Чортоқ туманидаги мактабларнинг қурилиш-таъмирлаш ишларига қарийб 10 млрд. сўм маблағ йўналтирилди

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Наманган вилояти Чортоқ туманидаги мактаблардаги қурилиш-таъмирлаш жараёнлари билан танишди.

Қайд этиш жоизки, тумандаги 2 та таълим объекти давлат Инвестиция, 1 таси Инқирозга қарши кураш жамғармаси дастурига киритилган бўлиб, шундан 2 та объектда реконструкция, 1 тасида мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Мазкур бунёдкорлик ишлари учун 9 млрд. 788 млн. сўм маблағ йўналтирилиши кўзда тутилган.

Шундан 1 млрд сўм маблағ тумандаги 355 нафар ўқувчига мўлжалланган 13-умумий ўрта таълим мактабига йўналтирилган бўлса, 820 ўринли 25-умумтаълим мактабга 3 млрд. 418 млн сўм. йўналтирилган.

Шерзод Шерматов таълим масканларини кўздан кечирар экан, мутасаддиларга лойиҳанинг сифати ва суръатини доимий кузатиб бориш, ҳар бир деталга, синф хоналар ининг рангига, қулайлик ва қиёфа уйғунлигини инобатга олиш юзасидан тошириқ берди.

00f1bc1dbe4aef47f32ce-2.jpg

Ташриф доирасида вилоят халқ таълими бошқармасида Халқ таълими вазири бошқарма бўлим бошлиқлари, халқ таълими бўлими мудирлари, мактаб директорлари ҳамда вилоятдаги таълим мутасаддилари билан очиқ мулоқот ўтказди.

Унда битирувчиларни олий таълим, касб-ҳунар коллежлари ва техникумларга йўналтириш, ёшларни иш билан таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Таълим сифатини ошириш, битирувчиларнинг олий таълим муассасаларига киришда юқори натижаларга эришиши бўйича Норин, Мингбулоқ, Чортоқ, Уйчи, Учқўрғон туманларининг халқ таълими бўлими мудирлари ва бир қатор мактаб директорлари ўз таклифларини билдирдилар.

Таъкидлаш жоизки, жорий йилда вилоятдаги умумтаълим мактабларини жами 37777 нафар битирувчи тамомлади. Уларнинг 29247 нафари олий ўқув юртларига, 3467 нафари техникум ва касб-ҳунар коллежларига кириш истагини билдирган бўлса, 4639 нафар ёшлар ҳунар ўрганиш, 320 нафари тадбиркорлик билан шуғулланиш, 104 нафари ҳарбий хизматга боришга аҳд қилган.

Baham ko'ring: