Бекобод тумани халқ таълими бўлими бошлиғи Хасан Соибназаров даврий нашрларга мажбурий обуна тўғрисида берган кўрсатмаси учун ўз лавозимидан озод этилди.

2018 йил 1 ноябрь куни бир неча интернет ОАВ нашрлари Бекободда ўқитувчилар 2019 йил учун обунага мажбурланаётганлиги ҳақида мақолалар чоп этган эдилар. Халқ таълими вазирлиги мутахассислари ушбу маълумотларни жойига чиқиб ўргандилар.

Таъкидлаш лозимки, Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 25 январдаги 33-сонли Қарорининг 5-бандида қишлоқларда жойлашган умумтаълим мактабларини ўнтагача газета ва журналларга маҳаллий бюджет ҳисобидан обуна қилиш белгиланган.

Ушбу қарор талабидан келиб чиқиб, асосан қишлоқ жойларидаги умумтаълим мактабларига 2019 йил обунаси учун 10 номдаги газета ва журналлар тавсия этилган. Бекобод тумани халқ таълими бўлимига “Тошкент ҳақиқати”, “Халқ сўзи”, “Бекобод овози”, “Маърифат” газеталарига обуна бўлишлари учун маҳаллий бюджет ҳисобидан маблағлар ажратилган.

Тошкент вилояти халқ таълими бошқармасининг Бекобод тумани халқ таълими бўлими бошлиғи Хасан Соибназаров томонидан ўзбошимчалик билан 2018 йил 30 октябрда имзоланган 01-650/18-сонли хатида тумандаги жами 57 та умумий ўрта таълим мактаблари директорларига бир неча газета ва журналларга обуна бўлиш вазифаси юклатилган.

Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 августдаги ПҚ-3907-сон қарорининг 16-бандида халқ таълими ходимларининг босма нашрларга мажбуран обуна бўлишини ташкил этиш тақиқланган.

Кўрилган чоралар натижасида тумандаги умумий ўрта таълим мактабларининг ўқитувчилари Бекобод тумани халқ таълими бўлими бошлиғи хатида кўрсатилган нашрларга мажбурий обуна бўлишмаган.

Ўрганиш натижасида Бекобод тумани халқ таълими бўлими бошлиғи Хасан Соибназаров лавозимидан озод этилди ва унинг мажбурий обуна тўғрисидаги кўрсатмаси бекор қилинди.

Шу билан бирга мажбурий обунани олдини олиш бўйича керакли чоралар кўрмаганлиги ва тўлиқ назоратга олмаганлиги учун Тошкент вилояти халқ таълими бошқармасининг бошлиғи Шукур Бурҳоновга интизомий чора кўрилди.

Ушбу ҳолат юзасидан барча халқ таълими ҳудудий бошқармаларига яна бир бор мажбурий обунани олдини олиш бўйича қатъий топшириқ берилди.

Эслатиб ўтамиз Ўқитувчиларнинг бу каби шикоятларини қабул қилиш ва чора кўриш учун Интернет тармоғида “Устоз овози” виртуал инспектори ишга туширилган. Исталган халқ таълими ходими ҳуқуқлари бузилган ҳолатларда ustozovozi.uzedu.uz сайти ёки telegramm бот (@Ustoz_Ovozi_bot) орқали ўз мурожаатини юбориши мумкин. Ҳозирги кунгача 1113 та мурожаат юборилди ва улар бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда.

Халқ таълими вазирлиги
Ахборот хизмати

05.11.2018 15:22:00