Халқ таълими вазирлигида 2015 йил 11 май куни Халқ таълими вазири У.Иноятов раислигида ва Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб Палатаси, Бош прокуратураси, Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси, Молия вазирлиги вакиллари иштирокида “Халқ таълими соҳасига давлат бюджети ва мақсадли жамғармалар ҳисобидан ажратилган маблағлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш ҳамда тизимда коррупцион жиноятчиликка қарши курашиш чоралари” мавзусига бағишланган давра суҳбати (видео селектор тарзида) ўтказилди.


Давра суҳбатида таълим соҳасига давлат бюджети ва мақсадли жамғармалар томонидан ажратилаётган маблағлардан фойдаланишда йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар, жумладан, маблағларни сарфлашда ҳисобчилар томонидан йўл қўйилаётган жиддий молиявий хатоликлар, пул маблағлари ва моддий бойликларнинг камомади ва ўзлаштиришлар, мансабдор шахсларнинг ўз манфаатлари йўлида иш тутиб, ажратилган маблағларни талон-торож қилишда ифодаланган жиноятлар ошиб бораётганлиги ҳолатлари атрофлича муҳокама қилинди.


Муҳокамада сўзга чиққанлар давлатимизнинг келажаги ёшларнинг таълим-тарбияси билан узвий боғлиқлиги, шу муносабат билан Ҳукуматимиз томонидан таълим соҳасига ажратилаётган маблағларни белгиланган мақсадлар бўйича сарфланишини қатъий назоратга олиш зарурлиги, бунинг учун эса таълим муассасаларини виждонли, етарли билим ва кўникмага ҳамда тажрибага эга бўлган кадрлар билан бутлаш, таълим муассасаларини бошқаришда қонун ҳужжатларига сўзсиз амал қилинишини таъминлаш лозимлиги ҳақида тўхталиб ўтишди.
Давра суҳбатида билдирилган фикрларнинг муҳокамалари натижасида:


“Таълим тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ҳамда таълим муассасаларининг фаолиятини тартибга солувчи бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг барча талабларини сўзсиз бажариш;


Халқ таълими вазирлигининг коррупцияга қарши курашиш бўйича буйруқлари билан берилган топшириқларнинг ижросини таъминлаш борасида барча зарурий чораларни кўриш;


ҳисобчиларни таълим муассасаларига ишга қабул қилишда профилактик суҳбатлар ўтказиш, уларни аввалги иш фаолиятини тўлиқ ўрганиш орқали маълум тажриба ва малакага эга бўлган, билимли кадрларни ишга қабул қилиш;


бюджет маблғларини талон-тарож қилган ҳар бир ходимга жиноятнинг катта кичиклигидан қатъий назар жазо муқарралиги ҳақида мунтазам тушунтириш ишларини ўтказиш;


жойлардаги халқ таълими, молия ва ғазначилик органлари мутахассислари томонидан таълим муассасалари ҳисобчилари учун ўқув-семинарлар ташкил этиб бориш;


Молия вазирлиги ҳузуридаги ўқув марказида ташкил этилаётган малака ошириш курсларида таълим муассасалари ҳисобчиларининг тўлиқ иштирокини таъминлаш ва улар устидан доимий мониторинг олиб бориш;


Халқ таълими тизимида 1-006 рақамли ишонч телефонларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш;


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 26 февралдаги ПФ-3857-сонли “Халқ таълими муассасаларини молиялаштириш механизмини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони талабларини сўзсиз бажариш;


Туман (шаҳар) халқ депутатлари Кенгашлари томонидан жойларда ўтказиб борилаётган йиғилишларда, халқ таълими соҳасида молиявий интизомга риоя этиш ҳолатларини бевосита масъуллар иштирокида, кенг жамоатчиликни жалб қилган ҳолда муҳокама этиб бориш бўйича вазифалар белгилаб олинди.

20.06.2015 00:00:00