Ўзбекистон дзюдо федерацияси ҳамда IJF ҳамкорлигида 20 та мактабда дзюдо секциялари жорий этилади

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги, Халқаро дзюдо федерацияси (IJF) ҳамда Ўзбекистон дзюдо федерацияси мамлакатимизнинг йигирмата умумтаълим мактабида “Мактабларда дзюдо” дастурини амалга оширишга келишиб олди.

Жорий йилнинг 15 январида Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов, IJF президенти Мариус Визер, Ўзбекистон дзюдо федерацияси раиси Азизжон Комилов ва Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев “Мактабларда дзюдо” дастури бўйича ҳамкорлик битимини имзолади.

Мактабларда дзюдо IJF лойиҳаси бўлиб, дастурнинг асосий мақсади 5-12 ёшли болаларни дзюдо орқали ижтимоий, таълимий ва жисмоний кўникмаларга ўргатишдан иборат.

IJF дастурни амалга оширишда маслаҳат ва молиявий кўмак бериш орқали Миллий дзюдо федерацияларини қўллаб-қувватлайди.

Дзюдо асосчиси Зигоро Кано мазкур кураш санъатини баркамол шахсни шакллантириш воситаси, деб ҳисоблаган. Унинг фикрига кўра, дзюдо қуролсиз ҳимоя эмас, балки кундалик ҳаёт фалсафасидир. Дзюдочиларнинг шараф кодекси хушмуомалалик, жасорат, самимийлик, ҳалоллик, камтарлик, ўзини тута билиш, дўстга садоқат ҳамда бошқаларга ҳурмат каби фазилатларни ўз ичига олади.

ijf-signing1.png

Дастур доирасида IJF томонидан ҳар бир мактабга бир дона татами ва болалар учун 50 та кимоно тақдим этилади. Бу эса Ўзбекистонда дзюдо спортини ривожлантириб, ўқувчиларнинг бўш вақтларини унумли ўтказишга имкон яратади.

Таъкидлаш жоизки, "Мактабларда дзюдо" дастури юртимиз мактабларида Ўзбекистон Дзюдо федерацияси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Эндиликда мазкур дастур мамлакатнинг турли ҳудудларидаги 20 та мактабни қамраб олади. Ушбу мактабларда 900 нафарга яқин ўқувчиларнинг дзюдо билан шуғулланиши учун тўгараклар ташкил этилган.

IJF ушбу мактабларга татами ва кимоно тақдим этади ҳамда мураббийларга ҳақ тўлайди. Янги келишув амалга оширилиши жараёнида дастур жорий этилган мактаблар сони 40 тага етади.

-Мамлакатимиз Президентининг бешта ташаббуси юртимиз мактабларида фаоллик билан амалга оширилмоқда. Иккинчи ташаббус - ёшларнинг жисмоний тайёргарлигини ривожлантириш, уларнинг спорт соҳасида қобилиятларини намоён этиш учун зарур шарт-шароитларни яратишга қаратилган. Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон дзюдо федерацияси ҳамда IJF ҳамкорлиги нафақат бўлғуси чемпионларни, балки баркамол авлодни тайёрлашга имкон беради. Биз Ўзбекистон дзюдо федерацияси ҳамда IJFнинг ҳамкорлиги учун миннатдормиз. Умид қиламизки, "Мактаблардаги дзюдо" дастури янада кўпроқ умумтаълим муассасаларини қамраб олади, – дейди Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов.

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йилдаги бешта ташаббуси доирасида спорт секцияларига 1,1 миллиондан ортиқ ўқувчи жалб қилинди.

Baham ko'ring: