Халқ таълими вазирлиги томонидан иқтидорли ўқувчиларни аниқлаш ва уларни ҳар томонлама рағбатлантириш мақсадида жорий йилда илк маротаба “Менинг инновацион ғоям” кўрик-танлови ўтказилмоқда.

Кўрик-танловни ўтказишдан асосий мақсад ўқувчилар ўртасида фан ва техникани ривожлантиришнинг истиқболли йўналишларига мувофиқ техник воситалар ва компьютер технологиялари ишини ўрганишни ташкил этиш ҳамда улар ўртасида техник ижодкорликни ривожлантиришдан иборат.

“Менинг инновацион ғоям” кўрик-танлови икки босқичда ўтказилиб,  унинг ҳудудий босқичларида жами 1200 нафардан ортиқ ўқувчилар 3 минга яқин ижодий ишлар билан иштирок этди.

Мазкур кўрик-танловда “Баркамол авлод” болалар марказлари тўгарак аъзолари ҳамда умумтаълим мактаблари ўқувчилари иштирок этди.

“Менинг инновацион ғоям” кўрик-танловида ўқувчилар қуйидаги 3 та йўналишда 300 дан ортиқ ижодий ишлари билан қатнашиши кўзда тутилган:  
1) автомодель
2) авиа-ракетамодель;
3) робототехника ва электрон ўйинчоқлар;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 28 февралдаги “Мактабдан ташқари таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 50-сонли қарори асосида республика бўйича жами 211 та “Баркамол авлод” болалар марказлари фаолияти ташкил этилди.

Ўқувчиларнинг ижодий қобилиятларини рўёбга чиқариш, ривожлантириш ва қизиқишлари бўйича касб-ҳунарнинг бошланғич сирларини ўргатиш мақсадида барча туман ва шаҳарларда “Баркамол авлод” болалар марказлари фаолият кўрсатмоқда.

Бугунги кунда республикадаги 211 та “Баркамол авлод” болалар марказларида ташкил этилган 4,8 мингдан ортиқ тўгараклар узлуксиз фаолият кўрсатиб, уларда уч йўналишда, яъни экология ва ўлкашунослик, бадиий ва техник ижодиёт йўналишида 58 турдаги тўгараклар ишламоқда.

Бу марказларда ўқувчилар радиотехника, электроника, робототехника мехатроника каби тўгаракларга иштирок этиб мустақил ҳаётга тайёргарлик кўрмоқда.

Бугунги кунда “Баркамол авлод” болалар марказларидаги тўгаракларга республика бўйича жами 130 мингдан ортиқ ўқувчилар жалб қилинган.

2018 йил 10 август куни Самарқанд шаҳридаги “Ёшлар маркази”да “Менинг инновацион ғоям” кўрик-танловнинг якуний республика босқичи бўлиб ўтади. Кўрик-танловда ўқувчиларнинг ижодий ишлари кўргазмалари, турли профессионал жамоаларнинг мастер-класслари, болалар бадиий жамоалари чиқишлари ҳамда тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтади.

Халқ таълими вазирлиги
Матбуот хизмати

 

08.08.2018 18:00:00