Италия давлатининг Пезаро-Урбино провинцияси делегация аъзолари Сирдарёга ташриф буюрди

Мамлакатимиз таълим жараёни билан танишиш, ўзаро ҳамкорлик муносабатларини йўлга қўйиш мақсадида Италия давлатининг Пезаро-Урбино провинцияси делегация аъзолари Оқолтин туманидаги 1-умумтаълим мактабига ташриф буюрди.

Хорижлик меҳмонлар ташриф давомида мактабда таълим-тарбия борасида олиб борилаётган ишлар билан танишиб, дарс жараёнини кузатди.

Аҳамиятли жиҳати, меҳмонлар мазкур билим даргоҳида таълим-тарбия сифати ва самарадорлигини ошириш борасидаги ишларга юқори баҳо берди.

– Мазкур мактабда ўқувчиларнинг билим олиши учун яратилган шароитлар, умуман, Ўзбекистонда таълим тизимига кўрсатилаётган эътибор жуда юқори эканлигига гувоҳ бўлдим. Ўқувчиларнинг фаоллиги ва билимдонлиги, фанларни яхши ўзлаштиргани, шубҳасиз, ана шу эътиборнинг самараси деб ўйлайман, – дейди делегациянинг таълим масалалари бўйича миссияси раҳбари Жулиана Сечарелли.

Делегация аъзолари мактаб билан яқиндан танишиб, ўқувчилар томонидан тайёрланган байрам тадбирида иштирок этди. Тадбир якунида Пезаро шаҳридаги Чекки қишлоқ хўжалиги институти ҳамда Оқолтин туманидаги 1-умумтаълим мактаби ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Baham ko'ring: