Таълим сифатини оширувчи долзарб вазифалар белгилаб олинди

Жиззах вилояти халқ таълими бошқармасининг навбатдаги ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда вилоят халқ таълими бошқармасининг барча ходимлари, шаҳар ва туман халқ таълими бўлими мудирлари, маънавий-ахлоқий тарбия ва болаларни ижтимоий ҳимоялаш шўъбаси раҳбари, таълим сифати мониторинги бўлими бошлиғи, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўйича мутахассислар ва кун тартибидаги масалалар бўйича таклиф этилганлар иштирок этди.

Ҳайъат йиғилишида Жиззах вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Дилфуза Садриддинова юртбошимизнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига мурожаатномасида белгилаб берган масалалари юзасидан 2020 йилда амалга ошириладиган чора-тадбирлар, шунингдек Халқ таълими бошқармаси томонидан 2019 йил давомида амалга оширилган ишлар, муаммо ва камчиликларни бартараф этиш масалаларига тўхталиб ўтди.

Шу билан бирга, таълим сифатини оширишдаги долзарб вазифалар ва туман халқ таълими бўлимларининг сифат кўрсаткичлари бўйича рейтинг ўринлари, умумтаълим мактабларида маънавий-маърифий ишлар самарадорлиги, вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарлик профилактикаси, халқ таълими тизимида коррупцияга қарши кураш чора-тадбирлари тўғрисида, Ўзбекистон Республикаси “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун талабларининг бажарилиши ҳолати хусусида фикр ва мулоҳазалар тингланиб, таклифлар ўрганиб чиқилди.

Йиғилиш сўнгида Жиззах вилояти халқ таълими тизимида таълим сифатини оширишга қаратилган чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Baham ko'ring: