ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ХАЛҚ ТАЪЛИМИ ВАЗИРЛИГИ

ҲАЙЪАТ ҚАРОРИ

2015 йил 31 январь                               № 1                                 Тошкент шаҳри     

 

 

Раислик қилувчи:

 

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири У.Иноятов

 

 

 

Таклиф этилганлар:

 

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бўлим бошлиғи - С.Астанов,

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бўлим прокурори - Ф.Абдувохитов

 

 

 

Қатнашганлар:

 

Вазир ўринбосарлари А.Холбеков, У.Абруев, Э.Искандаров

 

 

 

 

                        

Халқ таълими вазирлиги бошқарма ва бўлим бошлиқлари, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазири, Тошкент шаҳар ва барча вилоят халқ таълими бошқарма бошлиқлари, ҳудудий малака ошириш институтлари ректорлари, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси минтақавий филиаллари директорлари ҳамда “Ёшлик” жисмоний тарбия ва спорт жамияти минтақавий кенгаш раисларининг ўринбосарлари, республика ташкилотлари раҳбарлари (рўйхат бўйича)

 

Халқ таълими тизимида 2014 йилда амалга оширилган ишлар
таҳлили ҳамда 2015 йил - “Кексаларни эъзозлаш йили”даги асосий
вазифалар тўғрисида

(У.Иноятов)

 

2014 йилда йўл қўйилган хато ва камчиликларни таҳлил қилган ҳолда келгусида халқ таълими тизимида амалга оширилаётган ишларни янада самарали ташкил этиш, тизимдаги раҳбарларнинг шахсий масъулиятини ошириш мақсадида Ҳайъат мажлиси қарор қилади:

                 

1. Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 16 январдаги “2014 йилда республикани ижтимоий-иктисодий ривожлантириш  якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг мухим устувор вазифалари тўғрисида”ги 1-сонли Баёни ҳамда Халқ таълими вазири У.Иноятовнинг “Халқ таълими тизимида 2014 йилда амалга оширилган ишлар таҳлили ҳамда
2015 йил - “Кексаларни эъзозлаш йили”даги устувор вазифалар тўғрисида”ги ахбороти раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинсин.

2. Халқ таълими вазирлигининг 2012 йил 27 январдаги 1-сонли Ҳайъат қарори билан тасдиқланган “Умумий ўрта таълим мактаби жойлашган ҳудуддаги мактаб ёшидаги болалар ҳисобини олиб бориш тўғрисида”ги йўриқнома бекор қилинсин ва ижродан чақириб олинсин.

3. “Баркамол авлод” болалар марказларини таъмирланиши бўйича ишларга бефарқлиги ва ишларни ўз ҳолига ташлаб қўйганликлари учун Наманган (в.б. З.Мўминов), Навоий (в.б. О.Рахмонов ) ва Сурхондарё (А.Пардаев) вилоятлари халқ таълими бошқармалари бошлиқлари қатъий огоҳлантирилсин.

4. Тошкент (Қ.Мавлянов), Бухоро (М.Даминов), Сурхондарё (А.Пардаев) вилоятлари халқ таълими бошқармалари бошлиқлари 2014 йил Инвестиция дастурига киритилган мактабларда тегишли ҳудудий ташкилотлар билан биргаликда жорий йилнинг 1 мартига қадар барча қурилиш-таъмирлаш ишларини ниҳоясига етказилишини қатъий назоратга олсин ва фойдаланишга топширилишини таъминласин.

 

5. Қорақалпоғистон Республикаси (в.б. Д.Отарбаев) 5 та, Бухоро (М.Даминов) 5 та, Жиззах (Э.Жабборов) 3 та, Навоий (в.б. О.Рахмонов) 3 та, Сурхондарё (А.Пардаев) 8 та, Тошкент (Қ.Мавлянов) 19 та, Фарғона (З.Тешабоев) 2 та, Самарқанд (А.Умаров), Сирдарё (У.Мамарасулов) ва Хоразм (Э.Худойназаров) вилоятларида 1 тадан объектларни топшириш далолатномалари нусхаларини 3 кун муддатда вазирликка тақдим этсин.

6. Тошкент (Қ.Мавлянов), Сурхондарё (А.Пардаев), Бухоро (М.Даминов) вилояти халқ таълими бошқармалари ҳанузгача қурилиш-таъмирлаш ишлари якунига етказилмаган 11 та таълим объекти бўйича маҳаллий ҳокимликлар билан жорий йил 1 мартга қадар ишларни якунига етказиш чораларини кўрсин ҳамда кунлик мониторинг ишларини олиб борсин.

7. Наманган (в.б. З.Мўминов), Сурхондарё (А.Пардаев), Навоий
(в.б. О.Рахмонов) вилоятлари халқ таълим бошқармалари “Баркамол авлод” болалар марказларини таъмирлаш бўйича 2015 йилги харажатлар сметасига киритиб, лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш, экспертизадан ўтказиш ва пудрат танловларни ўтказиб шартнома имзолаш ишларини қисқа муддатларда якунига етказиш чораларини кўрсин.

8. Жиззах (Э.Жабборов), Наманган (в.б. З.Мўминов), Қашқадарё (Т.Саидов), Тошкент (Қ.Мавлянов), Хоразм (Э.Худойназаров) вилоятлари ва Тошкент шаҳар (И.Акбаров) халқ таълими бошқармалари бошлиқлари 3 кун муддатда таълим муассасаларини аттестациядан ўтказиш жараёнига масъулиятсизлик билан ёндашган ХТМФМТ ва ТЭ мудирларига нисбатан қатъий интизомий чора кўриш тўғрисида вазирлик раҳбариятига таклиф киритсин.

9. Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими вазири, Тошкент шаҳар ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари бошлиқларига:

2014 йилда таъмирланаётган “Баркамол авлод” болалар марказларида таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларини жорий йил 1 мартига қадар ниҳоясига етказиш;

2015 йил Инвестиция дастурига киритилган таълим объектлари бўйича буюртмачи ва пудратчи ташкилотлар ўртасида шартномалар имзолаш ишларини 15 февралга қадар тугаллаш ҳамда қурилиш-таъмирлаш ишларини доимий равишда назорат қилиб бориш;

қурилиш-таъмирлаш ишларини янада сифатли қилиб бажарилишини таъминлаш учун ҳар бир таълим объектида шу муассаса ходимларидан иборат бўлган жамоатчилик назорати кенгашларини шакллантириш (бу кенгашлар таркибига шу муассаса раҳбари бошчилигида, маҳалла фуқаролар йиғини раиси, қишлоқ фаоли, тажрибали ва кекса ўқитувчиларни жалб қилиш) ва улар томонидан объектда олиб борилаётган қурилиш-таъмирлаш ишларини кунлик мониторинг қилиб борилишини таъминлаш;

қурилиш-таъмирлаш ишларини бажариш бўйича ҳудудий ҳокимликлар ва тегишли мутасадди ташкилотлар билан тармоқ жадвали (сетевой график) тузиб, тасдиқланган ҳолда вазирликка жорий йилнинг 1 мартига қадар тақдим этиш;

таълим муассасаларидаги мавжуд ностандарт, қўлбола ишланган қозон ва иситиш мосламаларини 2015-2019 йилларда замонавий тежамкор қозонларга алмаштириш дастурини жорий йилнинг 3 февралига қадар вазирликка тақдим этиш;

янги ўқув йилидан 3-синфда чет тили ўқитилиши муносабати билан юзага келадиган педагог кадрларга бўлган эҳтиёжни ёш мутахассисларни ишга қабул қилиш ҳисобидан қоплашга эътибор қаратиш, мутахассис ўқитувчилар етишмайдиган чекка ҳудудлардаги мактабларга уларни жалб этиш, имтиёзлар яратиш, яъни уй-жой билан таъминлаш ёки уларга уй-жой қуриш учун имтиёзли кредит маблағлари ажратиш масаласига маҳаллий ҳокимликлар эътиборини қаратиш чораларини кўриш;

1 ой муддатда чет тилларни ўқитиш бўйича янгидан иш бошлаган, бола парвариши таътилидан қайтган ўқитувчиларнинг рўйхатини тузиш ҳамда уларнинг малакасини ошириш юзасидан вазирликка таклиф киритиш;

ҳудудий халқ таълими бошқарув органлари методистлари сифат таркибини қайта кўриб чиқиш, уларнинг малакасини ошириш бўйича вазирликка асосланган таклифлар киритиш;

барча туман (шаҳар)ларда бошланғич таълим методистлари томонидан
1 ой муддат ичида методик қўлланмалар ва уларнинг мультимедиали иловаларидан самарали фойдаланишга оид ўқувларни ташкил этиб, ўқув йили охиригача мазкур қўлланмалардан фойдаланиш мониторингини олиб бориш;

билимлар беллашувининг мактаб босқичи натижаларини 1 ҳафта муддатда таҳлил қилиб, тегишли чора-тадбирларни белгилаш ҳамда ўзлаштирилиши қийин мавзуларни ўқитиш бўйича мақсадли ўқувлар ташкил этиш;

ўқувчилар билимида аниқланган бўшлиқларни тўлдириш бўйича ҳар бир мактабда тўгараклар фаолиятини жонлантириш;

физика, кимё ва биология фанларидан ўтказилиши лозим бўлган ҳар бир лаборатория машғулотини энг камида 1 ҳафта олдин тумандаги барча ўқитувчиларни жалб этган ҳолда “Маҳорат мактаблари”да уларга ўргатиш тартибини жорий этиш;

барча ихтисослаштирилган умумтаълим муассасаларининг веб-сайтлари яратилишига эришиш ҳамда “Энг яхши веб-сайт” кўрик-танловида фаол иштирок этишларини таъминлаш;

ихтисослаштирилган умумтаълим муассасаларида касбга йўналтириш ишларини, психологлар фаолиятини янада кучайтириш, 9-синф битирувчиларини йўналишлар бўйича академик лицей ва касб-ҳунар коллежларига тўлиқ жалб этиш чораларини кўриш;

2015 йил апрель ойига қадар ихтисослаштирилган умумтаълим муассасаларини, айниқса чуқурлаштириб ўқитиладиган фанлардан олий ва биринчи тоифали ўқитувчилар билан тўлиқ таъминлаш;

“Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” кўрик-танловининг туман ва вилоят босқичларини ўтказишда фан ўқитувчиларининг билимини адолатли ва ҳаққоний баҳолаш, улар орасидан билимли, малакали, тажрибали, илғор, ташаббускор, ижодкорларини аниқлашга асосий эътиборни қаратиш;

“Йилнинг энг яхши мактаб директори” кўрик-танловининг мазмун моҳиятини, мақсади ва вазифаларини таълим муассасалари раҳбарларига тушунтириш, тарғибот ва ташвиқот қилиш;

таълим муассасаларини аттестациядан ўтказиш жараёнига масъулиятсизлик билан ёндашган халқ таълими ходимлари ва аккредитацияланмаган таълим муассасалари раҳбарларининг эгаллаб турган лавозимларида қолиш ёки қолмаслик масаласини кўриб чиқиш;

таълим муассасалари аттестациясини жойларда талаб даражасида  ўтказиш, ҳужжатларни сифатли тайёрлаш ҳамда уларни Республика таълим марказида дастлабки экспертизадан ўтказиб, камчиликлар бартараф этилгандан сўнг Давлат тест марказига тақдим этилишини таъминлаш;

жорий йилнинг 1 мартига қадар 2015-2016 ўқув йилида чоп этиладиган дарсликлар тақсимотини умумтаълим мактабларида таълим олаётган ўқувчилар контингентини мактаб ва туманлар кесимида таҳлил этган ҳолда ишлаб чиқиш;

жорий йил июнь ойининг охиригача умумтаълим мактаблари, махсус таълим муассасалари кутубхона жамғармасидаги дарсликларни тўлиқ хатловдан ўтказиш;

ўтказилган хатлов натижалари асосида мавжуд дарсликлар ҳамда ўқувчилар сонидан келиб чиққан ҳолда 2015 йилнинг 10 августигача қайта тақсимот ишларини тўлиқ якунлаш;

умумтаълим ва махсус таълим муассасаларида Дарсликларни қабул қилиш махсус комиссиялари томонидан дарсликларни тўлиқ ва сифатли қабул қилинишини ҳамда камчиликлар аниқланган тақдирда олиб келинган сифатсиз махсулотни қайтариш, “Ўқув таълим таъминот” ДУК нинг ҳудудий филиаллари орқали алмаштириб бериш чораларини кўриш;

аъло ва оддий даражали шаҳодатномаларга буюртмалар беришда вазирликнинг 2014 йил 31 октябрдаги 306-сонли буйруғи билан тасдиқланган “Умумий ўрта таълим тўғрисидаги шаҳодатномаларни битирувчиларга бериш ишларини ташкил этиш ҳақида”ги тавсияномага қатъий риоя этиш;

ҳар бир таълим муассасаси томонидан шаҳодатномалар тўлдирилишида хатосиз, тўғри ва аниқ ёзилишига алоҳида эътибор қаратиш;

2015 йилнинг 1 апрелига қадар ўрта махсус маълумотли мактабгача таълим муассасалари мудираларининг малака талабларидан келиб чиқиб, улар билан тузилган меҳнат шартномаларини бекор қилиш масаласини кўриб чиқиш;

болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамраб олиш даражаси паст бўлган туманларда 2015 йилнинг 1 мартига қадар муассасалардаги бўш гуруҳлар ҳисобидан “қисқа муддатли гуруҳлар” ташкил этиш;

“Умумий ўрта таълим мактаб ўқитувчилари ва ўқувчиларининг одоб-ахлоқ қоидалари”га тўлиқ амал қилинишини таъминлаш;

синф раҳбарлари, мактаб психологи ва “Камалот” ЁИҲ етакчиларнинг ишларини самарали ташкил этиш орқали тарбиявий ишларни тизимли ташкил этиш ва назоратга олиш;

ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида умумтаълим мактабларида фан ва қизиқишлар бўйича тўгаракларнинг фаолиятини кучайтириш;

тарбияси оғир болаларнинг рўйхатини шакллантириш, уларга педагоглар ва мактаб психологларини бириктириш амалиётини кенгайтириш ҳамда бириктирилган масъулларнинг ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари билан режа асосида индивидуал шуғулланишларини, бундай ўқувчилар рўйхатининг ҳудудий ички ишлар органларига тақдим этиб борилишини таъминлаш ва қатъий назоратга олиш;

ҳар бир содир этилган жиноятга “фавқулодда вазият” деб қараш, келиб чиқиш сабабларини тўлиқ таҳлил этиш ва “Оила-маҳалла-таълим муассасаси” ҳамкорлиги жамоат кенгашида муҳокама қилинишини таъминлаш;

таълим муассасаларида мунтазам машғулотларга қатнашмаётган ўқувчиларни таълимга жалб этилишини ташкил этиш борасида амалга оширилаётган ишларни ҳар чорак, ярим йил ва йил якунлари бўйича йиғилишларда ва таълим муассасаларининг педагогик кенгашларида танқидий муҳокама қилиб бориш;

юқори ташкилотларнинг топшириқ ва вазифалари ижросини ўз вақтида, сифатли таъминлаш, фуқароларнинг мурожаатларини қонун доирасида ҳал қилиш чораларини кўриш юзасидан шахсий жавобгарлик ва масъулиятни ошириш, хато ва камчиликларга йўл қўйган раҳбар ва мутасадди ходимларга нисбатан интизомий жазо чораларини кўриш;

10 кун муддатда жойларда фуқароларнинг сайёр қабулларини ташкил этиш графигини ишлаб чиқиш ҳамда график асосида ишларни йўлга қўйиш вазифалари юклатилсин.

10. Умумтаълим мактабларида ўқув-тарбия жараёнини ривожлантириш бош бошқармаси (Й.Асадов), Республика таълим маркази (И.Зокиров), Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими вазири, Тошкент шаҳар ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари бошлиқлари, ҳудудий педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институтлари ректорларига:

15 кун муддат ичида малакали мутахассислардан иборат ишчи гуруҳ шакллантирган ҳолда тизимда фаолият кўрсатаётган барча методистларнинг 2014 йилдаги фаолияти самарадорлигини вазирликнинг 346-сонли буйруғи билан тасдиқланган халқ таълими тизими методистлари фаолиятини баҳолаш мезонлари асосида холисона баҳоланишини ташкил этиш;

методистларга қўйилган малака талаблари ҳамда лавозим мажбуриятларини бажара олмайдиган мутахассислар билан ўрнатилган тартибда меҳнат шартномаларини бекор қилиш;

янги ишга қабул қилинадиган методистларни белгиланган малака талабларига мос равишда, танлов асосида ишга қабул қилинишини қатъий назоратга олиш;

янги ўқув йилига қадар “Методист мактаби”ни ташкил этиш учун зарур барча методик материаллар (йўриқнома, ўқув дастури ва бошқ.)ни ишлаб чиқиш ҳамда ҳудудий педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институтлари базасида ҳар ойнинг охирги жума ва шанба кунлари “Методист мактаби” амалий ўқувларини ташкил этиш;

“Методист мактаби” фаолияти самарадорлиги мониторингини (сўровнома, фокус гуруҳда баҳолаш, тест ва бошқ) олиб бориш ҳамда амалга оширилган ишлар тўғрисида ҳар чорак якуни бўйича вазирлик раҳбариятига маълумот ва таклифлар киритиш вазифалари юклатилсин.

 

Мактабгача таълим муассасаларида давлат талабларини бажарилиши ва болаларни мактабга тайёрлаш ишларининг самарадорлигини таҳлил қилиш ҳамда келгусидаги вазифалар тўғрисида

(Ф.Аҳмедов)

 

Юқоридагиларни инобатга олиб, мактабгача таълим муассасаларида “Мактабгача таълимга қўйиладиган давлат талаблари”нинг бажарилиши устидан назоратни кучайтириш, болаларни мактаб таълимига сифатли тайёрлаш ишлари самарадорлигини ошириш  мақсадида Ҳайъат йиғилиши қарор қилади:

 

11. Таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш бош бошқармаси бошлиғи Ф.Аҳмедовнинг “Мактабгача таълим муассасаларида давлат талабларининг бажарилиши ва болаларни мактабга тайёрлаш ишларининг самарадорлиги тўғрисида”ги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.

12. Мактабгача таълим муассасаларида давлат талабларининг бажарилиши, унинг мониторингини олиб бориш ва болаларни мактаб таълимига тайёрлаш ишлари Навоий вилояти халқ таълими бошқармасида қониқарсиз деб, вазирликнинг мактабгача таълим бўлими ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлигида етарли даражада йўлга қўйилмаган деб топилсин.

13. Навоий вилояти халқ таълими бошқармаси (в.б. О.Рахмонов)
2015 йилнинг 1 февралигача ўз вазифасига масъулиятсизлиги ва лоқайдлиги, болаларни мактаб таълимига тайёрлаш ишларини ўз ҳолига ташлаб қўйганлиги учун бошқарманинг мактабгача таълим мутахассиси С.Улуғназарованинг лавозимида қолиш-қолмаслик масаласини кўриб чиқсин ва натижаси юзасидан вазирликка маълумот тақдим этсин.

14. Қорақалпоғистон Республикаси Чимбой туманидаги 16-сонли мактабгача таълим муассасаси мудираси Р.Феримбетованинг эгаллаб турган лавозимидан озод этилганлиги инобатга олинсин.

15. Вазирликнинг мактабгача таълим бўлими (С.Мирджалилова)га:

мактабгача таълим муассасаларида давлат талабларининг бажарилиши ва меъёрий ҳужжатлар билан ишлаш аҳволи, болаларни мактабга тайёрлаш ишларининг самарадорлигини ошириш юзасидан чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқиш, бунда;

1 ой муддатда:

мактабгача таълим муассасаларининг рейтингини юритиш ва давлат талабларининг ўзлаштирилиши мониторингини олиб бориш юзасидан йўриқнома ишлаб чиқиш;

мактабгача таълим муассасаларидаги педагог ходимлар учун давлат талаблари ўзлаштирилиши мониторинги натижаларида аниқланган бўшлиқларни тўлдириш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқиш;

йилига икки маротаба мактабгача таълим муассасаларида давлат талаблари ўзлаштирилиши мониторинги натижаларини таҳлил қилиш ва Мактабгача таълим муассасалари ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш Республика ўқув-методика марказининг педагогик кенгашида муҳокама қилиш;

3 ой муддатда мамлакатимиздаги илғор таълим муассасалари тажрибаларига таянган ҳолда “Мактабгача таълимга қўйиладиган давлат талаблари” асосида мактабгача таълим муассасалари учун альтернатив дастурлар яратишга алоҳида эътибор қаратиш вазифалари юклатилсин.

 

17. Мактабгача таълим муассасалари ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш Республика ўқув-методика маркази (М.Аъзамова)га:

15 кун муддатда туман (шаҳар) халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимларининг мактабгача таълим йўналиши бўйича метод кабинетини жиҳозлаш бўйича йўриқнома ишлаб чиқиш;

3 ой муддатда мактабгача таълим тизими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш сифати ва самарадорлигини аниқлаш механизмларини ишлаб чиқиш ва ўрнатилган тартибда амалиётга жорий этиш;

фарзандлари мактабгача таълимга қамраб олинмаган ота-оналар учун яратилган 5 та номдаги қўлланма (китоб)лардан фойдаланиш бўйича ота-оналар ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш, ҳолатни таҳлил қилиш ва амалий ёрдам кўрсатиш;

10 кун муддатда Мактабгача таълим муассасалари ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш Республика ўқув-методика марказида ташкил этилган барча тоифадаги тингловчилар ўқув режасига 5 та номдаги қўлланма (китоб)лардан фойдаланиш юзасидан мавзулар киритиш ва маъруза матнларини қайта кўриб чиқиш вазифалари юклатилсин.

17. Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар ва вилоятлар халқ таълими бошқармаларига:

2015 йилнинг 5 февралигача мазкур Ҳайъат мажлиси қарорини жойларда кенгайтирилган йиғилишларда муҳокама қилиш, камчиликларни бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва ижросини қатъий назоратга олиш;

2015 йилнинг 1 мартига қадар мактабгача таълим муассасаларидаги бўш гуруҳлар ҳисобидан “қисқа муддатли” гуруҳлар ташкил этиш;

жорий йилнинг 1 мартига қадар ҳар бир туман(шаҳар)да болаларни мактаб таълимига тайёрлаш бўйича энг намунали мактабгача таълим муассасасини аниқлаш, мазкур муассаса негизида мактабгача таълим муассасалари мутахассислари учун доимий ҳаракатдаги амалий семинарлар ташкил этиш;

мактабгача таълим муассасалари педагогларининг белгиланган муддатда малака оширишини қатъий назоратга олиш;

жорий йилнинг 1 февралидан бошлаб оммавий ахборот воситаларида (айниқса телевидение орқали) 5-6 ёшли фарзандлари мактабгача таълим муассасаларига қамраб олинмаган оилалар учун яратилган 5 та номдаги  қўлланма (китоб)лардан фойдаланишни тарғиб қилувчи кўрсатув ва эшиттиришлар ташкил этиш;

10 кун муддатда умумий ўрта таълим мактаблари кутубхоналаридаги қўлланмаларни ота-оналарга етказиб берилганлик ҳолатини ўрганиб чиқиш ва етказиб берилишини таъминлаш;

1 ҳафта муддатда ота-оналар учун 5 номдаги китоблардан фойдаланиш тартиби юзасидан тақдимот ҳамда тушунтириш ишларини қайта ташкил этиш;

умумий ўрта таълим мактабларининг бошланғич синф ўқитувчиларини ушбу масалага бириктириш, ҳар ойнинг охирги шанба куни ота-оналар ва болалар билан учрашувлар ташкил этиш, ҳар бир китоб бўйича суҳбатлар ўтказиш ва ота-оналарга методик тавсиялар бериш;

1 ҳафта муддатда қўлланмаларни ота-оналарга етказиб беришда масъулиятсизликка йўл қўйган масъул ходимларга нисбатан интизомий чоралар кўриш;

амалга оширилган ишлар ҳақида жорий йилнинг 15 февралига қадар вазирликнинг Таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш бош бошқармасига маълумот тақдим этиш вазифалари топширилсин.

 

Болалар мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, таълим-тарбия жараёни, дарсликлар ва малакали ўқитувчилар билан таъминлаш ҳолати юзасидан 2014 йилда амалга оширилган ишлар ҳисоботи ва келгусидаги вазифалар тўғрисида

(А.Холбеков)

 

Болалар мусиқа ва санъат таълими муассасалари фаолиятини янада самарали ташкил этиш, уларни дарсликлар ва малакали кадрлар билан таъминлаш мақсадида Ҳайъат йиғилиши қарор қилади:

18. Халқ таълими вазири ўринбосари А.Холбековнинг “Болалар мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, таълим-тарбия жараёни, дарсликлар ва малакали ўқитувчилар билан таъминлаш ҳолати юзасидан 2014 йилда амалга оширилган ишлар ҳисоботи ва келгусидаги вазифалар тўғрисида”ги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.

19. Вазир ўринбосари (А.Холбеков), Мусиқа ва санъат таълими муассасалари бошқармаси (Қ.Атамирзаев)га:

болалар мусиқа ва санъат мактаблари фаолиятини ўрганиш ва услубий ёрдам кўрсатиш бўйича Ишчи гуруҳини шакллантириш ва доимий ишлашини таъминлаш;

вазирлик тасарруфидаги республика мусиқа ва санъатга ихтисослаштирилган академик лицейлари (Б.Қурбонов, Д.Джамалова, З.Холмирзаев) мутахассисларини жалб қилган ҳолда 2 ҳафта муддатда чолғуларни созловчи ва унга техник хизмат кўрсатувчи мутахассисларни тайёрлаш бўйича асосланган таклифларни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ўрта махсус касб-ҳунар таълим марказига киритиш;

1 ой муддатда гуруҳ шаклида ўқитиладиган санъат йўналишидаги ҳамда халқаро ва республика танловлари ғолиб ўқувчиларини рағбатлантириш нуқтаи назаридан ўқиш учун ота-оналар томонидан тўланадиган бадал тўловлари тартибини қайта кўриб чиқиш;

2 ой муддатда янги авлод дарсликлари, ўқув услубий қўлланмалар, нота ва кўргазмали материалларни босқичма-босқич чоп этиш ҳамда академик чолғулар учун хорижий нашрларни харид қилиш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш вазифалари юклатилсин.

