Таълим-тарбия тизимини такомиллаштириш йўлида

2017.02.13 | Янгиликлар

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда таълим тизими тубдан ислоҳ этилиб, эртанги кунимизнинг муносиб давомчилари бўлган баркамол авлодни вояга етказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида қабул қилинган соҳага оид бир қатор давлат дастурларига асосан кўплаб таълим муассасалари янгидан қурилди, таъмирланди, энг замонавий ўқув анжомлари билан таъминланди. Миллий ҳамда умуминсоний қадриятларга асосланган, бугунги давр талабларига жавоб бера оладиган таълим-тарбия тизими яратилди. Бу борадаги ишлар бугунги кунда ҳам жадал давом этмоқда, мустақил фикр, интеллектуал жиҳатдан ривожланган, ўз дунёқарашига эга бўлган ёшларни тарбиялаш ҳар доимгидек долзарб бўлиб қолмоқда. Айниқса, дунё тараққиёти шиддати, унда кечаётган воқеалар ривожи барча соҳалар каби таълим-тарбия жараёнига ҳам янгича ёндашув, инновацияларни татбиқ этишни тақазо этмоқда. Аввало бу, ўқув дастурлари, дарсликлар, методикаларни янада такомиллаштириш, ўқитувчи-педагоглар савиясини мунтазам ошириб бориш, жараёнга энг замонавий ва илғор ахборот ҳамда таълим технологияларини жорий этиш билан боғлиқ муаммоларда  кўринмоқда. 

Бугунги кунда халқ таълими тизими олдига қўйилаётган бу каби вазифаларни тўлақонли амалга ошириш, амалий натижаларини таъминлаш борасида олиб борилаётган  ишлар хусусида халқ таълими вазири Улуғбек Иноятовга бир неча саволлар билан мурожаат этдик.

- Ҳурматли Улуғбек Илясович, таълим-тарбия сифати ва самарадорлигини таъминлашда педагог-тарбиячиларнинг касбий маҳорати муҳим ўрин тутади. Хусусан, мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида педагогларнинг савиясини ошириш, таълим-тарбия тизимини комплекс ривожлантириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратди. Айни пайтда халқ таълими тизимида педагогларнинг касбий ва маънавий савиясини, маҳоратини янада ошириш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

- Дарҳақиқат, ёш авлодга сифатли билим бериш учун, аввало, ўқитувчи-педагоглар малакаси ва маҳорати давр талабига жавоб бериши лозим. Айниқса, бугун ёшлар жуда тез ва илғор фикрламоқда. Дарсларни уларнинг талабига мос - юқори даражада ташкил этиш учун ўқитувчи мунтазам равишда ўз маҳоратини ошириб бориши, ҳар бир машғулотга алоҳида тайёргарлик кўриши зарур. Шу боис халқ таълими тизимига янги ва замонавий таълим технологиялари, ўқув дастурларини жорий этиш билан бирга, педагогларнинг касбий маҳоратини оширишга ҳам мунтазам равишда эътибор қаратиб бориш зарур. 

Бугунги кунда халқ таълими тизимида 4916 та мактабгача таълим муассасаси, 9692 та умумий ўрта таълим мактаби, 301 та болалар мусиқа ва санъат мактаби, 211 та “Баркамол авлод” марказлари, 225 та болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, 4 та давлат педагогика институти фаолият кўрсатмоқда.

Тизимда раҳбар ва педагог кадрлар малакасини ошириш учун Абдулла Авлоний номидаги Марказий институт, 14 та ҳудудий халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти, мактабгача таълим ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ўқув-методик маркази ҳамда болалар-ўсмирлар спорт мактаблари ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази фаолият олиб бормоқда. Масофадан малака оширишнинг замонавий методлари жорий этилган. Биргина 2016 йил давомида 93 мингдан ортиқ раҳбар ва педагог 140 та малака тоифаси асосида ўз малакасини оширган. Айни пайтда раҳбар ва педагог кадрлар малакасини ошириш мазмуни ва сифатига қўйиладиган давлат талабларини такомиллаштириш мақсадида хорижий мамлакатлар тажрибаси ўрганилиб, халқ таълими тизимида малака ошириш мазмуни ва сифатига қўйиладиган давлат талабларини, ўқув режа ва дастурларини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрланмоқда.

Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, ҳар бир туман миқёсида “Маҳорат мактаблари” ташкил этилиб, мунтазам ўтказиб борилаётган машғулотларга барча фан ўқитувчилари қамраб олинган. Бу машғулотларда педагоглар тажрибали тренер ўқитувчилардан дарсга тайёргарлик кўриш, кўргазмали қуроллар тайёрлаш, янги мавзуни тушунтириш, ўқувчилар ва ота-оналар билан ишлаш, умуман, касбга оид барча йўналишлар бўйича кенг амалий билимларни ўзлаштирмоқда.

Юртимиздаги умумтаълим мактабларида 389740 нафар педагог фаолият кўрсатади. Педагог кадрлар таркиби мунтазам ўрганилиб, уларнинг билими, маҳорати аттестация ва синовлардан ўтказиб борилмоқда. Жумладан, шу йилнинг 3–12 январь кунлари инглиз тили ўқитувчиларининг касбий маҳорати ва билим даражасини ўрганиш бўйича синовлар ўтказилди. Жами 20119 нафар ўқитувчидан 17250 (89,5 фоизи) нафари синовдан муваффақиятли ўтган. Қолган 2869 нафар ўқитувчининг навбатдан ташқари малака ошириш  курсларидан ўтиши режалаштирилди.

Бундан ташқари, ўтган йили бошланғич таълим ҳамда аниқ ва табиий фанлар ўқитувчиларининг республика форумлари ўтказилиб, уларда тегишли ўқув фанлари таълимида мавжуд муаммолар, уларни бартараф этиш йўллари ҳамда илғор иш тажрибаларини оммалаштиришга доир муҳим чора-тадбирлар белгиланиб, амалга оширилмоқда.  Жорий йилнинг март ойида ижтимоий фанлар ўқитувчиларининг форумини ўтказишга тайёргарлик кўрилмоқда. Мазкур тадбир ҳам педагоглар маҳорати ва малакасини оширишда муҳим ўрин тутади.

- Президентимиз мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида ўқув режа ва дастурларни тубдан қайта кўриб чиқиш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Келгусида бу борадаги вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан режалаштирилаётган ишлар хусусида тўхталсангиз.

- Албатта, таълим муассасаларида дарсларни самарали ташкил этишда юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, етук кадрлар билан бир қаторда таълимга доир меъёрий ҳужжатлар, ўқув-методик таъминотнинг ўрни ҳам муҳим саналади. Давлатимиз раҳбари томонидан ўқитишнинг замонавий методологиясини яратиш ва амалиётга жорий этиш, ўқувчиларнинг онгли равишда касб-ҳунар танлаш мотивацияларини кучайтириш, дарсликларни яратишга бутунлай янгича ёндашиш каби долзарб вазифалар ҳам айнан шу мақсаддан келиб чиқилган ҳолда қўйилмоқда. Ҳақиқатдан ҳам, глобаллашув жараёнларининг жадаллашуви ўқув дастурларимизни тубдан қайта кўриб чиқишни, кенг билимга эга бўлган, мантиқий фикрлай оладиган ёшларни вояга етказишга хизмат қиладиган, такомиллашган меъёрий ҳужжатлар, ўқув-методик мажмуаларни яратишимизни тақозо этмоқда.

Ўтган йилларда ўқувчи шахсини ҳар томонлама ривожлантириш мақсадида халқаро ҳамда мамлакатимизда чет тиллари бўйича узлуксиз таълим тизимининг давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурларини ишлаб чиқиш тажрибасига асосланган ҳолда, компетенциявий ёндашувга асосланган 18 та умумтаълим фанлари бўйича узлуксиз таълим тизимининг давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурлари лойиҳалари тайёрланиб, 75 та мактаб, 39 та касб-ҳунар коллежлари ва 28 та академик лицейда тажриба-синовдан ўтказилган, натижалар асосида 6 та таянч компетенция белгилаб олинган эди. Шу асосда ўқувчиларнинг ёш ва психо-физиологик хусусиятларига мос, узлуксиз ва узвийлаштирилган, назарий билимларни амалда қўллай олиш имконини берадиган янги давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурлари лойиҳаси тайёрланди. Айни пайтда амалиётчи педагоглар, олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчиларидан иборат ишчи гуруҳлари кўмагида умумий ўрта таълимнинг такомиллаштирилган давлат таълим стандартларини яратиш ва ўқув дастурларини ишлаб чиқиб, ўрнатилган тартибда амалиётга жорий этишга киришилди. Янгича талаб асосида ишланган дарсликлар мажмуа тариқасида (дарслик, мультимедиа иловаси, ўқитувчи учун методик қўлланма) бўлиб, илғор педагогик ва ахборот технологияларига асосланади.

- 2017 йил - “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури доирасидаги вазифалар ижроси, яъни ота-оналар, педагоглар билан мулоқот, уларни қийнаётган муаммоларни аниқлаш ва ўз вақтида ҳал этиш масалалари халқ таълими тизимида қандай амалга оширилади?

- Халқ таълими вазирлиги жамоатчилик билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш, хусусан, ҳар бир фуқаронинг ахборот олишга бўлган қонуний ҳуқуқларини таъминлаш масаласига доимий эътибор қаратиб келмоқда. Халқ таълими вазирлиги фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш, ҳамюртларимизнинг соҳага оид таклиф, мулоҳаза ва аризаларини зудлик билан кўриб чиқиш, тизимда олиб борилаётган ислоҳотлар борасида жамоатчилик фикрини ўрганиш мақсадида 10-06 қисқа рақамли “ишонч телефони”дан ташқари, 2016 йилнинг 28 ноябридан эътиборан Халқ таълими вазирининг виртуал қабулхонаси (www.uzedu.uz) ишга туширилди.

Бугунги кунда фуқаролар Халқ таълими вазирлигига:
- Халқ таълими вазирининг виртуал қабулхонаси;
- 10-06 қисқа рақамли “ишонч телефони”;
- info@xtv.uz электрон почта манзили орқали мурожаат этиш;
- бевосита раҳбарият қабулига кириш ва қисқа муддатда ўз саволларига жавоб олиш имкониятига эга.

Халқ таълими вазирлигига, шу жумладан, виртуал қабулхонага мурожаатлар амалдаги қонун талаблари асосида қабул қилиниб, ўрнатилган тартибда ва қонун билан белгиланган муддатларда кўриб чиқилмоқда. Рақамларни таҳлил этадиган бўлсак, 2016 йилда Халқ таълими вазирлигига фуқаролардан 5,5 мингдан ортиқ мурожаатлар келиб тушди. Улардан:
–    347 таси оғзаки;
–    1950 таси ёзма;
–    2100 таси “ишонч телефони” орқали;
–    161 таси вазирнинг виртуал қабулхонаси орқали;
–    1218 таси Бош вазирнинг виртуал қабулхонаси орқали келиб тушди.

Шундан 3764 та мурожаатга ўрнатилган тартибда жавоб қайтарилди, 1481 та мурожаат бўйича фуқароларга тушунтириш ишлари олиб борилди, 380 та мурожаат ўрганилмоқда, 151 таси эса асосли рад этилди.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари вазирлик раҳбариятининг доимий назоратига олинган бўлиб, ишлаб чиқариш ва Ҳайъат йиғилишларида мурожаатлар ҳамда уларда кўтарилаётган муаммоларга қонунда белгиланган тартибда жавоб қайтарилаётгани муҳокама қилиб борилаяпти. Мурожаатлар мазмуни таҳлил этилиб, энг кўп ариза, шикоят ва таклифлар келиб тушаётган масалалар — иш билан таъминлаш, таълим муассасасига ўқишга кириш ва жойлаштириш, мактабгача таълим муассасалари фаолияти, таълим-тарбия мазмунини такомиллаштириш, мактабларда дарс тақсимоти бўйича муаммоларнинг олдини олиш чоралари кўрилаяпти. Шунингдек, мурожаатлар географияси таҳлил қилиниб, мурожаатлар нисбатан кўп келиб тушаётган ҳудудларда “Сайёр қабул кунлари”, “Очиқ эшиклар куни” каби тадбирлар ўтказилмоқда. Ҳудудий халқ таълими бошқарув идоралари масъул раҳбарларига тегишли тавсиялар, зарурат туғилганда ўрнатилган тартибда чоралар кўрилади.

- Шу маънода айтишимиз мумкинки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 29 декабрдаги “2017–2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилингани ота-оналарни, бутун халқимизни мамнун этди. Мазкур қарорда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш борасидаги ишлар хусусида ҳам сўзлаб берсангиз.

- Бугунги тараққиётнинг жадаллиги, ҳали мактабга чиқмаган боланинг санашни, ўқиш ва ёзишни, ахборот технологияларини ўзлаштириб олаётгани, тезкорлик билан фикрлаётгани тарбиячиларнинг малакасини ошириш, боғчалардаги ўқув-тарбия дастурларини илғор хорижий тажрибалар асосида такомиллаштиришни талаб этмоқда. 2017—2021 йилларга мўлжалланган кенг кўламли комплекс тадбирларни амалга оширишни кўзда тутадиган мазкур Дастур айни шу мақсадларга қаратилган. Унда болаларни мактабга тайёрлаш даражасини тубдан яхшилаш, таълим-тарбия жараёнига замонавий таълим дастурларини татбиқ этиш, болаларни ҳар томонлама интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний ривожлантириш учун зарур шарт-шароитларни яратиш белгиланган. 2200 та мактабгача таълим муассасасининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, қишлоқ жойларда мактабгача таълим муассасаларини янгидан қуриш, замонавий талабларга жавоб берадиган инвентар, жиҳозлар, ўқув-методик қўлланма ва мультимедиали воситалар билан таъминлаш режалаштирилган. Янги лойиҳа асосида бунёд этиладиган муассасаларда қулай шароитга эга ёзги айвончалар, сузиш бассейнларини қуриш кўзда тутилган. Ушбу тадбирларни амалга ошириш учун жами 2,2 триллион сўм ажратилиши кўзда тутилмоқда.

Дастур доирасида 5-6 ёшли болаларни мактаб таълимига тайёрлаш бўйича муқобил шаклларни яратиш ва ривожлантириш ишлари ҳам амалга оширилади. Яъни, юртимиз бўйича мактабгача таълим муассасаларида 6100 та қисқа муддатли гуруҳ ташкил этилади. Уларни, биринчи навбатда, қишлоқ жойларда ташкил этишга эътибор қаратилади. Бундай гуруҳларда мактабгача ёшдаги болалар учун турли ривожлантирувчи амалий машғулотлар олиб борилади. Шу асосда ҳар йили 305 мингдан ортиқ 5-6 ёшдаги болаларни мактаб таълимига сифатли тайёрлаш имконияти яратилади.
Бундан ташқари, мактабгача таълимга қамраб олинмаган 3—6 ёшли болаларни уларнинг ота-оналарини методик қўлланмалар билан таъминлаш орқали мактаб таълимига тайёрлаш тизими ҳам жорий этилади.

Қарор билан белгиланган комплекс тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида болаларнинг мактабгача таълимга қамрови 1,5 баробарга ошади. 2021 йилга келиб, республикамизда мактабгача таълим муассасалари 1 миллион 109 минг нафардан ортиқ болаларимизни қамраб олиш имкониятига эга бўлади.

Қарорда тарбиячи-педагоглар салоҳияти, малакаси ва тажрибасини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Мактабгача таълим муассасалари учун педагог кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишда, биринчи навбатда, ўқув режа ва дастурлар замонавий педагогик технология ва методларни инобатга олган ҳолда такомиллаштирилади. Бугунги кунда тизимда фаолият олиб бораётган 55 мингдан зиёд педагог ходимларнинг малакаси такомиллаштирилган ўқув режа ва дастурлар асосида босқичма-босқич оширилади.

Илғор хорижий мамлакатлар тажрибасидан фойдаланиб, 2017 йилда мактабгача таълим-тарбия тизими учун муқобил дастурларни ишлаб чиқиб, амалиётга татбиқ қиламиз. Янгиланган дастурлар болаларни мактабга янада сифатли тайёрлашга, уларнинг интеллектуал қобилияти ва мантиқий фикрлаш салоҳиятини юксалтиришга, олдингидан фарқли ўлароқ, ёзиш ва ўқишни жадал ўрганишига хизмат қилади.

- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 10 декабрдаги “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, чет тиллар бўйича янги давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурлари ишлаб чиқилиб, амалиётга кенг татбиқ этилмоқда. Бу борадаги ишларнинг бориши, эришилган натижалар, ўқувчиларнинг тилни ўзлаштириш самарадорлиги қандай бўлмоқда?

- Айтиш жоизки, мазкур қарор таълим-тарбия тизимига янгича мазмун бахш этган муҳим ҳужжатлардан бири бўлди. Қарор асосида тайёрланган чет тиллар бўйича янги давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурларига мос дарсликлар асосида болалар чет тилларни катта қизиқиш билан ўрганмоқда. Айни пайтда 1–4-синф ўқувчилари учун замонавий дарслик-мажмуалар ишлаб чиқилиб, ўқувчи ва ўқитувчилар дарсликлар билан юз фоиз бепул таъминланган. Чет тили таълими самарадорлигини ошириш мақсадида мактабларга барча зарур жиҳоз ва инвентарлар етказиб берилган.

“Kids’ English” дарслиги бошланғич синфлар учун ягона концептуал методика ва принциплар асосида яратилган. Умумевропа компетенцияларига асосланган узлуксиз таълим тизимининг чет тили бўйича давлат таълим стандарти талабларига кўра, бошланғич таълим (4-синф)ни тугатаётган ўқувчи тил билишнинг бошланғич А1 даражасига эга бўлиши лозим. Ўқувчилар тилни бу даражада ўзлаштириши учун 1-синфда 150 та, 2-синфда 150 та, 3-синфда 100 та ва 4-синфда 100 та — жами 500 та лексик бирликни ўзлаштириб, ўтилган мавзулар доирасида бирламчи савол-жавобларда иштирок этиш кўникмасини эгаллайди.

Чет тиллар бўйича янги давлат таълим стандартлари асосида таълим олаётган 4-синф ўқувчилари 2017-2018 ўқув йилида 5-синфда ўқишни давом эттиради. Бу жараён билан боғлиқ равишда амалдаги инглиз, француз ва немис тили дарсликлари ҳам янги талаблар асосида, 1-4-синф чет тили дарсликларининг мантиқий давоми сифатида қайта ишланмоқда. Айни пайтда мажмуалар жойлардаги бир нечта мактабда тажриба-синовдан ўтказилмоқда.

2013-2016 йиллар давомида бошланғич синфларда чет тиллар киритилиши муносабати билан чет тили ўқитувчиларига бўлган эҳтиёжни қоплаш мақсадида олий таълим муассасаларининг 6133 нафар битирувчиси умумтаълим мактабларига чет тили ўқитувчиси сифатида ишга қабул қилинган. Жорий ўқув йилида чет тили ўқитувчиларини тайёрловчи 18 та олий таълим муассасасининг 1421 нафар битирувчиси ишга қабул қилинди.

Сўнгги уч йил давомида Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Сурхондарё, Фарғона, Тошкент вилоятларидаги 47 та туманда чет тили ўқитувчиларига эҳтиёжни қоплаш мақсадида олий таълим муассасаларининг чет тили йўналишига 652 нафар абитуриент имтиёзли қабул қилинди.

Чет тили ўқитувчиларининг билим даражаси, савияси, малакаси ва касбий маҳоратини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 25 мартдаги 67-сонли қарори асосида 2015 ва 2016 йиллар давомида 671 та таянч мактаб базасида 969 нафар тренер ўқитувчи томонидан 20 мингга яқин инглиз тили ўқитувчилари учун ҳафталик курслар ташкил этилди. Ўқитувчилар билим даражаси тренерлар томонидан ҳар ой якунида оралиқ назорат ва 4 ой якунида ҳудудий малака ошириш институтлари томонидан якуний аттестация баҳолари орқали назоратга олинди. 

Ҳар йили Халқ таълими вазирлиги тизимида ўтказиб келинаётган «Йилнинг энг яхши чет тили ўқитувчиси» кўрик-танловининг ғолиблари хориждаги нуфузли олий ўқув юртларида малака ошириш имконига эга бўлмоқда. Ҳозирда 42 нафар ҳар бир вилоятдан 1-3 ўринни эгаллаган ўқитувчилар Буюк Британиянинг нуфузли университетида ихтисослик бўйича малака оширишди.

