Сирдарёда мактаб директорлари учун “Менежерлик” курслари ташкил этилди

Сирдарё вилоятида фаолият юритаётган умумтаълим мактаблари директорлари билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида махсус “Менежерлик” курслари ташкил этилди.

Мазкур курсларда вилоятда фаолият юритаётган 309 нафар умумий ўрта таълим мактаблари директорлари иштирок этмоқда. Ўқитувчиларга қулайлик яратиш учун курслар Боёвут, Мирзаобод ва Гулистон туманларида фаолият олиб бормоқда.

Уч кун давом этадиган курсларда дарс машғулотлари А.Авлоний номидаги ХТТРМХҚТМО институти ва Гулистон Давлат университетининг тажрибали профессор-ўқитувчилари томонидан олиб борилади.

“Менежерлик” курслари жараёнида вилоятдаги умумий ўрта таълим мактаб директорларининг таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, замонавий таълим менежменти, молия-иқтисод асослари соҳаларидаги билим ва малакаларини янада ошириш ҳамда уларга билим, кўникма ва компетенцияларни баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотлар (PISA, PIRLS, TIMSS) бўйича тушунчалар берилади.

Аввал хабар қилганимиздек, Президентимиз томонидан таълим сифати бўйича Сирдарё вилоятини намунали ҳудудга айлантириш ташаббуси илгари сурилган эди.

Мазкур ташаббус доирасида вилоят ўқитувчилари ва директорлари билимларини баҳолаш учун тест синовлари ўтказилди. Тест натижаларига кўра, ўқитувчи ва директорларнинг билим, кўникмаларни такомиллаштириш бўйича тадбирлар режаси қабул қилинди.

Ҳозирда ўтказилаётган курслар қабул қилинган тадбирлар режасининг бир қисми бўлиб, натижада вилоят мактабларида таълим сифатини ошишига туртки бўлиши керак.

Baham ko'ring: