Халқаро фан олимпиадаси ғолиблари ва уларнинг ўқитувчилари иштирокида давра суҳбати ташкил этилди

Халқ таълими вазирлиги томонидан умумтаълим мактабларининг фаол сардорлари учун халқаро фан олимпиадалари ғолиб ўқувчилари ҳамда уларнинг ўқитувчилари иштирокида давра суҳбати ўтказилди. Тадбирда Халқ таълими вазирлиги мутасаддилари, Халқаро фан олимпиада иштирокчилари ҳамда уларнинг ўқитувчилари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Давра суҳбати аввалида Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Алишер Умаров мамлакатимизда олиб борилаётган фан олимпиадалари соҳасидаги ислоҳот ва ўзгаришлар тўғрисида кенг маълумот берди. Шу билан бирга, жорий йилдан умумий ўрта таълим муассасаларининг 4-11-синф, академик лицейларнинг 1-2-босқич ва касб-ҳунар коллежларининг 3-босқич ўқувчилари ўртасида янги турдаги онлайн фан олимпиадаси ташкил этилиши ҳақида батафсил тўхталиб ўтди.

2k2a3310.jpg

- Мамлакатимизда юртбошимиз томонидан ёшларга жуда катта эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида юртимизда фан олимпиадаларининг янги тизими жорий этилди, - дейди Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Алишер Умаров. – Аввало, мамлакатимиз ўқувчиларининг халқаро фан олимпиадаларида иштироки сони сезиларли даражада ошди. Ғолиб ўқувчиларни муносиб рағбатлантириш мақсадида янгича тақдирлаш тизими ишлаб чиқилди. Ушбу олимпидаларда кумуш медални қўлга киритган ўқувчилар 66 млн. 900 минг сўм, уларнинг ўқитувчилари 55 млн. 750 минг сўм пул мукофоти билан,  бронза медалини қўлга киритган ўқувчилар 44 млн. 600 минг сўм, уларнинг ўқитувчилари 33 млн. 450 минг сўм пул мукофоти билан тақдирланди. Ғолиблар Олий таълим муассасаларига имтиёзли киришга эга бўлди.

2k2a3519.jpg

Тадбирда халқаро олимпиада ғолиблари ва уларнинг ўқитувчилари олимпиадага тайёргарлик кўриш ҳамда иштирок этиш бўйича ўз тажрибалари ҳақида ўртоқлашди. Хусусан, халқаро олимпиадаларда мунтазам равишда иштирок этиб, муваффақиятга эришиб келаётган Тошкент педиатрия тиббиёт институти академик лицейи директори Ортиқбой Эшонқулов халқаро олимпиадаларга тайёргарлик кўриш бўйича тавсиялар берди. Шу билан бирга, 60-Халқаро математика олимпиадасининг бронза медали совриндори Жасурбек Имомов халқаро олимпиададаги иштироки ва муваффақияти ҳақида маълумот берди.

Давра суҳбати якунида учрашув иштирокчилари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимларининг барча саволларига батафсил жавоб берилди.

Baham ko'ring: