Қатъий чораларсиз мактабда таълим сифатини ошириб бўлмайди

Халқ таълими вазирлиги педагог-ўқитувчиларнинг ўз устида доимий ишлашлари ҳамда ўз билимларини яхшилаб боришлари – давр талаби эканлигини таъкидлайди.

Жорий йил 2 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида халқ таълими тизимидаги ислоҳотларга бағишлаб ўтказилган йиғилиш давомида, мактабларда айрим педагогларнинг билими замон талабига жавоб бермаслиги танқид қилинган эди. Тан олиш керак, афсуски, узоқ йиллар давомида педагогларнинг билим савиясига деярли эътибор берилмаган. Бунинг оқибатида, айрим ўқитувчиларнинг билими ҳатто ўзи дарс берадиган фанлардан ҳам қониқарсиз ҳолатга келиб қолган.

2019/2020 ўқув йилида Сирдарё ҳамда Сурхондарё вилоятларида ўтказилган диагностика синовлари натижалари буни яққол кўрсатди. Синовларда қатнашган 44 минг нафардан ортиқ ўқитувчининг 
73 фоизи ўз фанидан қониқарсиз баҳоланди. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтишни истардикки, Сирдарё ва Сурхондараё вилоятларида ўтказилган синовлар, оғриқ нуқталарни аниқлаш билан бир қаторда ижобий тажрибаларни ҳам белгилашга имконият яратди.

Сирдарё ҳамда Сурхондарё тажрибаси асосида, мактаб ўқитувчиларининг билими ва кўникмаларини ўрганиш ишларини давом эттириш топшириғидан келиб чиқиб, Халқ таълими вазирлиги ҳамда Давлат тест маркази томонидан 12 та ҳудудда диагностика синовларини ўтказиш режа-жадвали тасдиқланди.

Синовлар катта сиғимли биноларда, шаффоф, олий ўқув юртига кириш имтиҳонларидан сўнг ўтказилиши режалаштирилган (карантин муддатларидан келиб чиқиб, саналар ўзгариши мумкин).

Шуни қайд этиш жоизки, мазкур жараён аттестация эмас, балки энг аввало, педагоглар учун ўзини баҳолашга имкониятдир.

Синовларнинг асосий мақсади – ўқитувчиларнинг реал салоҳиятини аниқлаб, улар билан манзилли ишларни ташкил этиш. Билими бўлган ўқитувчилар учун янада кенгроқ имкониятларни яратиб берган ҳолда, уларга қўшимча дарс соатларини ажратиш орқали даромадларини ошириш ҳамда келгусида уларни малака оширишнинг муқобил шаклларига йўналтириш.

Ўз навбатида, билим савияси паст бўлган ўқитувчилар билан манзилли ишлар белгиланади. Улар учун махсус курслар ташкил этилиб, ўз билимларини яхшилаб олишлари учун имкониятлар яратилади. 
Бунда “онлайн касбий ривожланиш” лойиҳасига алоҳида урғу берилади.

Бироқ, барча яратилган имкониятлардан ҳам кейин ўз устида ишламаган ўқитувчиларни бошқа соҳаларга йўналтириш чоралари кўрилади. Бундай қатъий чораларсиз, мактаб таълими сифатини ошириб бўлмас эканлигини барчамиз яхши тушуниб турибмиз.

Ҳозирги карантин даврида, ўз уйидан чиқмаган ҳолатда “онлайн касбий ривожланиш” лойиҳаси ҳамда Давлат тест марказининг e-sinov порталидан кенг фойдаланишни тавсия этамиз. Шундай экан, барча устозлардан яратиб берилган имкониятлардан унумли фойдаланиб, 
ўз устида ишлашларини ва изланишларини сўраб қоламиз.

Келгуси авлод айнан Сизнинг қўлингизда эканлигини унутманг.

Baham ko'ring: