Шу йилнинг 1-6 июль кунлари Болгариянинг Бургас шаҳрида ўтказилган мактаб ўқувчилари ўртасидаги математика бўйича халқаро мусобақада вакилларимиз 1 та олтин, 2 та кумуш, 2 та бронза медални қўлга киритишди.

Юртимизда ўтган йиллар давомида таълим тизими тубдан ислоҳ қилиниб, ўқитиш жараёнига илғор метод ва усуллар, янги педагогик технологиялар татбиқ қилинди. Дарс ва машғулотларда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланилаётгани эса ўғил-қизларимизнинг фанларга қизиқишини оширмоқда. Пировардида, таълим сифати ва самарадорлиги юксалиб, уларнинг нуфузли кўрик-танлов ҳамда интеллектуал мусобақаларда зафар қучишига замин яратмоқда. Ўқувчиларимизнинг Болгарияда эришган ғалабаси ҳам тизимдаги ислоҳотларнинг амалий самарасидир.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Мактаб ўқувчиларининг Халқаро математика мусобақаси (International Mathematics Competition) дунёнинг иқтидорли ўқувчилари учун энг катта ва муҳим форум ҳисобланиб, унда иштирок этиш ҳар бир мамлакат учун шарафдир. Ҳар йили июль ойида ўтказиладиган мусобақада дунёнинг 30 га яқин мамлакатидан келган 600 нафардан ортиқ иқтидорли ўқувчилар ўзаро беллашадилар.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Мазкур нуфузли мусобақада бешинчи марта иштирок этган Ўзбекистон терма жамоаси шу йили мусобақада иштироки тарихида илк маротаба умумжамоа ҳисобида энг кўп медални олишга муваффақ бўлди.

Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги 1-ИДУМнинг 8-синф ўқувчиси Дониёр Исмоилов олтин медални қўлга киритди. Ушбу мактабнинг 7-синф ўқувчиси Ражаббоев Лазизбек ва Пешкў туманидаги 18-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Норбоев Жаҳонгирлар – кумуш медаль, Термиз шаҳридаги 4-ихтисослаштирилган мактаб-интернатнинг 7-синф ўқувчиси Буриев Искандар, Учтепа туманидаги 4-мактабнинг 7-синф ўқувчиси Мажидов Муҳаммадризолар бронза медалга сазовор бўлишди.

Халқ таълими вазирлиги
Матбуот хизмати

 

06.07.2018 00:00:00