Буюк ўқитувчи ўқувчиларни илҳомлантиради

Педагогикада «Ўртача ўқитувчи мавзуни гапириб беради, яхши ўқитувчи тушунтиради, зўр ўқитувчи мавзуни кўрсатиб беради, буюк ўқитувчи эса ўқувчиларини мавзуга қизиқтириб, илҳомлантиради», деган гап бор. Дурдона Шарипова ҳам мавзуни ўқувчиларига кўргазмалар ёрдамида асосли кўрсатиб берадиган, ўқувчиларини фанга қизиқтириб, илҳомлантириб келаётган педагогиклардан биридир.

Муаллима айни пайтда Учтепа туманидаги 81-умумтаълим мактабида фаолият юритиб келмоқда. У ўзининг 20 йилдан ортиқ самарали педагогик фаолиятида «Дунёни каптардек учиб кетадиган сўзлар эмас, ҳақиқий ҳисоб-китоб бошқаради. Бу эса математикадир», деган ақидага риоя қилиб, тинимсиз изланмоқда.

Педагог 2005 йилдан ҳозирги кунга қадар математика фанидан Республика таълим маркази қошида ташкил этилган янги авлод дарсликларини тажриба-синовдан ўтказиш бўйича эксперт гуруҳининг аъзоси сифатида амалий таклифи ва тақризлари билан фаол иштирок этиб келмоқда. «Математика фанини ўқитишда кўп вариантлилик тизими» номли услубий қўлланмаси чоп этилган.

Бир неча йиллардан буён Д.Шарипова олимпиада ва Билимлар беллашувининг математика фани бўйича ҳакамлар ҳайъати аъзоси сифатида ҳам фаолият олиб бормоқда.

2017 йилда туман ва шаҳар миқёсида ташкил этилган «Маҳорат мактаби»да тренер ўқитувчи сифатида самарали фаолият юритиб, ўқитувчиларга математика фани ўқитилиши юзасидан илғор методик тавсиялар ва замонавий янги педагогик технологиялар билан дарсларни оптималлаштириш билан дарс самарадорлигини ошириш усулларини кенг тарғиб қилди. Шу билан бирга, Халқ таълими вазирлиги қошидаги «Мультимедиа маркази» билан ҳамкорликда 2016 йилдан ҳозирги кунга қадар тасвирга олинган дарслари сифат жиҳатидан юқори баҳоланиб, кенг миқёсида оммалаштирилди. Бу видеодарслардан Республикамиз педагоглари ўзларининг ижодий фаолиятларида унумли фойдаланиб келмоқда.

Изланувчан муаллима дарсларга тайёргарлик жараёни ва тўгарак машғулотларида ўқувчилари билан ижод қилиб яратган 100 дан ортиқ илмий, кўргазмали қуроллардан педагогик фаолиятида маҳорат билан фойдаланиши натижасида ўқувчиларининг ўзлаштириш самарадорлиги ўсишига эришиб келмоқда. Натижада бир неча йиллардан буён мунтазам равишда математика фани бўйича ўтказилиб келинаётган олимпиада ва Билимлар беллашуви мусобақаларида фахрли ўринларни эгаллаб келмоқда.

Дурдона Шарипова 2017 йилда «Йил ўқитувчиси» кўрик танловининг туман ва шаҳар босқичида фаол иштирок этиб, фахрли 2-ўринни қўлга киритган.

2018 йилдан буён математика фани бўйича йўлга қўйилган «Таянч мактаби»да биринчи устоз сифатида самарали фаолият кўрсатиб келмоқда. Шунингдек, 2021 йил дунёнинг илғор давлатларининг ўқувчилари ўртасида ўтказиладиган халқаро баҳолаш тадқиқотлари (PISA) га пухта тайёргарлик кўриш мақсадидаги семинарларда туман ва шаҳар миқёсида ўзининг PISA тадқиқотларига оид илмий-амалий масалалари юзасидан маърузалари билан қатнашиб келмоқда.

Барчага маълумки, коронавирус пандемияси туфайли республикамиз бўйича жорий этилган карантинга кўра мактаб ўқувчилари учун Тошкент шаҳри миқёсида илғор ўқитувчилардан иборат гуруҳ тузилди. Улар фанлар бўйича ўтиладиган онлайн дарслар учун бир неча кўрсаткичлар асосида саралаб олинди. Бу онлайн дарсларни турли хил технология ва слайдлардан фойдаланиб ўтган Шарипова Д.М.га ўқувчилар ва уларнинг ота –оналари ҳамда устозларидан юзлаб миннатдорчиликлар билдирилди.

Шарипова Д.М кўп йиллик тажрибага эга илғор педагог сифатида «Устоз-шогирд» анъаналарини давом эттирган ҳолда туман, шаҳар ёш ўқитувчиларининг ҳам устози ҳисобланади.

Унинг камтарона меҳнатлари ҳукуматимиз томонидан муносиб баҳоланди. 2016 йил Республикамиз Президенти Фармонига кўра «Шуҳрат медали» билан, 2020 йилда эса ХТВ буйруғи билан «Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси» кўкрак нишони ва Фахрий ёрлиғи билан тақдирланди.

Baham ko'ring: