Жорий йилнинг 9 июль куни Халқ таълими вазирлигида жамоатчилик ва бизнес вакиллари билан учрашув ўтказилди. Тадбирда Халқ таълими вазири Ш.Шерматов, вазир ўринбосарлари А.Умаров, С.Бабаходжаев, А.Саъдуллаев, жамоатчилик ва бизнес вакиллари З.Ҳошимов (Korzinka.uz), Н.Акилова (Nestle), Х.Мамасаидов (Dekos.uz), У.Ишмухаммедов (IDP IELTS), М.Қосимов (Technoplaza) ва Б.Орифжоновлар (Paynet асосчиси) иштирок этди.

Кун тартибида Халқ таълими вазирлиги ҳузурида жамоатчилик кенгашини ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди. Халқ таълими вазирлиги томонидан бугунги кунда жамоатчилик фикрига алоҳида эътибор қаратилаётгани ўлароқ илғор хорижий ва маҳаллий тажрибаларни инобатга олган ҳолда Халқ таълими вазирлиги ҳузурида Жамоатчилик кенгашини ташкил этиш истиқболлари кўриб чиқилди.

Учрашув якунида жамоатчилик кенгаши низомини ишлаб чиқишни бошлаш ва унинг фаолиятидаги устувор вазифаларни белгилаб олишга келишилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 июлдаги “Давлат органлари ҳузурида жамоатчилик кенгашлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3837-сонли қарорининг ўз вақтида бажарилиши ва унинг долзарблигига алоҳида эътибор қаратилди.

Ҳозирда кўпгина давлат ташкилотларида жамоатчилик кенгаши фаолият кўрсатаётганини инобатга олиб, вазирлик раҳбарияти томонидан республика халқ таълими тизимидаги кенг қамровли вазифалар ва йиғилиб қолган муаммоларни бартараф этишда ортирилган тажриба асосида самарали иш механизмини ташкил қилиш лозимлиги қайд этилди.

Халқ таълими вазирлиги
Матбуот хизмати

 

10.07.2018 00:00:00