассасаларида 5-6 ёшли болаларни мактаб таълимига тайёрлаш бўича анъанавий мактабга тайёрлаш шакллари билан бир қаторда унинг муқобил шаклларини яратиш ва ривожлантириш ҳам кўзда тутилган. Жумладан, юртимиз бўйича мактабагча таълим муассасаларида 6100 та  қисқа муддатли гуруҳлар ташкил этилиши режалаштирилган. Мактабгача таълим муассасидаги қисқа муддатли гуруҳларни ташкил этиш болаларни мактаб таълимига тайёрлашнинг самарали шакли бўлиб қолади.

Кейинги йилларда мактабгача таълим муассасаларининг фаолият самарадорлигини ошириш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлашга йўналтирилган қатор тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Биргина 2015-2016 йиллар давомида 459 та мактабгача таълим муассасаси мукаммал таъмирланди ва замонавий талабларга мос равишда жиҳозланди.

Шу билан бирга, бугунги кунда мактабгача таълим муассасаларининг таълим дастурлари ва ўқув-тарбиявий режаларига қўйилган давлат талабларини такомиллаштириш долзарб масалалигича қолмоқда. Аксарият мактабгача таълим муассасаларининг моддий-техника базаси замон талабларига жавоб бермайди. Болаларни мактабгача таълимга қамраб олиш кўрсаткичи ҳамон пастлигича қолмоқда.

Мавжуд муаммоларни амалий бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2017-2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Дастур асосида қуйидаги кенг кўламли комплекс тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган:

Янги қурилаётган мактабгача таълим муассасаларида аввалгиларидан фарқли равишда янги лойиҳа асосида қурилиши режалаштирилган. Хусусан, болаларнинг янги шаклдаги ва қулай шароитга эга ёзги айвончаларини,  сузиш бассейнларини қуриш инобатга олинган. Бундай қулайликлар кичкинтойнинг жисмоний ва маънан соғлом, баркамол авлод бўлиб ўсишида катта аҳамият касб этади.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, мактабгача таълим муассасаларининг аксарияти қишлоқларда жойлашган. Аҳоли гавжум жойларда 120 ўринли мактабгача таълим муассасалари  қурилади. Дастур асосида иккита типдаги мактабгача таълим муассасаларини қуриш мўлжалланган: 120 нафар тарбияланувчи учун 70 ўринли, 170 нафар тарбияланувчи учун 120 ўринли муассаса.

Қарор билан белгиланган комплекс тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида қуйидагиларга эришилади:

Дастурнинг самарали амалга оширилиши унда кўзда тутилган кўрсаткичлар ижросининг боришини тизимли мониторинг қилиб бориш орқали Халқ таълими вазирлигининг доимий назоратида бўлади.

Қарорнинг амалга оширилиши давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишларидан бири сифатида республикамизнинг узлуксиз таълим тизимини янада ислоҳ қилиш борасидаги ривожланиш йўлининг узвий ва босқичма-босқичлигини таъминлайди.

 

Қисқа сатрларда:

 

Халқ таълими вазирлиги Ахборот хизмати

17.01.2017 19:23:00