20. Мусиқа ва санъат таълим муассасалари бошқармаси (Қ.Атамирзаев), Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ таълими бошқармалари бошлиқларига:

1 ой муддатда жойлардаги белгиланган таянч мактаблари негизида камида биттадан бадиий жамоа (оркестр) ташкил этиш;

болалар мусиқа ва санъат мактабларининг ички ва ташқи кўриниши, ички йўлаги ва залларини замон талабларига мос равишда вазирлик томонидан тавсия этилган ягона йўриқнома ишлаб чиқиш ва ушбу йўриқнома асосида безаш ишларини амалга оширилишини назоратга олиш;

давлат дастурини амалга оширишда ўз ҳиссасини қўшган ўқитувчи, концертмейстер ва раҳбарларни муносиб рағбатлантириш мақсадида улар орасидан Давлат мукофотига номзодлар тавсия этиш;

вакант турган директор ва уларнинг ўринбосарлари лавозимларига муносиб номзодларни топиш чораларини кўриш;

ҳудудлардаги тегишли мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликни кенг йўлга қўйиш, ўқувчиларнинг йўналишлар бўйича қизиқишларини ошириш мақсадида уста ҳунармандларни жалб қилган ҳолда семенарлар ташкил этиш;

болалар мусиқа ва санъат мактабларида йўналишлар бўйича кадрлар етишмовчилигининг олдини олиш мақсадида Ўрта махсус касб-ҳунар таълими марказининг ҳудудий бошқарув органларига кадрлар тайёрлаш юзасидан ўз таклифларини киритиш вазифалари юклатилсин.

21. Вазирлик тасарруфидаги республика мусиқа ва санъатга ихтисослаштирилган академик лицей директорлари (Б.Қурбонов, Д.Джамалова, З.Холмирзаев) болалар мусиқа ва санъат мактабларига амалий ёрдам кўрсатиш ҳамда ўқитувчиларнинг малакасини оширишни ташкил қилиш мақсадида жойларга чиққан ҳолда ўқувлар ташкил этиш чораларини кўрсин.

 

Ўқувчи-ёшлар ўртасида спортнинг оммавийлигини ошириш ва “Умид ниҳоллари-2015” спорт мусобақаларига тайёргарлик юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳисоботи ҳамда келгусидаги вазифалар тўғрисида

(Э.Искандаров)

 

Таълим муассасаларида жисмоний тарбия ва спортнинг оммавийлигини таъминлаш, соғлом турмуш тарзи кўникмаларини ривожлантириш, ўқувчи-ёшлар ўртасида спортнинг оммавийлигини ошириш ҳамда Умид ниҳоллари-2015” спорт мусобақаларига пухта тайёргарлик кўриш мақсадида Ҳайъат мажлиси қарор қилади:

22. Вазир ўринбосари - Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ижро этувчи директори Э.Искандаровнинг “Ўқувчи-ёшлар ўртасида спортнинг оммавийлигини ошириш ва “Умид ниҳоллари-2015” спорт мусобақаларига тайёргарлик юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгусидаги вазифалар тўғрисида”ги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.

23. Андижон (Д.Рахматуллаев), Наманган (в.б. З.Мўминов), Жиззах (Э.Жабборов), Сирдарё (У.Мамарасулов) ва Фарғона (З.Тешабоев) вилоятларининг болалар, айниқса қизларни спорт билан шуғулланишга кенг жалб этиш борасидаги ижобий ишлари қайд этилсин.

24. Бухоро (М.Даминов), Қашқадарё (Т.Саидов), Самарқанд (А.Умаров), Сурхондарё (А.Пардаев) ва Тошкент (Қ.Мавлянов) вилоятлари халқ таълими бошқармалари бошлиқларига “Умид ниҳоллари-2015” спорт мусобақаларининг қуйи босқичларини Низом асосида белгиланган тартибда ўтказмаганликлари учун мазкур масала юзасидан масъул шахсларга тегишли интизомий чора кўриш вазифалари юклатилсин.

25. Болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг минтақавий филиал директорлари ва туман (шаҳар) вакилларига жорий йилда фойдаланишга топшириладиган ҳар бир иншоотнинг сифатига, белгиланган муддатда топширилишига ва ўзига бириктирилган ҳудудда спортнинг оммавийлигини таъминлашда шахсан масъул эканликлари белгилаб қўйилсин.

26. Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими вазири, Тошкент шаҳар ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари бошлиқлари, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси минтақавий филиаллари директорлари ҳамда “Ёшлик” жисмоний тарбия ва спорт жамияти минтақавий кенгаш раисларининг ўринбосарларига:

ўқувчиларни жойларда оммавий спорт ва жисмоний тарбияга кенг жалб қилиш бўйича оила, маҳалла ва таълим муассасаларининг ҳамкорлиги ва масъулиятини кескин ошириш чораларини кўриш;

вазирликнинг 2014 йил 31 мартдаги 88-сон буйруғи талабларини тўлақонли бажариш мақсадида умумтаълим мактабларида спорт тўгараклари фаолиятини тўлиқ йўлга қўйиш, бунда, ҳар бир жисмоний тарбия фани ўқитувчиси томонидан спортнинг камида 2 та тури бўйича спорт тўгараги ташкил этилишига алоҳида эътибор қаратиш, шунингдек, ушбу буйруқ билан тасдиқланган “Жисмоний тарбия” фани ўқитувчилари иш юкламасининг тўлиқ бажарилиши бўйича таълим муассасалари раҳбарлари ва уларнинг ўқув-тарбия ишлари бўйича ўринбосарлари масъулиятини кескин ошириш;

мунтазам спорт билан шуғулланувчилар, айниқса, қизлар сонини янада ошириш мақсадида болалар ва ўсмирлар спорт мактабларида янги спорт бўлимларини ташкил этиш;

умумтаълим мактаблари, болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари ҳамда спорт иншоотларида фаолият олиб бораётган ўқитувчи-мураббийларнинг ўз иш ўринларида тўлиқ фаолият кўрсатишларини қатъий назоратга олиш;

ўқувчиларда юртимизда олиб борилаётган бунёдкорлик ишларидан, жумладан жойларда барпо этилаётган спорт иншоотлари, уларда яратилаётган шароитлардан ғурурланиш ҳиссини кучайтириш, бунинг учун жисмоний тарбия дарсларида ўқувчиларга олдинги даврдаги шароитлар ва бугунги кунда яратилган замонавий шарт-шароитлар ва спорт билан шуғулланиш имкониятлари ҳақида маълумот бериб борилишини йўлга қўйиш;

ҳар бир болалар спорти иншоотларининг сақланиши ва улардан самарали фойдаланиш бўйича таъсирчан назорат ўрнатиш, болалар спорти иншоотларида болаларнинг машғулотлардан кейин албатта ювиниш (чўмилиш)лари учун тегишли шарт-шароитларни яратиш, жумладан иссиқ ва совуқ сувнинг доимий бўлишини таъминлаш чораларини кўриш;

“Умид ниҳоллари-2015” мусобақа дастурига киритилган спорт турлари бўйича 3-босқич иштирокчилари ва жамоа таркибини шакллантириш;

ҳудуддаги давлат ва жамоат ташкилотларининг таклифлари асосида мусобақаларнинг 3-босқичини ўтказиш чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш, тегишли ташкилот ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан келишиш;

мусобақа иштирокчилари учун маҳаллий ҳокимликлар, ҳудудий маданият ва спорт ишлари бошқармалари ҳамда бошқа ташкилотлар билан келишилган ҳолда мусобақалар ўтказиладиган спорт иншоотларида етарли шарт-шароитлар яратиш, уларни зарур спорт жиҳозлари ва ускуналари билан таъминлаш;

мусобақаларга қатнашадиган ўқувчиларни тиббий кўрикдан ўтган ҳолда қатнашишларини, шунингдек спорт иншоотлари ва овқатланиш жойларида санитария-гигиена қоидаларига риоя қилинишини қатъий назоратга олиш;

мусобақанинг финал босқичи иштирокчиларининг ҳужжатларини ўрнатилган тартибда тўлиқ расмийлаштириш (тасдиқланган шаклда ёзилган талабнома, спортчининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси, киндер паспорт, яшаш жойидан маълумотнома, ўқув муассасаси директори имзоси билан тасдиқланган маълумотнома, суғурта  полиси)

ҳар бир спорт тури бўйича малакали тренерларни тайинлаш, терма команда аъзолари учун ҳар ойда бир марта ўқув-йиғин машғулотларини ўтказиб бориш;

вилоят ҳокимлиги билан келишилган ҳолда мусобақа иштирокчилари учун ҳудуднинг менталитетига мос равишда 3 хил экипировкадаги спорт либосларини тайёрлаш, халқ таълими вазири ва ташкилий гуруҳ билан келишиш;

мусобақа иштирокчиларини Урганч шаҳрига жўнатиш жараёнида темир йўл вокзаллари ва аэропортга олиб бориш, тантанали кузатиш, мусобақалар тугагач уюшган ҳолда уларнинг уйларига етиб боришларини таъминлаш;

жойларда мусобақа иштирокчиларини жўнатишдан олдин вагонларнинг тайёргарлиги ҳақида далолатнома тузиш орқали уларни қабул қилиб олиш;

мусобақа иштирокчилари билан тартиб-интизом тўғрисида якка тартибда суҳбатлар ўтказиш, уларга ушбу қоидаларга тўлиқ амал қилиш зарурлигини тушунтириш вазифалари юклатилсин.

 

2015 йилги Инвестиция дастурининг бажарилиши, 2016 йилги
 Инвестиция дастурини шакллантириш, куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш, халқ таълими тизимида хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳисоботи ҳамда келгусидаги вазифалар
 тўғрисида

(У.Абруев)

 

Инвестиция дастурига киритилган таълим муассасаларида қурилиш-таъмирлаш ишларини жадаллаштириш, куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш ҳамда тизимда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини янада ривожлантириш мақсадида Ҳайъат йиғилиши қарор қилади:

27. Вазир ўринбосари У.Абруевнинг “2015 йилги Инвестиция дастурининг бажарилиши, 2016 йилги Инвестиция дастурини шакллантириш, куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш, халқ таълими тизимида хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳисоботи ҳамда келгусидаги вазифалар тўғрисида”ги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.

28. Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими вазири, Тошкент шаҳар ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари бошлиқлари 2015 йил Инвестиция дастурига киритилган таълим объектлари бўйича лойиҳа-смета хужжатларининг тайёрланиши, экспертизадан ўтказилиши, пудратчилар билан шартномалар имзоланиши, шунингдек, таълим муассасаларидаги мавжуд ностандарт, қўлбола ишланган қозон ва иситиш мосламаларини 2015-2019 йилларда замонавий тежамкор қозонларга алмаштириш дастурини тайёрлаш масалаларига масъулиятсизлик билан ёндашаётганликлари учун огоҳлантирилсин.

29. 2016-2017 йиллар Инвестиция дастурига киритилиши режалаштирилган таълим муассасаларининг манзилли дастурини ўз вақтида тақдим этмаганлиги учун Андижон (Д.Рахматуллаев), Навоий
(в.б. О.Рахмонов), Самарқанд (А.Умаров), Тошкент (Қ.Мавлянов) вилоятлари ва Тошкент шаҳар (И.Акбаров) халқ таълими бошқармалари 10 кун муддатда бошқарманинг масъул ходимларига нисбатан тегишли интизомий жазо чораларини кўрсин ва натижаси юзасидан вазирликка маълумот тақдим этсин.

30. Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими вазири, Тошкент шаҳар ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари бошлиқларига:

2015 йил Инвестиция дастурига киритилган таълим объектларида бажарилиши лозим бўлган, лекин лойиҳа-смета хужжатларига киритилмаган иш турларини маҳаллий бюджет ва бошқа манбалар ҳисобидан амалга ошириш бўйича маҳаллий ҳокимликлар билан келишиш чораларини кўриш;

жорий йилда қурилиш-таъмирлаш ишларини янада сифатли қилиб бажарилишини таъминлаш учун ҳар бир таълим объектида жамоатчилик назорат кенгашларини тузиш;

Инвестиция дастури дорасида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилаётган ҳар бир таълим объектига бошқармадан масъул ходимлар бириктириш орқали объектларда олиб борилаётган қурилиш-таъмирлаш ишларининг (танқидий) кунлик мониторингини юритиш;

вазирлик томонидан тасдиқланган тармоқ жадвалига асосан, ҳар бир таълим муассасасида олиб борилаётган қурилиш-таъмирлаш ишлари юзасидан вазирликка ҳисобот (призентация) тақдим этиб бориш;

тасарруфдаги барча туман (шаҳар) ХТМФМТТЭ бўлими мудирлари ва муҳандислари иштирокида ҳар ўн кунда инвестиция дастури доирасида таълим муассасаларида амалга оширилаётган қурилиш-таъмирлаш ишларини танқидий муҳокама қилиб бориш;

10 кун муддатда 2015 йилда таълим муассасаларини мебель, ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари, компьютер техникаси ва спорт анжомлари билан жиҳозлашнинг манзилли рўйхатини вазирликка тақдим этиш;

жорий йилнинг 5 февралига қадар 2016-2017 йиллар Инвестиция дастурига киритилиши таклиф этилаётган умумтаълим мактабларининг (техник ҳолати бўйича) манзилли дастурини тегишли ҳудудий мутасадди ташкилотлар билан келишилган ҳолда вазирликка тақдим этиш;

жорий йилнинг 2 февралига қадар таълим муассасаларидаги мавжуд ностандарт, қўлбола ишланган қозон ва иситиш мосламаларини 2015-2019 йилларда замонавий тежамкор қозонларга алмаштириш дастурини вазирликка тақдим этиш;

15 февралга қадар жорий йилда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан мукаммал таъмирланиши ва жиҳозланиши режалаштирилган мактабгача таълим муассасаларининг дастлабки манзилли рўйхатларини шакллантириш ва ҳудудий молия ва иқтисодиёт бошқармалари билан келишилган, худудий ҳокимликдан тасдиқлатган ҳолда вазирликка тақдим этиш вазифалари юклатилсин.

 

Халқ таълими тизимига 2015 йилда давлат бюджетидан ажратилган маблағлар ҳамда улардан фойдаланиш ҳолати

тўғрисида

(У.Иноятов, У.Абруев)

 

Юқорида келтирилган камчиликларни бартараф этиш ҳамда келгусида унинг олдини олиш мақсадида тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш, ажратилган бюджет  маблағларидан самарали фойдаланиш мақсадида Ҳайъат мажлиси қарор қилади:

31. Халқ таълими вазири У.Иноятовнинг “Халқ таълими тизимига
2015 йилда давлат бюджетидан ажратилган маблағлар ҳамда ажратилган маблағлардан фойдаланиш ҳолати тўғрисида”ги ахбороти раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинсин.

32. Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими вазири, Тошкент шаҳар ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари бошлиқларига:

10 кун муддатда 2014 йилда ўтказилган текширувларда аниқланган молиявий қонунбузилиш ҳолатларини бирма-бир кўриб чиқиш ҳамда уларнинг келиб чиқиш сабабларини таҳлил қилиш;

икки ҳафта ичида қонунбузилиш ҳолатларининг келиб чиқишига сабабчи бўлган ёки шароит яратиб берган масъул ходимларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда жазо чораларини қўллаш;

келгусида молиявий қонунбузилиш ҳолатлари содир этилишининг олдини олиш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиб, белгиланган вазифаларнинг бажарилиши юзасидан 15 кун муддатда вазирликка тўлиқ маълумот бериш вазифалари юклатилсин.

33. Молиялаштириш, бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи бошқармаси (Ш.Пардаев) бир ой муддатда ҳудудлар томонидан тақдим этилган маълумотларни чуқур таҳлил қилган ҳолда, молиявий қонунбузилиш ҳолатларининг келиб чиқиш сабаблари, уни содир этилишига замин яратган шарт-шароитлардан келиб чиқиб, молиявий қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олиш масалалари ҳақида видеосеминар ташкил этсин.

 

Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги “Оила-маҳалла-таълим муассасаси” ҳамкорлиги Жамоат кенгашининг фаолияти ва Халқ таълими вазирлиги ва “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий Кенгаши билан ҳамкорликда амалга оширилган ишлар ҳамда
2015 йилдаги долзарб вазифалар тўғрисида

(А.Холбеков)

 

Ҳудудий Жамоат кенгашлари томонидан олиб борилаётган ишларни самарали ташкил этиш, ҳамкорлар ўртасида ўзаро ахборот айирбошлаш ишларини тўғри йўлга қўйиш, Жамоат кенгаши раислари ва аъзоларининг масъулиятини ошириш ҳамда Халқ таълими вазирлиги ва “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий Кенгаши ҳамкорлигини янада самарали ташкил этиш мақсадида Ҳайъат йиғилиши қарор қилади:

34. Халқ таълими вазири ўринбосари А.Холбековнинг “Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги “Оила-маҳалла-таълим муассасаси” ҳамкорлиги Жамоат кенгашининг фаолияти ҳамда Халқ таълими вазирлиги ва “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий Кенгаши билан ҳамкорликда амалга оширилган ишлар ва 2015 йилдаги долзарб вазифалар тўғрисида”ги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.

35. Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги “Оила-маҳалла-таълим муассасаси” ҳамкорлиги Жамоат кенгашининг 2015 йилга мўлжалланган иш режаси тасдиқланганлиги инобатга олинсин.

36. Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари ҳузуридаги ҳудудий Жамоат кенгашлари фаолиятида йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш, самарадорлигини ошириш юзасидан ушбу ҳудудларга бириктирилган Жамоат кенгаши аъзолари томонидан амалий ёрдам кўрсатиш ишлари кучайтирилсин.

37. Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳузуридаги ҳудудий Жамоат кенгаши раисларига:

10 кун муддатда ҳудудий Жамоат кенгашлари фаолиятида аниқланган камчиликларни туманлар кесимида танқидий ўрганиш ва 2014 йилга мўлжалланган чора-тадбирлар режаси ижросини ҳудудларга бириктирилган Жамоат кенгаши аъзолари иштирокида кенгайтирилган йиғилишларда муҳокама қилиш;

икки ҳафта муддатда ҳар бир таълим муассасаси кесимида соҳа мутахассислари иштирокида профилактик тадбирлар ўтказиш жадвалини ишлаб чиқиш, амалга ошириш ва мониторингини олиб бориш;

маҳаллалардаги ноқобил, нотинч, диний экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолган оилалар ҳамда етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ушбу оилалар фарзандларининг таълим-тарбияси ва одоб-ахлоқини алоҳида назоратга олиш;

ўқувчи-ёшларнинг назоратсиз қолиши ва содир этилаётган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш,  дарс жараёнида ўқишга бормасдан бемақсад юрган, тунги вақтларда “Интернет–кафе” ва “Компьютер клуб”ларида вақт ўтказаётган вояга етмаганларни аниқлаш, уларни ўқишга қайтариш ва давоматни яхшилаш мақсадида “Ўқувчи”, “Давомат”  каби профилактик рейдларни ўтказиш;

вояга етмаганлар ўртасида содир этилган ҳуқуқбузарлик, жиноятчилик, эрта туғруқ ва давоматнинг сусайиши каби салбий ҳолатларнинг олдини олишда ота-оналар билан ўзаро яқин  ҳамкорликни мустаҳкамлаш, бу борада ҳудудий Жамоат кенгашлари фаоллигини кескин ошириш;

ҳудудий Жамоат кенгашининг вазифаларини кенг жамоатчиликка етказиш ва тарғиб қилиш бўйича оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни кучайтириш ва амалга оширилган ишлар ҳақида маълумотлар (санаси, вақти, жойи, мавзуси, жалб этилган иштирокчилар ва б.) банкини яратиш;

ҳар чорак охирги ойининг 28 санасига қадар ҳудудий Жамоат кенгаши томонидан амалга оширилган ишлар бўйича маълумотларни Республика Жамоат кенгаши котиби (Ж.Камолов)га тақдим этиб бориш вазифалари юклатилсин.

38. Маънавий-ахлоқий тарбия бошқармаси (Х.Даминов)га Ўзбекистон “Камолот” ЁИҲ Марказий Кенгаши билан ҳамкорликда:

бошланғич ташкилот етакчиларини меъёрий ҳужжатлар, тавсия ва тарғибот материаллари билан ўз вақтида тўлиқ таъминлаш чораларини кўриш;

“Буюк мақсадлар йўлида бирлашайлик” шиори остида бошланғич ташкилотлар етакчилари учун Республика Форумини ташкил этиш;

икки ҳафта муддатда қўшма қарорда белгиланган вазифалар ижроси бўйича аниқланган ҳолатдан келиб чиқиб, қўшма қарорни қайта кўриб чиқиш ва такомиллаштириш юзасидан таклиф тайёрлаш вазифалари юклатилсин.

39. Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими вазири, Тошкент шаҳар ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари бошлиқлари ва республика таълим муассасалари раҳбарларига “Камолот” ЁИҲ Марказий Кенгашининг ҳудудий бўлинмалари билан ҳамкорликда:

10 кун муддатда “Камолот” ЁИҲнинг тизимдаги бошланғич ташкилотларининг фаолиятини маълумотда қайд этилган ҳолатлар бўйича танқидий муҳокама қилиш, камчиликларга йўл қўйган масъул ходимларга нисбатан интизомий жазо чораларини кўриш, ҳамкорлик ишларини кучайтириш;

икки ҳафта муддатда бошланғич ташкилотлар учун ажратилган хоналарни зарур жиҳозлар билан тўлиқ таъминлаш бўйича ҳудудий ҳокимликларга таклиф киритиш;

бошланғич ташкилот етакчиси лавозимига педагогик малакага эга, масъулиятли, ташаббускор ва фаол кадрларни ишга қабул қилиш, кадрлар қўнимсизлигини бартараф этиш;

бошланғич ташкилот етакчиларини умумий ўрта таълим мактаблари директорларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари лавозимига захира номзодлар қаторига киритилишини таъминлаш;

 “Камолот” ЁИҲ ва “Камалак” болалар ташкилоти аъзолигига тантанали қабул қилиш тадбирларини алоҳида тайёргарлик асосида ташкил этиш, оммавийлигини таъминлаш вазифалари юклатилсин.

 

Вазирлик тасарруфидаги давлат педагогика институтларида таҳсил олаётган магистратура талабалари ва уларга таълим бераётган профессор-ўқитувчиларнинг малака даражаси тўғрисида

(И.Исматов)

 

Тасарруфдаги давлат педагогика институтлари магистратура талабалари ва уларга дарс бераётган профессор-ўқитувчиларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида Ҳайъат йиғилиши қарор қилади:

 

40. Кадрлар тайёрлаш, малакасини ошириш ҳамда илмий тадқиқот фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи И.Исматовнинг “Вазирлик тасарруфидаги давлат педагогика институтларида таҳсил олаётган магистратура талабалари ва уларга таълим бераётган профессор-ўқитувчиларнинг малака даражаси тўғрисида”ги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.

41. Тасарруфдаги давлат педагогика институтлари ректорларига:

магистратура талабалари билимини ошириш ва уларни тайёрлаш фаолияти борасида олиб бораётган ишлари талаб даражасида эмаслиги кўрсатиб ўтилсин;

1 ҳафта муддатда магистратура талабалари билимини ошириш ва уларни тайёрлаш фаолиятини янада яхшилаш бўйича аниқ вазифалар белгиланган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;

10 кун муддатда магистратура талабалари билимини ошириш ва уларни тайёрлаш фаолияти назоратини сусайтирганлиги, хато ва камчиликларга йўл қўйганлиги учун масъул ходимларга навбатдаги интизомий жазо чоралари қўллаш;

1 ой муддатда магистратура талабаларига дарс бераётган профессор-ўқитувчиларнинг таркибини қайта кўриб чиқиш;

уларнинг таркибини малакали, илмий даражага эга бўлган профессор-ўқитувчилар билан тўлдириш;

магистратура талабаларининг танланган мутахассисликлар бўйича замонавий билим, кўникма ва малакаларини ошириб бориш, замон талабларига мос юқори малакали мутахассислар бўлиб етишишлари, мутахассислик ҳамда ижтимоий-гуманитар фанларни, айниқса чет тилини чуқур эгаллаш, ўқув режа ва дастурни сифатли бажарилишини таъминлаш, уларнинг ўзлаштириш рейтинг кўрсаткичларини кўтариш чораларини кўриш;

магистратура талабалари ичидан истеъдодли, салоҳиятли ва иқтидорли талабаларни излаб топиш, уларга ўқишлари, билим олишлари ва илмий фаолият билан шуғулланишлари учун барча шарт-шароитларни яратиш, республика олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ўтказиладиган Давлат стипендияси танловларида қатнашишларини таъминлаш;

10 кун муддатда магистратура талабалари билимини ошириш ва уларни тайёрлаш фаолияти назоратини сусайтирганлиги, хато ва камчиликларга йўл қўйганлиги учун масъул ходимларга навбатдаги интизомий жазо чоралари қўллаш;

ҳар чорак якуни бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан вазирликнинг Кадрлар тайёрлаш, малакасини ошириш ҳамда илмий тадқиқот фаолиятини мувофиқлаштириш бўлимига маълумот тақдим қилиш вазифалари юклатилсин.

42. Таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш бош бошқармаси (Ф.Аҳмедов)га тасарруфдаги давлат педагогика институтлари фаолиятини доимий назоратга олиш вазифаси юклатилсин.

43. Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими вазири, Тошкент шаҳар ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари, давлат педагогика ва малака ошириш институтлари ҳамда республика ташкилотлари раҳбарлари мазкур йиғилиш қарорида белгиланган вазифалар ижросини ўз муддатида таъминласин ҳамда амалга оширилган ишлар юзасидан маълумотларни
2015 йилнинг 28 февралига қадар вазирликнинг Назорат ва таҳлил бошқармасига тақдим этсин.

44. Мазкур Ҳайъат қарори ижросини назорат қилиш тегишли йўналишлар бўйича вазирнинг биринчи ўринбосари Б.Данияров ҳамда вазир ўринбосарлари А.Холбеков, У.Абруев, Э.Искандаровлар зиммасига юклатилсин.

 

Ҳайъат раиси,

Халқ таълими вазири                                                                 У.Иноятов

02.02.2015 09:30:00