“Тарбия”да рақобатбардош фуқаро портрети гавдаланади

Жамиятнинг таълим-тарбия тизими ҳалол, масъулиятли, бошқаларга ҳурматда бўладиган инсонни вояга етказишни кўзлайди. Ёшларнинг ақлий кўникма ва ахлоқий фазилатларини ривожлантириш эса тарихан мактабнинг бош вазифаси ҳисобланган. Ёшлар – тобора ўзгараётган ва мураккаблашаётган дунёда энг таъсирчан ва мослашувчан қатламдир. Уларнинг бугунги ўзгаришлар билан уйғунлашуви,  талабларга мослашуви жараёнида шахсий ва инсоний фазилатларни ҳам шакллантиришлари ҳам долзарб. Бунда таълим уларга ишонч билан ҳаракатланишларига ёрдам берадиган компасга айланиши лозим.

Шуларни ҳисобга олиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида 2019 йил 23 август куни бўлиб ўтган йиғилишининг 24-бандига мувофиқ, халқ таълими тизимида “Миллий ғоя”, “Одобнома”, “Дин тарихи”, “Ватан туйғуси” каби фанларни бирлаштирган ҳолда, 2020-2021 ўқув йилидан ягона “Тарбия” фанини босқичма-босқич жорий қилиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Халқ таълими вазирлиги ҳузурида ташкил этилган Ишчи гуруҳ томонидан ҳозирда мавжуд бўлган 1-4-синф  “Одобнома”, 5-6-синф “Ватан туйғуси”, 7-9-синф “Миллий истиқлол ғояси”, 10-11-синф “Маънавият асослари” фанлари ўқув дастурлари ва дарсликлари танқидий-таҳлилий ўрганилди. Шунингдек, хорижий давлатлар (Япония, Жанубий Корея, Россия, Англия)да ўқитиладиган шахс тарбиясига оид фанлар соати, ўқув дастурлари ва шакллантириладиган компетенциялари ўрганиб  чиқилди.

Ўрганилган хулосалар асосида “Тарбия” фани концепцияси ишлаб чиқилди. Концепцияда “Тарбия” фани орқали ўқувчи-ёшларга “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” ғоясининг мазмун-моҳиятини тушунтириш бош вазифа қилиб белгилаб олинган. Мазкур фан ўқувчиларда бош инсоний фазилатлар ва зарур кўникмаларни шакллантириш орқали уларни муваффақиятли ижтимоий ҳаётга тайёрлашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Шунга кўра, янги фан ўқувчиларга ёшликданоқ лидерликка интилиш, спорт ва соғлом турмуш тарзига ўрганиш, ҳаётнинг мазмун-моҳиятини англаш, касбий фаолиятга ва оилавий ҳаётга тайёр бўлиш, шахсий фазилатларни ўзлаштиришларига ёрдам беради.

“Тарбия” фани орқали ўқувчиларда фаол фуқаролик позицияси шаклланиб, ёш авлод масъулият, мажбурият, ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни англаган, теран дунёқараш ҳамда соғлом эътиқодга эга,   бўлиб улғаяди, шунингдек миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат, ватанпарварлик руҳида тарбияланади.

“Тарбия” фани фарзанд тарбиясида оиланинг масъулиятини ошириш, тарбия тизимида мактаб ва оила муносабатларини тиклаш, ижтимоий фуқаролик институтлари иштирокини кенгайтиришга дахлдор қатор мавзуларни қамраб олган.

“Тарбия” фани битирувчиси мураккаб вазиятларда тўғри қарор қабул қилиш, вақтни ва табиий ресурсларни қадрлаш, соғлом ҳаёт тарзига ўрганиш каби кўникмаларнинг аҳамиятини англаб етади, рақобатбардош бўлиб улғаяди.

“Тарбия” фанини аҳоли ва жамоатчилик фикр-мулоҳазалари билан такомиллаштириш мақсадида, 2019 йил 15 декабрда regulation.gov.uz сайтида “Умумий ўрта таълим муассасаларида “Тарбия” фанини босқичма-босқич амалиётга жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” Вазирлар Маҳкамасининг қарор лойиҳаси эълон қилинди. “Тарбия” фани концепцияси, уни жорий қилиш тизими юртдошларимизнинг таклиф, муносабатлари асосида такомиллаштирилмоқда.

Baham ko'ring: