Президент томонидан 17 июль куни ўтказилган йиғилишни халқ таълими соҳасида инқилобий ўзгаришларга сабаб бўладиган тарихий воқеа деса муболаға бўлмайди. Бу ҳақда Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Facebook’даги саҳифасида фикр юритди.

«Бундан буён энди барча давлат идоралари мактаб ва ўқитувчилар фаолиятига халақит қилиши эмас, балки кўмаклашиши керак! Акс ҳолда Президентимиз томонидан белгилаб берилган янги сиёсатга қарши чиққан бўлади!

Юртимизни келажакда иқтисодий ривожланган мамлакатлар қаторида кўриш учун айнан мактаб таълимига сармоя киритиш ва ўқитувчиларимизнинг жамиятдаги ҳурматини ошириш муҳимлигини давлат раҳбари бир неча бор таъкидлаб ўтдилар ва тегишли топшириқлар бердилар.

Шундан кейин ҳам жойларда халқ таълими тизими ходимларига тазйиқ ўтказиш ҳолатлари кузатилса, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига бундай ҳолатларга жуда қатъий чора кўриш топширилди!»

Шерматовга кўра, халқ таълими тизимининг 580 мингдан ортиқ вакиллари учун йиғилиш ўзига хос байрам бўлиши билан биргаликда, жуда катта масъулият юклайди. Улар давлат раҳбари томонидан яқин 3-4 йил учун белгилаб берилган ушбу улкан вазифаларни тўлақонли ва сифатли амалга ошириш учун бор куч ва имкониятларини сафарбар этиши зарур.

Вазир ушбу вазифалар ижроси юзасидан яқин кунларда тегишли ҳужжатлар лойиҳалари тайёрланиб, раҳбариятга киритилишини маълум қилди.

www.daryo.uz