Халқ таълими вазири видеодарсларни тасвирга олишда иштирок этаётган бир гуруҳ педагогларни тақдирлади

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясида видеодарсларни суратга олишда иштирок этган педагоглар билан учрашди. Учрашувда бир гуруҳ ўқитувчилар вазирлик томонидан рағбатлантирилди.

Хабарингиз бор, айни пайтда Тошкент шаҳрида мамлакатимиз умумтаълим мактаб ўқувчилари учун видеодарслар тасвирга олинмоқда. Мазкур жараёнда юз нафардан зиёд ўқитувчилар, шу билан бирга юзга яқин телевидение ходимлари иштирок этмоқда. Бугунги кунга қадар 1200 дан зиёд видеодарслар тасвирга олинди.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, Халқ таълими вазирлиги ва Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси шу кунгача видеодарслар тайёрлаш бўйича тажрибага эга эмас эди. 

Халқ таълими вазирлиги ўз олдига қўйган асосий масала Онлайн-мактабни қисқа муддатда, 4-чорак бошланишига ишга тушириш эди. Бу вазифа барча гуруҳ аъзолари ва ҳамкорларнинг фидокорона меҳнати натижасида кўзланган вақтда амалга оширилди. 

Учрашув давомида Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов карантин даврида фидокорона меҳнат қилган ва ўқувчиларга ҳар қандай шароитда билим беришга тайёр бўлган ўқитувчиларга миннатдорчилик билдириб, келгуси фаолиятларида омад тилади.

Шунингдек, Шерзод Шерматов видеодарсларни суратга олишда иштирок этган ва яхши натижалар кўрсатган 60 га яқин ўқитувчига “Халқ таълими аълочиси”, “Халқ таълими фидойиси” кўкрак нишонларини ҳамда фахрий ёрлиқлар топширди.

Келгусида мазкур лойиҳага ўз ҳиссасини қўшган педагоглар ҳам Халқ таълими вазирлиги томонидан тақдирланиши режалаштирилган.

Baham ko'ring: