Умумий ўрта таълим муассасаларида мусиқа маданияти, тасвирий санъат ва жисмоний тарбия фанларини ўқитишни янада такомиллаштирилади

Юртимизда охирги йилларда халқ таълими тизимига катта эътибор берилиши натижасида мазкур соҳада бир қатор ислоҳотлар амалга оширилди.

Бу ислоҳотларнинг давоми сифатида умумий ўрта таълим муассасаларида мусиқа маданияти, тасвирий санъат ва жисмоний тарбия фанларини ўқитишни янада такомиллаштириш ва юқори меҳнат самарадорлигига эришаётган ўқитувчиларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди.

2020-2021 ўқув йилидан бошлаб умумий ўрта таълим муассасаларида мусиқа маданияти, тасвирий санъат ва жисмоний тарбия фанлари бўйича икки босқичда факультатив дарс машғулотлари ташкил этиладиган бўлди.

Ушбу факультатив дарс машғулотларини ўтишга Ўзбекистон Республикаси халқ артисти,халқ рассоми каби таниқли, юксак ютуқларга эришган санъат, маданият ходимлари ва спортчилар жалб қилинади.

Бу орқали ушбу фанларга ўқувчиларнинг қизиқиши ортади, уларнинг қобилияти ва иқтидори барвақт аниқланади ва ривожлантирилади.

2021 йилдан бошлаб юқори меҳнат самарадорлигига эришаётган мусиқа маданияти ва тасвирий санъат фани ўқитувчиларига малака тоифаси тўғридан-тўғри (аттестациядан ўтказилмасдан) берилади.

Бунда туман (шаҳар) миқёсидаги мусиқа ва тасвирий санъат йўналишидаги кўрик-танловларнинг 1-ўрин совриндорларини тайёрлаганларга — иккинчи малака тоифаси, вилоят миқёсида тайёрлаганларга — биринчи малака тоифаси, халқаро ҳамда республика миқёсида 1-, 2-, 3-ўрин совриндорларини тайёрлаганларга — олий малака тоифаси берилади.

Умумий ўрта таълим муассасалари спорт турларини ўргатиш бўйича видео-ресурслар, электрон қўлланмалар, ўқувчиларнинг ёшига мос мусиқий асарлар билан таъминланади.

Мусиқа маданияти, тасвирий санъат ва жисмоний тарбия фанлари синфхоналарини жиҳозлаш меъёрлари қайта кўриб чиқилади.

Қорақалпоғистон Республикасининг бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети, туман (шаҳар) бюджетлари даромадларининг прогноз параметрларидан ошириб бажарилган қисми ҳисобидан тегишли маблағлар умумий ўрта таълим муассасаларининг мусиқа маданияти, тасвирий санъат синфхоналари,фаоллар ва спорт залларининг моддий-техник базасини яхшилашга йўналтирилади.

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти, Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳамда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти битирувчиларига 2021/2022 ўқув йилидан умумий ўрта таълим муассасаларида педагогик фаолият олиб бориш ҳуқуқи берилади.

Умумий ўрта таълим муассасаларида мусиқа маданияти, тасвирий санъат ва жисмоний тарбия фанларини ўқитишни янада такомиллаштириш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди ва regulation.gov.uz сайтига муҳокама учун эълон қилинди.

Baham ko'ring: