Ўзбекистон Республикаси Президентининг

Қарори

Болалар мусиқа ва санъат мактаблари фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича 2016 — 2020 йилларга мўлжалланган Давлат дастури тўғрисида

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2015 й., 47-сон, 594-модда)

Қайд этиб ўтилсинки, Болалар мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада яхшилаш бўйича 2009 — 2014 йилларга мўлжалланган Давлат дастурининг амалга оширилиши натижасида республика минтақаларида замонавий ўқув ускуналари ва мусиқа асбоблари билан жиҳозланган 278 та болалар мусиқа ва санъат мактаблари ишга туширилди. Натижада 2008 йилга нисбатан болалар мусиқа ва санъат мактабларининг қуввати 1,2 баробарга, ўқитувчилар таркиби — 1,3 баробарга, ўқувчилар сони 1,5 баробарга ортди. Мазкур давр мобайнида республиканинг ёш истеъдодли мусиқачилари ва ижрочилари томонидан ижро маҳорати бўйича нуфузли халқаро танловларда 441 совринли ўринлар қўлга киритилди.

Болалар мусиқа ва санъат мактабларини қуриш ва ҳудудий жиҳатдан мақбул жойлаштириш бўйича бошланган ишларни мантиқий давом эттириш, ўсиб келаётган ёш авлоднинг умумий ўрта таълими ва уларни ҳар томонлама маънавий-ахлоқий тарбиялашнинг бир-бирига боғланган яхлит тизимини шакллантириш, болаларнинг ижодий салоҳиятини янада кенг очиб бериш, мусиқа ва санъатнинг бошқа турларини чуқурроқ тушуниши ҳамда уларга нисбатан меҳр-муҳаббат уйғотиш, мусиқа ва тасвирий санъат соҳаларида жаҳон буюк меросини ўрганиб билишлари учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида:

1 Қуйидагиларни ўз ичига олган Болалар мусиқа ва санъат мактаблари фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича 2016 — 2020 йилларга мўлжалланган Давлат дастури:

2016 — 2020 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида болалар мусиқа ва санъат мактабларини янгитдан қуриш, мукаммал реконструкция қилиш ва жиҳозлашнинг асосий параметрлари 1-иловага* мувофиқ;

2016 — 2020 йилларда болалар мусиқа ва санъат мактаблари фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар комплекси 2-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.

2. Болалар мусиқа ва санъат мактаблари фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича 2016 — 2020 йилларга мўлжалланган Давлат дастурининг асосий вазифалари ва йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:

болалар мусиқа ва санъат мактаблари фаолиятини янги сифатли мазмун билан бойитиш, уларни болаларнинг умумий ўрта таълими ва маънавий-ахлоқий тарбияси бутун тизимининг ажралмас таркибий қисми сифатида шакллантириш, маълум бир асбобни чалиш техникасини эгаллаш билан бир қаторда, жаҳон мумтоз мусиқасини, дунёга танилган буюк бастакорлар ва рассомларнинг ижодини чуқур ўрганиш, ўқувчиларнинг мусиқий ва умумий маданиятини ошириш, болаларда бутун умри давомида ҳамроҳ бўладиган мусиқа ҳамда санъатнинг бошқа турларига қизиқишни кучайтириш ва муҳаббатни ҳар томонлама сингдириш;

болалар мусиқа ва санъат мактабларини намунавий лойиҳалар бўйича янгитдан қуриш ва мукаммал реконструкция қилиш орқали уларнинг тармоғини янада ривожлантириш, умум таълим мактаблари жойлашувини ҳисобга олган ҳолда аҳоли зич яшайдиган массив ва қишлоқларда оқилона ва қулай жойлаштирилишини назарда тутган ҳолда республиканинг барча минтақаларида, шу жумладан қишлоқ жойларда уларни мақбул ҳудудий жойлаштириш ва бунинг асосида мусиқа ҳамда санъатнинг бошқа турлари билан шуғулланишни истаётган болаларни янада тўлиқ қамраб олишни таъминлаш;

болалар мусиқа ва санъат мактабларида бутун ўқув-тарбия жараёнини тубдан яхшилаш, илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда янги ўқув дастурлари ва ўқитиш методикаларини ишлаб чиқиш ҳамда жорий этиш, мукаммал ўқув-педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш;

болалар мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш ҳамда фойдаланиш самарадорлигини ошириш, уларни янги авлод замонавий ўқув ускуналари ва анжомлари, шу жумладан мультимедия шаклидаги ўқув адабиёти ва методик қўлланмалар, маҳаллий ва хорижий композиторлар ижодига доир нота тўпламлари ва клавирлар, шунингдек сифатли кўргазмали материаллар билан таъминлаш;

Ўзбекистон Давлат консерваторияси, Глиэр номидаги республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейи ҳамда минтақалардаги мусиқа ва санъат касб-ҳунар коллежлари имкониятларидан кенг фойдаланган ҳолда болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўқитувчилари, концертмейстерлари ва созловчиларини тайёрлаш ва малакасини узлуксиз ошириш тизимини такомиллаштириш.

3. Болалар мусиқа ва санъат мактаблари фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича 2016 — 2020 йилларга мўлжалланган Давлат дастури бажарилишини мувофиқлаштирувчи Республика комиссияси 3-иловага* мувофиқ таркибда тузилсин.

Республика комиссияси (Ш. Мирзиёев) 2016 — 2020 йиллар мобайнида болалар мусиқа ва санъат мактаблари фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича Давлат дастурида назарда тутилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши юзасидан масъул бўлган вазирликлар, идоралар, маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органлари, ихтисослаштирилган олий ва ўрта касб-ҳунар таълим муассасалари фаолиятини тизимли асосда мувофиқлаштиришни, шунингдек қабул қилинган тадбирларнинг тўлиқ ва сифатли бажарилиши ҳамда мақсадли параметрларга эришилиши устидан мониторинг ва назоратни амалга оширсин.

Республика комиссиясига Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари тақдимномаси бўйича болалар мусиқа ва санъат мактабларини янгитдан қуриш ва мукаммал реконструкция қилишнинг ҳар йили тасдиқланадиган манзилли рўйхатига тасдиқланган асосий параметрлар доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.

4. Болалар мусиқа ва санъат мактабларини қуриш, мукаммал реконструкция қилиш ва жиҳозлашни молиялаштириш манбалари қуйидагилардан иборат:

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағлари;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармаси маблағлари;

имтиёзли хорижий кредитлар ва грантлар, юридик ва жисмоний шахсларнинг хайрия қўйилмалари, шунингдек, қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

5. Белгилансинки:

минтақаларда янги болалар мусиқа ва санъат мактабларини қуриш фақат уларни ҳудудий жойлаштиришнинг ишлаб чиқилган схемаларига мувофиқ, тасдиқланган намунавий лойиҳалар бўйича амалга оширилади;

болалар мусиқа ва санъат мактабларини қуриш ва мукаммал реконструкция қилишни ташкиллаштириш бўйича буюртмачи вазифаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси зиммасига юклатилади;

болалар мусиқа ва санъат мактабларини жиҳозлаш бўйича буюртмачи вазифаси Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги зиммасига юклатилади;

болалар мусиқа ва санъат мактабларини янгитдан қуриш учун шаҳарлар ва туманларда ер участкаларини танлаш умумтаълим мактаблари яқин бўлган аҳоли зич яшайдиган массив ва қишлоқларда оқилона ва қулай жойлаштирилишини назарда тутган ҳолда амалга оширилади;

янги қурилган ва мукаммал реконструкция қилинган болалар мусиқа ва санъат мактаблари объектларини фойдаланиш учун қабул қилиш 4-иловага* мувофиқ таркибдаги Давлат комиссияси томонидан амалга оширилади.

* 1 — 4-иловалар рус тилидаги матнда берилган.

6. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси болалар мусиқа ва санъат мактабларининг янги қурилиши ва мукаммал реконструкция қилинишини тасдиқланган намунавий лойиҳалар ва лойиҳа ечимларига қатъий мувофиқ ҳолда амалга ошириш талабларининг сўзсиз бажарилиши, шунингдек бажарилаётган қурилиш-монтаж ишлари сифати, қурилиш меъёрлари ва қоидаларига риоя қилиниши устидан архитектура- қурилиш назоратини ўрнатсин.

7. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси бир ой муддатда 2016 йил учун болалар мусиқа ва санъат мактабларини янгитдан қуриш ва мукаммал реконструкция қилиш объектлари бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш, Қурилиш-пудрат ташкилотлари рўйхатига кирган ташкилотларни жалб қилган ҳолда пудратчиларни саралаб олиш бўйича танлов тендер савдоларини ўтказиш, танлов савдолари ғолиблари билан пудрат шартномалари тузишни таъминласин.

8. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳар йили Инвестиция дастури лойиҳаси ва қурилишнинг манзилли рўйхатини шакллантиришда Давлат дастурида назарда тутилган 2016 — 2020 йилларда болалар мусиқа ва санъат мактабларини янгитдан қуриш ва мукаммал реконструкция қилишнинг асосий параметрларини ҳисобга олсин.

9. Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича Болалар мусиқа ва санъат мактаблари фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича 2016 — 2020 йилларга мўлжалланган Давлат дастури доирасида болалар мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун олиб кириладиган мусиқа асбоблари ва махсус ускуналар 2021 йилнинг 1 январигача божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этилсин.

10. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. Мирзиёев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ

Тошкент ш.,

2015 йил 20 ноябрь,

ПҚ-2435-сон

01.12.2015 00:00:00