Ёшлар билан онлайн мулоқот ўтказилди

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонига мувофиқ мамлакатимизда 30 июнь куни «Ёшлар куни» сифатида нишонланиб келинмоқда.

Шу муносабат билан 2020 йил 29 июнь куни Халқ таълими вазирлиги, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати, «Ю-репорт» ёшлар платформаси ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ҳамкорлигида «Ислоҳотларни амалга ошириш ва қарорларни қабул қилиш жараёнларига ёшларни жалб қилиш» мавзусида онлайн мулоқот ўтказилди.

Мулоқотнинг асосий мақсади – ёшларнинг олиб борилаётган ислоҳотларда фаол иштирок этишига кўмаклашиш, қабул қилинаётган қарорларда уларнинг фикри ва ғоялари муҳимлигини тушунтириш, ёшлар томонидан илгари сурилаётган ташаббусларнинг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши каби қатор масалалар муҳокама қилинди.

Мазкур онлайн мулоқотда Халқ таълими вазири ўринбосари Дилшод Кенжаев иштирок этиб, “Ёшлар куни" муносабати билан мамлакатимиз ёшларини табриклади. Сўнгра бугунги кунда халқ таълими тизимида ўқувчи-ёшларнинг эришаётган ютуқлари ва ёшлар фаолиятини алоҳида эътироф этди.

- Тизимдаги 9 942 та мактабларда 6,2 млн. ўқувчи-ёшлар таҳсил олмоқда. Шу билан бирга 199 818 нафар ёш ходимлар ўз меҳнат фаолиятларини бошлашди. Сўнгги 3 йил ичида халқ таълими тизимидаги умумий ўрта таълим мактабларида фаолият олиб бораётган ёшлар етакчиларининг 595 нафари раҳбар лавозимларига тавсия этилиб, 21 нафари умумий ўрта таълим мактаби директори, 305 нафари директор ўринбосари, 269 нафари бошқа раҳбар лавозимларга тайинланди, – деди вазир ўринбосари.

Ёшлар билан очиқ мулоқот тарзида ташкил этилган ушбу тадбир муҳокама ва мунозарага бой бўлди. Онлайн мулоқот давомида давлат идоралари раҳбарияти ва масъуллар томонидан ёшларнинг фикр-мулоҳазалари ҳамда ғоялари тингланиб, тегишли тавсиялар берилди. Шу билан бир қаторда, улар томонидан берилган саволларга атрофлича жавоблар қайтарилди.

Baham ko'ring: