Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги брифинги

 

Ўзбекистонда коронавирус (COVID-19) эпидемияси бўйича эълон қилинган карантин режими вақтида фуқаролар, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги фаолиятига оид савол ва мурожаатларга ЖАВОБЛАР

 

 Ассалому алайкум ҳурматли юртдошлар!

Эълон қилинган карантин режими ҳамда умумтаълим мактаблари ўқувчилари учун берилган таътил даврида фуқаролар, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги фаолиятига оид савол ва мурожаатлар келиб турибди.

Бугунги саволларнинг аксарияти онлайн дарслар билан боғлиқ бўлгани учун уларга жавоб беришдан аввал юртдошларимизга жорий йилнинг 30 март кунидан бошлаб 3 та телеканалда онлайн дарсларни эфирга беришни бошланганлигини эслатиб ўтмоқчимиз. Онлайн дарсларни эфирга узатиш учун 3 та канал тўлиқ 24 соат ихтиёримизга берилди, бу ҳам катта имконият. Бунинг учун, энг аввало, шу жараёнларни ташкил этишда бизни қўллаб-қувватлаётган Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ижодкорларига 6 млн.дан ортиқ ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари номидан миннатдорчилик билдирамиз.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоиз, онлайн дарсларни тасвирга олишда қисқа муддатда кенг қамровли ишлар бажарилди. Бугунги кунга қадар 1200 дан ортиқ дарслар тасвирга олинди. Ушбу амалиёт биринчи маротаба бўлгани боис ўқитувчилар ҳам телевизион дарслар ўтиш кўникмасига эга эмас эди. Лекин шунга қарамай натижалар биз кутгандан анча яхши.

Масалан, сўнгги 4 кунда 400 дан ортиқ дарслар эфирда берилган бўлса, шундан 3 та дарсда хатоликлар кузатилди. Бу умумий дарсларнинг 1% и ҳам эмас, демак 99% дарслар ижобий қабул қилинди.

Бундан ташқари, вазирлик томонидан эфирга узатилган дарслар юзасидан таклиф олиш учун ижтимоий тармоқда алоҳида саҳифа ташкил этилди. Уларга келиб тушаётган таклифлар асосида дарслар сифатини кундан-кунга яхшилаш чоралари кўриб борилмоқда.

Энди бугунги кунгача келиб тушган мурожаатларга жавоб берсам.

1-cавол: Эълон қилинган дарс жадвали бўйича бугун 2-синф учун соат 10.00дан 10.30гача телеканалларда дарслар берилиши керак эди. Ўша вақтда бошқа синфлар учун (рус синфлар учун) дарс бўлди. Шу ўринда ташкилотчиларга экранда қайси синф учун ва қайси фандан дарс бўлаётганлиги ёзиб қўйилса ҳамда ҳафталик дарс жадвалини ўзгармас қилиб белгиланишини сўрайман.

Жавоб: Аввало, шуни таъкидлаш лозимки, ўқитувчилар ва телевидение ходимлари видеодарсларни илк бор тайёрлашмоқда. Тажриба йўқлиги туфайли камчиликлар мавжуд. Дарсларни намойиш этиш вақти видеодарслардаги баъзи хатоликларга ҳам тегишли.

Эфирнинг биринчи куни (30 март) 1-4-синфлар учун намойиш этилган каналда бошланғич синфларда қайси синфда дарс бўлаётганлиги экранда (титр) кўрсатилмаган эди. Берилган таклиф асосида иккинчи кунданоқ бу таклиф инобатга олиниб, қайси синфда қандай дарс бўлаётганлиги барча каналлар (3 та канал) экранида доимий кўрсатиш имконияти яратилди.

Дарсларнинг эфирга бериш вақти бўйича ҳам таклифлар ўринли. Биз дарсларни ўртача 15 дақиқага режалаштирган эдик, лекин биринчи кун берилган дарслар ўқитувчиларда илк дарс сабаб ҳаяжон бўлгани учун айрим жойлари монтажда қисқартирилишига тўғри келди.

 Мазкур муаммо Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ижодкорлари билан муҳокама қилинди. Бугунги кунга келиб барча синфларда дарслар ўртача 10-15 дақиқага етказилди.

Халқ таълими вазирлиги бир неча кун аввал аҳолидан видеодарсларни такомиллаштириш мақсадида таклиф ва тавсиялар учун махсус саҳифа ишга туширди. Мазкур саҳифага келиб тушаётган таклифлар тегишли мутахассислар билан ўрганиб чиқиляпти ва видеодарсларга татбиқ этиб борилмоқда. Шу билан бирга, таклифларнинг ҳаммасини бир зумда амалиётга жорий этишнинг имкони йўқ. Таклифлар босқичма-босқич жорий этиб борилади.

Шу ўринда эслатиб ўтмоқчимиз, эфир барча каналларда соат 8.30 да бошланиб, ўз вақтида кўриш имкони бўлмаган ёки 2-3 нафар фарзанди бўлган оилалар учун барча дарслар соат 17.00 дан бошлаб такроран эфирга узатилмоқда. Қолаверса, Youtube.com (https:// youtube.com/c/Ozbekiston Respublikasi Xalqtalimivazirligi), Mover.uz https://mover.uz/ channel/ uzeduuz/) ва https://t.me/uzedu onlinemaktab Telegram-канали орқали ҳам кўришингиз мумкин.

2-таклиф: Онлайн дарслар эфир вақти 3-4 фарзандли оилалар учун ноқулай бўлмоқда, уйда телевизор битта, дарслар бир пайтда бошқа каналларда ёки такрорий эфир учун кун бўйи болалар телевизор тагида ўтиришига тўғри келаркан. Шунингдек, чекка ҳудудларда интернет сифатида муаммо бор. Шу сабабли синфлар кетма-кетлигини ўзгартириш, масалан, 1-2-3... каби эмас, балки аввал тоқ кейин жуфт сонли синфлар дарсини эфир сеткасига жойланса, ҳаммага қулай бўларди.

Жавоб: Аввало, таклифларингиз учун катта раҳмат! Билдирган таклифингизни Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ижодкорлари билан муҳокама қилиб, келгуси эфирларда инобатга олишга ҳаракат қиламиз.

Шу билан бирга, берилган таклиф баъзи оилаларга тўғри келиб, бошқа оилаларга ноқулайликлар яратиши мумкин.

Юқорида ҳам айтиб ўтилганидек, ўз вақтида кўриш имкони бўлмаган ёки 2-3 нафар фарзанди бўлган оилалар учун барча дарслар соат 17.00 дан бошлаб такроран эфирга узатилмоқда ҳамда Youtube.com (https://youtube.com/c/O-zbekistonRespublikasiXalqtalimivazirligi), Mover.uz (https://mover.uz/ channel/ uzeduuz/) ва https://t.me/uzedu onlinemaktab Telegram-канали орқали ҳам кўришингиз мумкин.

3-савол: Фарзандларимиз учун дарслар телеканаллар орқали онлайн берилаётганидан мамнунмиз. Шу ўринда баъзи саволларимиз бор. Бугун ўзбек синфлари учун инглиз тили дарси берилди. Нега рус тилида инглиз тили дарси берилмади? Интернетда дарслар ҳажми 30 дан 70 МВ гача, ҳаммада ҳам уни кўриш имкони мавжуд эмас. Шу сабабли телеканаллар орқали такрорий дарсларни қандай кўриш мумкин? Жавоб: Эслатиб ўтамиз, барча дарслар ўзбек ва рус тилларида тасвирга олинмоқда. Шу жумладан, инглиз тили дарси ҳам ўзбек ва рус тилида таълим олаётган ўқувчилар учун алоҳида-алоҳида тасвирга олиб, намойиш этилмоқда. Бунинг учун Сизга вазирлик расмий сайти ёки online maktab телеграмм каналида дарс жадвалларини ва дарсларни кузатиб бориш тавсия этилади.

Ўз вақтида дарсларни кўриш имконияти бўлмаса, ҳар куни соат 17.00 дан такроран кўриш имконияти мавжуд. Юқорида айтилганидек, видеодарслар интернет тармоғида бериб борилмоқда. Аҳолини ҳозирда мавжуд имкониятлардан фойдаланишга чақириб қоламиз.

4-савол: Нега онлайн дарслар белгиланган вақтдан кўра камроқ ўтиляпти? Бунга нима сабаб?

Жавоб: Юқорида шунга ўхшаш саволга жавоб берилди. 45 дақиқалик дарснинг асосан янги мавзуни мустаҳкамлаш ва уйга вазифани тушунтириш қисмини инобатга олиб, дарсларни ўртача 15 дақиқага режалаштирган эдик. Лекин биринчи кун берилган дарслар ўқитувчиларнинг илк дарси ва ҳаяжони бўлгани учун айрим жойлари монтажда қисқартирилишига тўғри келди.

Шу билан бирга, видеодарслар давомийлиги мавзу қамровига қараб фарқланади. 7-10 дақиқалик дарслар ҳам, 20-30 дақиқлик дарслар ҳам мавжуд. Баъзи қийинроқ мавзулар эса бир неча видеодарсларга бўлиниб ҳам ўтилади.

5-савол: Шу йил фарзандим 1-синфга чиқиши керак. Мазкур вазиятда нима қилишим керак? Фарзандимни навбатга қўйишим керакми?

Жавоб: Болаларни мактабга қабул қилиш масаласи бўйича қонунчилик ҳужжатларига кўра мактабларга қабул июнь-август ойларида ташкил этилади. Июнь ойига қадар ҳали вақт бор. Карантин муддати бу вақтга қадар якунланса, қабул ўрнатилган тартибда ташкил этилади. Карантин муддати чўзилса, тегишли ташкилотлар билан қабул тартибига ўзгартириш киритиш масаласи кўриб чиқилади.

Ҳозирда фарзандингиз мактабгача ёшдаги болалар учун тайёрланаётган дастурларни “Болажон” канали орқали кузатиб боришини тавсия этамиз.

6-савол: Биз карантин муносабати билан масофадан туриб ишлаяпмиз. Мен ўқитувчиман, синфда 30 нафар ўқувчи бор, шу каби 3 та синфим бор. Кун давомида масофадан туриб ўқувчилар ва ота-оналар билан ишлаяпмиз, уларни дафтарларини текширяпмиз, вазифалар беряпмиз. Энди шу ўринда саволимиз қуйидагича: мактаб ўқитувчиларига 31 март – қўшимча меҳнат таътил муддати тугаши муносабати билан ўз ҳисобидан таътил берилиши тўғрими? Шунингдек, муддатидан олдин берилган меҳнат таътили муносабати билан ёзда ўқитувчилар ўз ҳисобидан таътилга чиқариладими?

Жавоб: Барча педагог ходимларга 18-20 март ҳамда 28-30 март кунлари учун меҳнат таътили берилди.

Эндиликда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Махсус комиссиянинг тегишли қарори билан таълим муассасалари (ташкилотлар)нинг асосий иш фаолиятига таъсир этмаган ҳолда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ходимларни меҳнат фаолиятини максимал даражада масофадан туриб (“онлайн” режимда ёки масофавий тарзда) ташкил этиш белгиланди. Бу борада Халқ таълими вазирлигининг тегишли буйруғи қабул қилиниб, 1 апрелдан бошлаб, барча ўқитувчилар меҳнат таътилидан чақирилиб, масофадан туриб ишлаш тартибига ўтказилди. Бунинг учун уларга ойлик иш ҳақи тўланади.

Шу ўринда эслатиб ўтмоқчимиз, масофадан туриб меҳнат фаолиятини давом эттираётган педагоглар эфирга узатилётган онлайн дарсларни ўқувчиларга тўлиқ етказилишига, яъни ота-оналарнинг мурожаатларига асосан имкон қадар ўқувчиларга мавзуларни мустаҳкамлаб боришлари зарур.

Бу жараён ортиқча ҳисоботбозликка, мажбурий тартибга айланмаслиги зарур.

7-савол: Видеодарслар уч тилда тайёрланмоқда. Нима учун қардош тилларда видеодарслар мавжуд эмас?

Ҳозирда ТВ орқали 3 та тилда (ўзбек ва рус, қорақалпоқ) дарслар намойиш этилмоқда. Ҳудудларда қардош тилларда таълим берилаётган мактаб педагоглари томонидан масофавий тарзда ўқувчиларга ушбу дарсларни тушунтириб боришларини тавсия этамиз. Ҳозирча қорақалпоқ тилида Қорақалпоғистон Республикаси маҳаллий телеканали билан ҳамкорликда тайёрланмоқда.

Боиси (1) қўшимча тиллар учун яна телеканаллар керак. (2) Видеодарсларни тасвирга олиш учун қўшимча студия керак. Ҳозир деярли барча телестудиялар банд. (3) Тошкент шаҳрида тожик, туркман, қозоқ, қирғиз тилларида дарс ўтиладиган мактаблар йўқ, шунинг учун ушбу тилларда дарс берадиган барча фанлардан ўқитувчиларни топиш ҳам муаммо. Карантин даврида вилоятлардан ўқитувчиларни пойтахтга олиб келишнинг ҳам иложи йўқ.

8-савол: Видеодарслар орқали таълим олиш жараёнида ўқитувчи ва ота-оналар нима қилишлари кераклиги ҳақида маълумот берсангиз?

Жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб, барча умумтаълим мактабларида

4-чорак ўқув жараёнларини масофавий таълимни йўлга қўйиш мақсадида вазирликнинг тегишли (2020 йил 31 мартда 91-сонли) буйруғи қабул қилинди.

Унга кўра жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб:

а) умумий ўрта таълим муассасаларида ўқув йилининг IV чораги учун режалаштирилган дарс машғулотларини масофавий видеодарслар шаклида ташкил этилганлиги сабабли ўқитувчиларнинг иш фаолияти масофавий тарзда (иш ҳақи тўлиқ сақланган ҳолда) давом эттирилади;

б) навбатдан ташқари меҳнат таътилида бўлган ходимларнинг таътил муддатини йиллик асосий меҳнат таътили ҳисобидан узайтирилади;

в) қолган ходимларга заруратга кўра йиллик таътилдан фойдаланиш графигидан қатъий назар асосий меҳнат таътили ҳисобидан ҳақ тўланадиган йиллик меҳнат таътили тақдим этилади.

Фан ўқитувчиси:

Ўз иш фаолиятини масофавий тарзда давом эттираётган фан ўқитувчилари телевизион дарс орқали ўқувчиларга берилаётган уй вазифаларини ота-оналар билан биргаликда бажарилишига кўмаклашади ва уларни баҳолаб боради.

Бунда ўқувчиларнинг уй вазифалари юзасидан олган баҳолари Тошкент шаҳрида электрон журналга, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ўқитувчилар ўзи учун қайд этиб боради.

Ота-оналар:

фарзандларига телевизион дарсларни кўриш ва уй вазифаларини бажаришга шароитлар яратиб беради;

фарзандларининг телевизион дарсларни ўз вақтида кўришини назорат қилади;

фарзандларига уй ишини қилишга ва натижаларини фан ўқитувчисига етказишга кўмаклашади, шунингдек, бу борада фан ўқитувчиси билан ҳамкорлик қилади.

Уй вазифаси:

Ўқувчилар фақат телевизион дарсда берилган уй вазифасини бажаради.

Ўз иш фаолиятини масофавий тарзда давом эттираётган фан ўқитувчилари томонидан ушбу уй вазифаларини бажаришда кўмаклашади.

Baham ko'ring: