2018 йил 5-7 ноябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, БМТнинг гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси (UNODC) билан ҳамкорликда Тошкентдаги “Гранд орзу” меҳмонхонасида ўқувчилар ва оилалар билан самарали ишлаш, бир қатор ижтимоий-психологик ҳайотий кўникмаларни ривожлантириш, халқ таълими тизимидаги мутахассислар ва ота-оналарнинг таълим-тарбия жараёнидаги психологик-педагогик компетентлигини оширишга йўналтирилган “Мустаҳкам оила” тренинг дастури ва “Бахтли мактаб” лойиҳаси концепциясини ўзлаштириш бўйича республика ўқув семинарини ташкил этади. Ушбу тадбир “Мустаҳкам оила” тренинг дастури қамровини Республика даражасида кенгайтиришни ҳам назарда тутади.

Лойиҳа доирасида мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудда биттадан таянч-тренер мактаб танлаб олинди. Жами 14 та мактабда махсус малакали психолог ва педагоглар жамоаси иш олиб борадилар ҳамда ўқувчи-ёшлар ва уларнинг ота оналари билан замонавий психологик-педагогик технологиялар асосида ишлаш йўлга қўйилади. Мутахассислар ўқувчилар, ота оналар ҳамда ўқитувчиларнинг бахт ҳиссини туйиб ўқиши, яшаши ва ишлашига туртки беришлари керак бўлади. Ҳар бир ҳудудда ташкил этилган таянч-тренер мактаблар келгусида ўзига хос “Бахтли мактаб” лойиҳаси ва “Мустаҳкам оила” тренинг дастури тажрибасини ва оммалаштириш бўйича тренинг марказга айланиши кўзда тутилган.

Лойиҳанинг биринчи босқичида таянч-тренер мактаблар белгиланиб олинган бўлса, иккинчи босқич доирасида таянч-тренер мактабларнинг 70 нафар (ҳар бир ҳудуддан беш нафар) мутахассислари 2018 йилнинг 5-7 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида 3 кунлик “Бахтли мактаб” лойиҳасини амалиётга татбиқ этиш концепцияси ҳамда UNODC билан ҳамкорликда самарали синовдан ўтказилган “Мустаҳкам оила” тренинг-дастурида иштирок этадилар. Тренинглар халқаро ва миллий психолог тренерлар томонидан олиб борилади.

Уч кун давомида мутахассислар томонидан нафақат “Бахтли мактабларни“ ташкил этиш шунингдек, ўзаро ҳурмат, яхши хулқни рағбатлантириш, орзу ва мақсадларга эришиш, ўсмирларни қоидаларга риоя этиши ва уларга тўғри тақиқ қўйиш, ўқувчи-ёшларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик, зўравонлик, зарарли одатлар (ичиш, чекиш, гиёҳвандлик)га қарши психологик иммунитетни вужудга келтириш, оиланинг психологик саломатлигини яхшилаш, оилаларнинг, болалар ва ёшларни ҳар томонлама ривожланишига ёрдам берадиган энг муҳим оилавий хусусиятларини яхшилаш, ота-оналарнинг таълим жараёнига ижобий таъсир этиши, оилавий келишув, тенгдошларнинг босимига қаршилик каби долзарб мавзуларда янги билим ва кўникмаларга эга бўладилар.

Ушбу тренинг натижасида олган билимлари асосида мутахассислар томонидан таянч-тренер мактабларда муаммоли оилалар ва тарбияси қийин ўқувчилар учун “Мустаҳкам оила” дастури асосида мунтазам 7 ҳафталик тренинглар ташкил этилади. Эслатиб ўтиш жоиз, ўтган 2 йил мобайнида Халқ таълими вазирлиги ва UNODC ҳамкорлигида “Мустаҳкам оила” тренинг дастури бўйича Тошкент шаҳридаги 19 та мактабда ўқувчилар ва уларнинг оилалари билан тренинглар ташкил этилди ҳамда ижобий кўрсаткичларга эришилган.

Шу билан бирга, таянч-тренер мактабларнинг педагогик жамоаси ҳар шанба “Ўзини ўзи ривожлантириш куни” доирасида Республика ўқув тренингларида иштирок этган тренерлар томонидан “Мустаҳкам оила” дастурининг ҳамда ёшлар билан ишлаш, жамоани жипслаштириш, стрессни бошқариш каби йўналишларида ўз билимлари ва кўникмаларини бошқа мактаб вакиллари билан ўртоқлашадилар. Таъкидлаш керакки, юқорида келтирилган билим-кўникмалар жамланмасига доир методик-материаллар (ривожлантирувчи тренинг модуллари) @maktabpsixolog телеграм тармоғи орқали ҳар ҳафта жума куни бериб борилади. Лойиҳа доирасида таянч-тренер мактабларнинг педагогик жамоаси олинган билимларни мунтазам ўз фаолиятида амалиётда фойдаланадилар ҳамда пайдо бўлган тажриба ёки муаммоларни ҳар шанба ташкил этиладиган семинар-тренингларда муҳокама қиладилар.

Мазкур ташаббуснинг якуний босқичида ҳар бир ҳудудда “Бахтли мактаб” лойиҳасини оммалаштириш бўйича йўл харита тузилади, унга кўра аввал ҳар бир туман(шаҳар)да биттадан таянч-тренер мактаблар ташкил этилади ва республика тажрибаси асосида ҳудуд ва туман(шаҳар)лар миқёсида каскад усулида 3 кунлик ТОТ (training of trainers - тренерлар учун тренинглар) ташкил этилиши белгиланган

Халқ таълими вазирлиги
Ахборот хизмати

06.11.2018 15:45:00