11 февраль куни Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур туманидаги 59-сонли давлат ихтисослашган умумий ўрта таълим мактабида Ўзбекистонда кўп йиллар давомида таълим соҳасида ишлаб келаётган хитойлик ўқитувчилар Донг Лаоши хоним ва Вера Кайсуга миннатдорлик билдириш мақсадида тантанали тадбир ташкил этилди.

Тадбирда Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ҳамда Хитойнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Жианг Ян қатнашди.

1978 йилдан буён Донг Лаоши хоним мактабларда ва Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида хитой тили ўқитувчиси сифатида фаолият юритган. Ҳозирги кунда у Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг академик лицейи, 506-мактабгача таълим муассасаси ҳамда  Тошкентдаги Конфуций номли ўзбек-хитой институтида ишлаб келмоқда. 2014 йилда у "Дўстлик" ордени билан мукофотланган.

Ўз навбатида, Вера Кайсу 55 йил давомида (1957 йилдан 2012 йилгача) 59-сонли давлат ихтисослашган умумий ўрта таълим мактабида хитой тили фани ўқитувчиси бўлиб ишлаган ҳамда “Халқ таълими аълочиси” белгисига мушарраф бўлган.

 

Кўп йиллар давомида Донг Лаоши ва Вера Кайсу бир неча авлодни тарбиялаб, хитой тилини ўргатиб, Ўзбекистон ва Хитой ўртасида гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашга ўз ҳиссасиини қўшган.

Маросимда Ўзбекистон Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Донг Лаоши ва Вера Кайсуга мамлакатимизда таълимни ривожлантиришга қўшган ҳиссалари учун миннатдорлик билдирди. Унинг сўзларига кўра, тил халқларни бирлаштиради ва мамлакатлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга имкон беради. Вазир ўқитувчиларни болаларга таълим олишга, жумладан, чет тилларини ўрганишга меҳрини кучайтиришга чақирди.

Тадбирда 59-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари ўзларининг мусиқали чиқиш ва рақсларини намойиш этди. Маросим сўнгида Донг Лаоши ва Вера Кайсуга эсдалик совғалари топширилди.

Мактабга ташриф давомида Ўзбекистон Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ва Хитойнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Жианг Ян ўқувчилар ва ўқитувчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишди. Улар смарт-синф ва лингофон кабинетини кўздан кечирди.

Шерзод Шерматов ва Жианг Ян Ўзбекистон мактабларида хитой тилини ўқитишни янада ривожлантириш ва бу тилни ўқитадиган мактаблар сонини ошириш бўйича фикр алмашди.

Эслатиб ўтамиз, бугунги кунда Ўзбекистонда хитой тили фақат битта мактабда ўқитилиб келмоқда. Хитой тилини ўрганаётган ўқувчилар сони 1,43 минг нафарни ташкил этади.

 
 
11.02.2019 14:33:00