У ёнувчи пилигдирки, атрофга нур таратур…

Бирор бир соҳа йўқки, унга ўқитувчиларимизнинг бевосита ёки билвосита қўшган ҳиссалари бўлмасин. Дунёда ўқитувчи ва мураббийларнинг билими, доно маслаҳати, ақл-заковати, меҳр-муҳаббатидан баҳраманд бўлмаган бирор киши бўлмаса керак.

Тошкент шаҳри, Яшнобод туманидаги 69-мактабда фаолиятини бошлаган Ирода ҳар қандай ишни доим «аъло»га бажариб, фаол устозлар сафидан жой олди. Ўз малакасини тинимсиз ошириб, 2001 йил «Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси» танловининг Республика босқичида ғолиб бўлди.

Изланувчан муаллима доимий равишда янгилик ўрганиб, дарс жараёнида қўллашга ҳаракат қилди. Ниҳоят, ўзи ҳам биринчилардан бўлиб интерактив доскалар учун видеодарс ва мультимедиа иловаларини ярата бошлади. 2010 йил эса 8- ва 9-синфлар учун «Функциялар» мавзусида кўп функцияли мультимедиа иловасини Республикада биринчи бўлиб яратди. Изланишдан чарчамай Кореялик мутахассислардан маслаҳатлар олди. 7- ва 10-синф алгебра дарсликлари учун мультимедиа иловаси сценарий муаллифи бўлган И.Саибова ўқувчиларда танқидий ва креатив фикрлашни шакллантиришга эътибор қаратди.

2012 йил Халқаро конференцияда иштирок этиб, халқаро экспертлар учун намунали дарс ўтиш жараёнида ўзбек ўқувчиларининг юқори салоҳиятини очиб берди. Шу йили Халқ таълими вазирлиги томонидан И.Саибова «Халқ таълими аълочиси» кўкрак нишони билан тақдирланди.

Шу билан бирга Республика таълим марказининг Илмий Кенгаш аъзоси сифатида фаолият юрита бошлади. Бир қатор олимлар билан халқ таълимини такомиллаштиришда тинмай меҳнат қилди.

Республикада илк бор ташкил этилган «Аниқ ва табиий фанлар» форумида «Математика дарсларида мультимедиавий тренажёрлардан фойдаланиш» мавзусидаги маърузалари бошқа маърузалардан ўзгача бўлиб, тренинг кўринишида ташкил этилди. Саибова И.Б.нинг иш тажрибалари РТМ илмий кенгашида ўрганиб чиқилди ва Республикада оммалаштирилди.

Маҳоратли устоз «STEAM» методикасини ўрганиш бўйича халқаро вебинарларда иштирок этиб, ўз иш тажрибаларида қўллай бошлади. Президент мактаби ўқитувчилари танлови учун математика фани ва педагогик методикадан топшириқлар тузишда ва эксперт сифатида иштирок этди.

Ҳозирда тажрибали педагог илмий кенгаш аъзолари билан бирга халқаро тажрибаларни ўрганиб, математикадан янги замонавий дастур ишлаб чиқиш устида ишлаб келмоқда. БМТ ва ЮНEСКО билан биргаликда ташкил этилган лойиҳа ва ўқувларнинг фаол иштирокчиси тинмай янги таълим стандартлари, замонавий дарслик ва тест яратиш устида изланмоқда.

Республика таълим марказининг «Аниқ ва табиий фанлар методикаси» журналида бир қатор мақолалари чоп этилган. Жумладан, «Математика дарсларида интерфаол методлардан фойдаланиш», «Комбинаторик масалаларни ечиш усуллари», Халқаро PISA тадқиқотларига тайёрмисиз?”, “PISA тадқиқотлар масалаларини ечамиз” мақолалари шулар қаторидандир.

Таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларни амалга ошириш миллий марказида математика фанидан қўлланма эксперти сифатида фаолият юритди. Топшириқларни бажариш бўйича бир қатор роликлар яратди. Янгидан-янги йўналишлар, жумладан креатив фикрлаш топшириқларини OECD сайтидан олиб, таржима қилиб, ўқувчилар билан ишлашдан чарчамади.

“Online-maktab” лойиҳасида биринчилардан бўлиб дарслар съёмкаларида қатнаша бошлади. Ирода Бахтияровна 130 тадан ошиқ дарсларни тайёрлади. Хизматлари муносиб тақдирланиб, Халқ таълими вазирлиги томонидан Ирода Саибова «Халқ таълими фидойиси» кўкрак нишони ва фахрий ёрлиқ билан мукофотланди.

Baham ko'ring: