Шайхонтоҳур туманидаги 37-имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб ўқувчилари Ўқитувчи ва мураббийлар кунини ҳар йилгидан ўзгача кайфиятда кутиб олди. Боиси, байрам арафасида мактаб янги ва замонавий кўринишга эга бўлди. 
— Тошкент шаҳар прокуратураси ташаббуси билан мактабимиз биноси ва ҳовлисида кенг кўламли таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилганидан қувончимиз чексиз, — дейди мактаб директори Шаҳноза Абдуллаева. — Синфхоналар замонавий мебеллар билан жиҳозланди. Бундай имконият ўқувчиларнинг сифатли, мазмунли таълим-тарбия олишида жуда муҳим. Бу биз педагогларни вазифамизга виждонан ёндашишга ундайди. 
Мактаб спорт майдончаси қайта таъмирланиб, 280 кв метр ҳудудга махсус чим ётқизилгани ва спорт анжомлари билан жиҳозлангани спортсевар ўқувчиларни қувонтиргани рост. Янгиланган дарвоза узоқдан кўзга ташланади, бинонинг 540 кв метрли фасади қайта таъмирлангани сабаб мактаб янгича кўриниш касб этган. Ҳовлининг 1200 кв метр ерига чим ётқизилиб, мавсумий гул кўчатлари экилгани учун гарчи куз фасли бўлса-да, муассасада баҳор нафаси уфуриб тургандек.  
Мактаб ертўласи ва том қисми замонавий профнастил материал билан қопланди. Ҳовлидаги замонавий ёзги айвонча танаффусда ўқувчиларнинг энг севимли масканига айланди. Мактаб ҳовлисининг кириш ҳамда ёзги айвонча йўлагига 108 кв метр брусчатка ётқизилди. “Тиббиёт хонаси”, “Пазандалик”, “Сартарошлик”, меҳнат хоналарига иссиқ ва совуқ сув қувури ўтказилиб, 3 та раковина ўрнатилди. 6 кв метрли тиббиёт хонаси қайта таъмирланиб, 12 кв метрга кенгайтирилди ҳамда мебель жиҳозлари билан таъминланди. Даволовчи гимнастика ва ритмика хонаси учун 7 миллион сўмлик соғломлаштирувчи жиҳозлар олингани ўқувчилар учун айни муддао бўлди. Мактаб кутубхонасига 37 номдаги 41 миллион сўмлик янги нашрдан чиққан дарсликлар тақдим этилди. 
Янги қиёфага кирган мактабнинг тантанали очилиши муносабати билан ўтказилган “Орзулари бир олам қалблар!” мавзусидаги тадбирда ўқувчиларнинг қувноқ куй-қўшиқлари, амалга оширилган ишлар юзасидан тайёрланган слайд намойиши, ота-оналарнинг миннатдорлиги байрам иштирокчиларига кўтаринки кайфият бағишлади. 

 

Райҳона ХЎЖАЕВА, 
“Maʼrifat” мухбири

 
05.10.2018 11:25:00