АОКА ҳузурида ташкил этилган штабда ХТВ матбуот котиби Анвар Умаров иштирокида брифинг

Ассалому алайкум ҳурматли юртдошлар!

Эълон қилинган карантин режими ҳамда умумтаълим мактаблари ўқувчилари учун берилган таътил даврида фуқаролар, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги фаолиятига оид савол ва мурожаатлар келмоқда.

Бугунги кунгача келиб тушган мурожаатларга қуйидагича жавоб берамиз.

1-савол: Ўқитувчиларнинг аттестациядан ўтиши онлайн бўлиб ўтадими?  

Жавоб: Республика Махсус комиссиясининг 2020 йил 15 мартда ўтказилган йиғилиш баёни ҳамда 23 март куни Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган «Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, одамлар тўпланиши мумкин бўлган барча тадбирлар тўхтатилган, жумладан  педагог кадрлар аттестацияси жараёнлари ҳам қолдирилди. 

Аттестация жараёнлари онлайн шаклда ўтказилмайди.

Педагог кадрлар учун малака синовлари қачон ўтказилиши ҳақида Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси билан келишилган ҳолда  қўшимча хабар берилади.

Ҳурматли педагоглар, сиздан ушбу қўшимча вақтингиздан унумли фойдаланиб, ўз устингизда ишлашга эътибор қаратишни сўраймиз.

2-савол: Ўқитувчиларга ҳозирги берилган таътил ёзги таътилга қанчалик таъсир қилади, яъни ёзги таътил даври қисқарадими?

Жавоб: Хабарингиз бор, республикамиздаги барча педагоглар жорий йилнинг 18 мартидан бошлаб ҳақ тўланадиган меҳнат таътилига чиқарилди. Бу ҳақда вазирликнинг тегишли буйруғи ҳам қабул қилиниб, жойларга етказилди. 

Ушбу меҳнат таътили ўқитувчиларнинг ёзги даврда бериладиган меҳнат таътилининг бир қисми бўлиб, амалдаги меҳнат қонунчилигига мувофиқ расмийлаштирилади. Яъни ўқитувчилар ҳозирда олган таътил даврининг фойдаланилмаган қисмини ёзда давом эттиради. Бошқача айтганда, ёзги таътил даври мос равишда қисқаради. 2019/2020 ўқув йили учун режалаштирилган таътил (2020 йилнинг 21 мартдан – 27 мартгача) даврида кўзда тутилган педагогик юкламалар педагоглар томонидан ўрнатилган тартибда ойлик иш ҳақлари сақлаб қолинган ҳолда масофадан туриб бажарилиши белгиланди.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтишимиз керак, дарслар бошлангандан кейин ўқитувчиларнинг таътили ҳам тугайди. Бу бўйича қўшимча ахборот берилади.

3-савол: Ўқув йили одатдагидек 25 майда тугатиладими? 

Жавоб: Амалдаги тартибга (Вазирлар Маҳкамасининг 15.03.2017й 140-сонли қарори) кўра, ўқув йили 25 майда якунланади. 26 майдан 15 июнга қадар 9-11-синфларда битирув имтиҳонлари ўтказилади.

Республика Махсус комиссияси қарори билан 16 мартдан бошлаб таълим муассасалари ўқувчилари учун таътил эълон қилинган.

Албатта, таътилнинг давомийлиги тиббий профилактика (карантин) жараёнларининг давом этишига боғлиқ.

Республика Махсус комиссияси қарорига асосан таътилнинг давомийлигига қараб ўқув жараёнларини давом этиши ёки этмаслиги ҳақида ўқувчилар ва ота-оналар хабардор қилинади.

Таътил вақтида белгиланган ўқув дастурлардаги билимлар телевизион дарслар орқали ўқувчиларга етказилади.

Бу дарсларни фақат ўқувчилар эмас, балки уларнинг ота-оналари ва яқинлари, барча педагоглар ҳам кузатиб бориши лозим бўлади.

4-савол: (рус тилида)  Можно ли опубликовать экзаменационные материалы для выпускных и переводных экзаменов, что бы пока дети на каникулах они могли готовиться к экзаменам?

Жавоб: В настоящее время специалистами Республиканского центра образования при Министерстве народного образования ведется работа по подготовке экзаменационных материалов по соответствующим предметам для 5-11-классов.

Контрольные материалы будут размещены на официальном сайте Министерства народного образования uzedu.uz и информационно-образовательном портале eduportal.uz до 1 апреля 2020 года.

Якуний давлат аттестацияси ва босқичли имтиҳон материаллари ҳозирда Республика таълим маркази томонидан 5-11-синф ўқувчилари учун белгиланган фанлар кесимида тайёрланмоқда.

Назорат материаллари 2020 йил 1 апрелга қадар Халқ таълими вазирлигининг uzedu.uz расмий веб-сайти ва eduportal.uz ахборот таълим порталига жойлаштирилади.

5-савол: Дарслар тўхтатилди, ана энди дарслар бошлангандан кейин тўхтатилган дарслар жойидан давом эттириладими? 

Жавоб: Дарслар тўхтатилган кун, яъни 16 мартдан 20 мартга қадар

ўқув йилининг 3 чорак якунига тўғри келганлиги сабабли, бу даврда ўқув дастурига асосан аксарият мавзулар такрорлаш ёки ўтилган мавзуларни мустаҳкамлашга қаратилган.

Шу боис карантин режими тугатилиб, дарслар бошлангандан кейин айнан тўхтатилган мавзудан бошлашга эҳтиёж қолмайди. Чунки ўқувчилар учун тайёрланаётган телевизион дарслар орқали ана шу бўшлиқ тўлдириб кетилмоқда.

Телевизион дарслар ўқув йилининг 4-чорагига режалаштирилган мавзулари асосида тайёрланмоқда. Лекин шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ўқувчилар телевизион дарслар орқали ўзлаштира олмаган билимлар ўқув жараёнлари бошланган вақтда албатта фан ўқитувчилари ёрдамида мустаҳкамланади.

   6-савол: Мактаб дарслари масофавий ва мустақил ўзлаштирилади, дейилди. Дарслар бошланганда шу дарслардан имтиҳонми ёки шунга ўхшаш бирор нарса бўладими? Ўзлаштирилганлиги қандай аниқланади?

Жавоб: Телевизион дарсларни параллель равишда интернет тармоғида   вазирликнинг расмий веб-сайтида, kundalik.com ҳамда онлайн мактаб электрон портали орқали кузатиб боришга имкон яратилади. 

Kundalik.com орқали ўқитувчилар ўқувчиларнинг видеодарслар орқали билим олишини назорат қилиб, баҳолаб боради.

Kundalik рақамли таълим платформаси Ўзбекистон мактабларида масофавий таълимни ташкил қилиш учун барча зарур функцияларга эга. Бу ўқувчиларга уйда ўтирган ҳолда ўқув жараёнини тўхтатмаслик, фанларни мустақил равишда ўрганиш ва педагог билан масофадан туриб мулоқот қилиш имконини беради. 

Педагоглар Kundalik орқали уй вазифаларини ва ўқув материалларини бериши, ўқувчилар эса бажарилган ишларни текширишга юборишлари мумкин. Якун бўйича ўқитувчилар электрон журналга баҳо қўяди ёки жавоблар устида яна ишлаш бўйича шарҳларини қолдиради.

Албатта, бу тизим ҳозирча фақат Тошкент шаҳрида йўлга қўйилганлиги боис, қолган ҳудудларда таътил даври тугаб, ўқув жараёнлари бошланган вақтда 4-чоракда режалаштирилган назорат ишлари (оралиқ ва якуний) ўтказилади. Чунки ўқувчиларнинг ўқув йилини муваффақиятли якунлаши ҳамда синфдан-синфга кўчирилиши, битирувчи синф ўқувчиларига эса аттестат берилиши керак бўлади.

Шу билан бирга, барча юртдошларимизга мурожаат қилиб, фарзандлари билимини мустаҳкамлашда ота-оналар ёрдамларини аямаслигини, фақатгина теледастурлар орқали берилаётган дарсларда эмас, балки мунтазам равишда мактаб дастурини ўзлаштиришида кўмак беришларини илтимос қилиб қоламиз.

Шунингдек, барча педагоглардан ўз фанлари бўйича масофавий тарзда – телефон, ижтимоий тармоқлар орқали мунтазам равишда ўқувчиларига педагогик ва психологик ёрдам беришларини, уларнинг билимларидаги бўшлиқларни тўлдириб боришларини сўраймиз.

7-савол: Карантин туфайли умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида ўтказиладиган фан олимпиадасининг III вилоят босқичи қолдирилдими? Агар қолдирилган бўлса, қайси ой ўтказилиши режалаштирилмоқда?

Жавоб: Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, Махсус комиссия қарори ва Ҳукуматимиз томонидан қабул қилинган «Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги (23 март 2020 й 176-сонли) қарорига мувофиқ, барча тадбирлар, жумладан 23-28 март кунларига режалаштирилган фан олимпиадалари ҳам қолдирилди.

Таътил даври тугаганидан сўнг ўқув жараёнларига таъсир қилмаган ҳолда фан олимпиадалари ўтказилади. Бу ҳақда албатта ота-оналар ва ўқувчилар ҳамда педагоглар қўшимча равишда хабардор қилинади.

  8-савол: Мен мактабда психолог бўлиб ишлайман. Лекин карантин вақтида мактабда администрация яъни директор, директор ўринбосарлари, психолог, Ёшлар иттифоқи, ишласин деган қарор чиқди. Лекин мени 3 нафар вояга етмаган фарзандларим бор. Директор ўз ҳисобингиздан таътилга чиқинг, деб айтди.

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги Фармонида белгилаб берилганидек, боғча ёки бошланғич синф ёшида бўлган фарзандларига уйда қараб туришлари учун лавозимидан қатъий назар меҳнат таътили берилади. Бунинг учун уларга барча шароитлар яратилиши шарт.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 мартдаги “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 176-сон қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Халқ таълими вазирининг 2020 йил 24 мартда тегишли буйруғи қабул қилинди.

Эндиликда таълим муассасалари (ташкилотлар)нинг асосий иш фаолиятига таъсир этмаган ҳолда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ходимларни (мактаб директори ёки ўринбосарларидан бири, қоровулдан ташқари) меҳнат таътилига чиқариш, қолган қисмининг меҳнат фаолиятини максимал даражада масофадан туриб (“онлайн” режимда ёки масофавий тарзда) ташкил этиш белгиланди.

Шунга кўра, Сизга қонунчиликка мувофиқ меҳнат таътилига чиқишингизга рухсат берилади.

9-савол: Хусусий мактабда ишлайман. Мактабнинг хорижлик раҳбари ишга келишни талаб қиляпти. Акс ҳолда ишдан бўшашим мумкинлигини айтмоқда. Шу тўғрими?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 мартдаги 176-сонли қарорига мувофиқ идоравий бўйсунуви ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъий назар барча ташкилотларнинг асосий иш фаолиятига таъсир этмаган ҳолда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ходимларни меҳнат таътилига чиқариш, қолган қисмининг меҳнат фаолиятини максимал даражада масофадан туриб (“онлайн” режимда ёки масофавий тарзда) ташкил этиш чораларини кўриш топширилган.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда умумтаълим муассасалари, шу жумладан, нодавлат таълим муассасаларида ҳам ўқитувчиларни меҳнат таътилига чиқариш ёки масофавий ишлаш режимига ўтказиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

10-савол: Вилоят халқ таълими бошқармалари, шаҳар туман халқ таълими бўлими методистлари фаолиятини давом эттирадими улар ҳам меҳнат таътилига чиқадими?

Жавоб: Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги Фармонига асосан барча ходимларга боғча ёки бошланғич синф ёшида бўлган фарзандларига уйда қараб туришлари учун лавозимидан қатьий назар меҳнат таътили берилади, бунинг учун уларга барча шароитлар яратилиши шарт.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 мартдаги 176-сон қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Халқ таълими вазирининг 2020 йил 24 мартдаги тегишли буйруғи қабул қилинди.

Эндиликда ташкилотларнинг асосий иш фаолиятига таъсир этмаган ҳолда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ходимларни меҳнат таътилига чиқариш, қолган қисмининг меҳнат фаолиятини максимал даражада масофадан туриб (“онлайн” режимда ёки масофавий тарзда) ташкил этиш белгиланди.

Шунга кўра, ҳудудий халқ таълими бошқармалари ва туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари методистлари ва бошқа ходимлари қонунчиликка мувофиқ меҳнат таътилига чиқиши ёки иш фаолиятини масофадан ташкил этиши мумкин.

11-савол: PISA 2021 халқаро тадқиқотлар бўйича жойларда ташкил этилган таянч мактаблар фаолияти карантин вақтида тўхтатиладими ёки давом эттириладими?  

Жавоб: Республикадаги барча таълим муассасалари қатори халқаро баҳолаш тадқиқотлар бўйича таянч мактаб этиб белгиланган таълим муассасалари фаолияти ҳам вақтинчалик тўхтатилган.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоизки, телевизион дарслар   орқали тажрибали тренер ўқитувчилар халқаро баҳолаш тадқиқотларига оид маълумотларни ҳам бериб боради.  Ўқувчилар билан бир қаторда таянч мактабларда фаолият юритаётган ўқитувчиларга PISA 2021 халқаро тадқиқотларга  оид материаллар билан танишиб, билимларини бойитиб бориш имконияти яратилади.

Baham ko'ring: