Умумтаълим мактаб ўқувчиларининг замонавий ягона мактаб формасига оид саволларга жавоблар

1. Ўқувчилар учун замонавий ягона мактаб формаси қачондан жорий этилади?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 августдаги “Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий мактаб формаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 666-сонли Қарорига мувофиқ 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб ўқувчиларнинг тасдиқланган шакллардаги мактаб формасида келишлари ихтиёрий, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб эса мажбурий ҳисобланади.

2. Умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг замонавий ягона мактаб формаси жамланмаси таркиби қандай кийимлардан ташкил топган?

Жавоб: Қиз болалар учун: оқ кўйлак (енги калта ва узун), юбка, нимча ва костюм.

Ўғил боллар учун: оқ кўйлак (енги калта ва узун), шим, нимча ва костюм.

3. Янги мактаб формасининг кўринишини қандай билса бўлади?

Жавоб: Умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг замонавий ягона мактаб формасининг намунавий кўриниши акс эттирилган баннер ҳар бир таълим муассасасининг кириш қисми (фойе)га илиб қўйилади.

4. Янги мактаб формасини қандай нархларда ва қаердан сотиб олиш мумкин?

Жавоб: Мактаб формаларининг нархи ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан тайёр маҳсулот ишдаб чиқилганидан сўнг, бозор иқтисодиёти механизмларидан келиб чиқиб, ижтимоий оммабопликни инобатга олган ҳолда белгиланади. Тайёр мактаб формалари республикамизнинг барча туман марказларида маҳаллий ҳокимият органлари ва ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан ташкил этилган махсус савдо расталарида эркин савдога чиқарилади.

5. Кам таъминланган ёки кўп фарзандли оилалар учун мактаб формасини сотиб олиш билан боғлиқ имтиёзлар бериладими?

Жавоб: Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий мактаб формаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорининг 8-бандида тижорат банкларига аҳоли томонидан мактаб формаларини харид қилиш учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасидан ошмайдиган фоиз ставкаси бўйича қисқа муддатли истеъмол кредитлари ажратиш тавсия этилган. Шу муносабат билан, мазкур категориядаги аҳолига яшаш ҳудудларида жойлашган тижорат банкларнинг шохобчаларига мурожаат қилиш тавсия этилади.

6. Янги мактаб формаси жорий этилгандан сўнг ушбу форма ёқмаса ёки ўқув йилининг якунига қадар яроқсиз ҳолатга келиб қолса умумтаълим мактабларида ўтган ўқув йили давомида амалда бўлган мактаб формасини ҳам кийиб юрса бўладими?

Жавоб: Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий мактаб формаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори билан тасдиқланган "Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари учун замонавий ягона мактаб формасини жорий этиш тартиби тўғрисидаги Низом”га кўра, ўқувчилар учун барча давлат умумтаълим муассасаларида фақатгина мазкур қарор билан тасдиқланган мактаб формасида келиш мажбурий қилиб белгиланган.

7. Фарзандимнинг жуссасини инобатга олган ҳолда янги мактаб формасини шу дизайнда ўзим мустақил равишда тиктирсам бўладими?

Жавоб: Ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан мактаб формалари амалдаги давлат стандартлари асосида, турли ўлчамларда ишлаб чиқилади. Замонавий ягона мактаб формаси учун танланган мато Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Давлат санитария-эпидемиологик назорати маркази мутахассислари томонидан ўқувчиларнинг соғлиғига қанчалик таъсир қилиши алоҳида ўрганиб чиқилган. Таклиф қилинаётган ўлчамлар сизнинг фарзандингизга тўғри келмаган ҳолатда, сиз айнан шундай матодан, мактаб формаси дизайнини ўзгартирмаган ҳолда, мустақил равишда мактаб формасини тиктиришингиз мумкин.

8. Ўқувчиларнинг мактаб формаси жамланмасидан оёқ кийими ҳам ўрин олганми?

Жавоб: Йўқ, оёқ кийими ўрин олмаган. Умумтаълим мактаблари ўқувчилари тўқ рангларда, пошнаси 3 сантиметрдан баланд бўлмаган оёқ кийим кийишлари белгилаб қўйилган.

9. Ўқувчилар таълим муассасасида замонавий ягона мактаб формасини кийиш тартибига риоя қилмаса уларга қандай чоралар белгиланган?

Жавоб: Ўқувчиларнинг мактаб формасини кийиш тартибига риоя қилмаслик таълим муассасасининг ички тартиб-қоидаларини бузиш деб баҳоланади ва бундай ўқувчиларга қуйидаги чоралар қўлланиши мумкин:

- огоҳлантириш;

- кундалик дафтарига қайд этиш;

- тушунтириш ишларини олиб бориш учун ота-онасини хабардор қилиш;

- фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва таълим муассасасидаги йиғилишларда ота-оналар иштирокида муҳокама қилиш.

Ўқувчиларнинг таълим муассасасига мактаб формасида келишларини таъминлаш учун ота-оналар масъул ҳисобланади.

10. Ўқувчи қизлар томонидан мактаб формасининг таркибида шим кийиб юриши мумкинми?

Жавоб: Қишки ўқиш даврида ўқувчи қизларга ягона мактаб формасига мос шим кийишга рухсат берилади.

11. Давлат умумтаълим мактаблари ўқувчилари учун янги ягона мактаб формасини жорий этишдан мақсад нимадан иборат?

Жавоб: Ягона мактаб формасини жорий этишнинг асосий мақсадлари бу - ўқувчиларда ўзаро ижтимоий тенглик ва белгиланган тартиб-қоидаларга итоаткорлик ҳиссини уйғотиш, уларнинг саломатликларини муҳофаза қилиш учун шарт-шароит яратиш, ўқувчилар ўртасида cоғлом рақобат муҳитини юзага келтириш, миллий ва умуминсоний қадриятларга ёт бўлган “оммавий маданият” хуружларидан ҳимоя қилишдан иборат.

12. Халқ таълими вазирлиги томонидан ягона мактаб формасини жорий қилиш бўйича қайси хорижий мамлакатларнинг шу соҳадаги тажрибаси ўрганилиб чиқилди?

Жавоб: Вазирликнинг мутахассислари томонидан Буюк Британия, Россия, Туркия, Австралия, Ҳиндистон, Сингапур, Япония, Жанубий Корея, Куба, Қозоғистон, Қирғизистон каби давлатларда ўқувчилар учун ягона мактаб формаларини жорий этиш тартиби ва амалиётига доир илғор тажрибаси ўрганилиб чиқилди. Мазкур тажрибадан ҳукумат қарори ва республикамиз умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари учун замонавий ягона мактаб формасини жорий этиш тартиби тўғрисидаги Низомни ишлаб чиқишда фойдаланилди.

13. Ижтимоий тармоқларда ягона мактаб формасида бош кийимни ҳам инобатга олиниши масаласи кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлганлигининг гувоҳи бўлдик, ушбу масала ҳукумат томонидан тасдиқланган қарор лойиҳасида қандай ечим топди?

Жавоб: Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 августдаги “Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий мактаб формаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 666-сонли Қарори билан тасдиқланган “Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари учун замонавий ягона мактаб формасини жорий этиш тартиби тўғрисида Низом”нинг 7-бандига кўра:

Ўқувчилар таълим муассасаси биноси ичида бош кийимсиз юришлари лозим, таълим муассасасида ўтказиладиган турли тадбирлар жараёни бундан мустасно.

Ўзбекистон Республикасида аҳоли турли миллат ва диний конфессиялар вакилларидан иборатлиги ҳамда мажбурий умумий ўрта таълим дунёвий характерга эгалиги муносабати билан ўқувчиларнинг мактаб формасига турли дин ва конфессиялар ҳамда турли субмаданиятларга мансубликни акс эттирувчи элементларни (ҳижоб, кипа, кашая, хоч ва бошқалар) қўшишга йўл қўйилмайди.

Шунингдек, умумтаълим мактабларида:ўғил бола ўқувчиларнинг таълим муассасасига танасининг очиқ қисмига татуировка туширган ёки пирсинг қилган, соқол қўйган, сочи 2-3 смдан узун бўлган ва ёрқин рангларга бўяган ҳолда келишларига;

қиз бола ўқувчиларнинг таълим муассасасига танасининг очиқ қисмига татуировка туширган ёки пирсинг қилган, сочини ёрқин рангларга бўяган, юзини кўзга ташланадиган даражада макияж қилган, қулоғига биттадан ортиқ сирға таққан, бармоқларига узук таққан, қўл тирноқларини бўяган ва узун қилиб ўстирган ҳолда келишларига йўл қўйилмайди.

14. Ягона мактаб формасини ишлаб чиқариш жараёнини ташкил қилиш, ишлаб чиқарувчи корхоналар рўйхатини шакллантириш ва тайёр мактаб формаларини савдосини ташкил этиш жараёни қандай ташкил этилади?

Жавоб: Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий мактаб формаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 666-сонли қарорининг 4-бандига мувофиқ юқорида санаб ўтилган тадбирларнинг барчаси “Ўзтўқимачликсаноат” уюшмасига юклатилган.

Поделиться в: