Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси депутатлари Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонуни янги таҳририни тасдиқлади

2020 йил 19 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида янги таҳрирдаги “Таълим тўғрисида”ги қонун лойиҳаси тасдиқланди.

Қонун лойиҳасини такомиллаштириш мақсадида масъул қўмита ҳамда ишчи гуруҳ томонидан бир неча бор муҳокамалар ўтказилди. Тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари иштирокида лойиҳанинг қоида ва нормалари маромига етказилди.

Хусусан, қонун лойиҳасини такомиллаштириш жараёнида 238 та нормага тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди, 123 та норма чиқариб ташланди. Уларнинг ўрнига 54 та янги тўғридан-тўғри амал қилувчи нормалар киритилди. Ортиқча маъмурий тартиб-таомиллар ва тартибга солишнинг эскирган механизмларини бартараф этиш ҳисобига киритилган 7 та моддадан бутунлай воз кечилиб, аниқ соҳалардаги муносабатларни тартибга солувчи

9 та янги модда киритилди.

Эътиборлиси, қонун лойиҳасига инклюзив таълим тушунчаси ҳам сингдирилган. Бу эса ҳар бир боланинг таълим олишдаги тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш ҳар қандай дискриминация ва камситишларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Шунингдек, лойиҳада амалдаги қонунда, умуман, қонунчиликда кўзда тутилмаган янги қоида — юртимизда ёшидан қатъий назар, катта ёшдагилар учун ҳам умри давомида билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаб бориш имконияти белгиланган.

Baham ko'ring: