Ўзбекистон Республикаси халқ таълими тизимида “тозалаш” ишлари давом этмоқда. Вазирликнинг марказий аппаратида ишловчи аксарият ходимлар вазифасидан озод қилинган. Ҳозирда вилоят, туман, шаҳар халқ таълими бўлимларида ишловчи раҳбар ходимларнинг иш самарадорлиги ўрганиб чиқилмоқда.

Шунингдек, вазирлик томонидан ўқитувчилар қадр-қимматини кўтариш бўйича тадбирлар режаси қабул қилинади. Педагоглар ойлигини кескин кўпайтириш бўйича таклифлар тайёрланмоқда.

Халқ таълими ходимларини мажбурий меҳнатга жалб этиш, турли мажлисларга чақириш ва уларга ноқонуний вазифаларни топшириш ҳолатлари учрайдиган бўлса вазирлик, тегишли тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдимномалар киритади.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов «Ўзбекистон-24» радиоканалининг «Сўз сизга!» дастурида маълум қилди.

2018 йилнинг 19-июл куни тўғридан-тўғри эфирга узатилган радиодастурда ижодкорлар meningfikrim порталиги жойлаштирилган «Мактаб директорлари сайловини жорий этиш ҳақида»ги оммавий мурожаатга тингловчилар муносабатини ўрганди.

Халқ таълими вазири Ш.Шерматов масъул раҳбар ва тингловчи сифатида радио билан боғланиб, мурожаатни қўллаб –қувватлашини билдирди. ОАВ вакилларини, «Ўзбекистон-24» радиоканалини таълим тизимидаги коррупция ва бошқа салбий иллатларга қарши курашда ҳамкорликка чақирди.

Журналистлар қарийиб 1 соат давом этган дастур давомида мурожаат муаллифи, фарғоналик Исроилжон Тиллаев билан ҳам боғланишди. У мурожаатга сабаб бўлган омиллар ҳақида гапириб, 17 июл куни Президент ҳузурида ўтказилган йиғилишни тарихий воқеа деб қабул қилгани, педагог ва блоггер сифатида таълим тизимидаги ислоҳотларда бундан кейин ҳам фаол бўлишини маълум қилди.

 

www.1news.uz

26.07.2018 00:00:00