Эътиборлиси, мактаб ўқувчиларига чет тилини ўргатиш борасида ўзига хос ёндашувлар танланди. Хусусан, болалар тил ўрганиш баробарида тили ўрганилаётган халқ маданиятини миллий қадрият ва анъаналаримизга солиштирган ҳолда ўрганиб боради. Дарсликларга ўзбек ва жаҳон адабиёти ижодкорлари ижодидан намуналар ҳам киритилганки, бу болаларда мутолаа маданияти шакллантиришга хизмат қилади.

- Китобхонлик маданияти халқнинг маънавий қиёфасини белгилайди. Шу боис бугун юртимизда аҳолининг, айниқса, ёш авлоднинг китобхонлик маданиятини юксалтиришга катта эътибор қаратилмоқда. Халқ таълими тизимида ўқувчиларнинг китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш юзасидан бажарилаётган ишлар ҳақида тўхталсангиз.

- Дарҳақиқат, Президентимизнинг шу йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши халқимиз маънавиятини янада юксалтириш, ёш авлод қалбида китобга меҳр уйғотиш, комил инсонни тарбиялаш борасида жуда муҳим қадам бўлди. Мазкур фармойиш бизнинг зиммамизга ҳам улкан масъулият юклади.

Бугунги кунда халқ таълими тизимида 9576 та мактаб кутубхонаси ва ахборот-ресурс марказлари фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, халқ таълими тизимида 12 та вилоят ва 199 та туман(шаҳар) ахборот-ресурс марказлари мавжуд. Мазкур муассасаларда 23 миллиондан ортиқ китоб фонди мавжуд. Яъни 4,8 миллион ўқувчининг ҳар бирига ўртача 4,7 донадан китоб тўғри келади.

Тизим фондидаги китобларнинг 5 миллион нусхаси (21,7 фоизи) болалар адабиёти ҳисобланади. Улар ҳар бир ўқувчига деярли 1 донадан тўғри келади. Мактаб кутубхоналарида ўртача 50—60 номдаги 500 тадан 1500 донагача бадиий адабиётлар мавжуд.

Соҳа мутахассисларининг хулосасига кўра, кутубхоналар фонди ҳар йили камида 15-20 номдаги янги адабиётлар билан тўлдирилиши мақсадга мувофиқ. Вазирлик томонидан мактаб кутубхоналари фондини болалар бадиий адабиётлари билан бойитиш мақсадида 2014-2015 ўқув йилида 1-4-синф ўқувчилари учун бюджет маблағлари ҳисобидан 5,6 миллиард сўмлик - 27 номдаги жами 847 293 нусха бадиий адабиётлар етказиб берилди. Жорий ўқув йилида 5-9-синф ўқувчилари учун 7,6 миллиард сўмлик - 28 номдаги 1,2 миллион нусха бадиий адабиётлар етказиб берилмоқда.

Шунингдек, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш ва рағбатлантириш мақсадида таълим муассасаларида “Китоб тақдимоти”, “Адабиёт кунлари”, “Китобим - офтобим” номли маърифий тадбирлар, “Мактаб-кутубхона-оила-жамоат ташкилотлари” хайрия тадбири ва ота-оналар иштирокида “Бир фарзандга - уч китоб” акциялари ҳамда “Энг яхши китобхон ўқувчи” ва “Китобхон мактаб” танловларини ўтказиш йўлга қўйилган.

Таълим муассасаларида ўқувчилар ва ўқитувчилар ўртасида китобхонлик муҳитини яратиш мақсадида умумтаълим мактабларида “Китобхонлик соатлари”ни ташкил қилиш, хонадонларда оилавий кутубхона ташкил этиш ва китобхонлик маданиятини ривожлантириш, ота-оналар ўртасида оилавий китобхонликни тарғиб қилиш мақсадида “Энг яхши китобхон оила” республика кўрик-танловини ўтказиш каби устувор вазифалар ҳам белгиланмоқдаки, бу аҳоли ва ўқувчи-ёшлар ўртасида мутолаа маданиятини ривожлантиришда ўзига хос ўрин тутиши шубҳасиз.

Рўйхатдан ўтиш





Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Cайтнинг очиқлик сиёсати

Материалдан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, uzedu.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Вазирлик сайтининг олдинги варианти.

Ҳозир сайтда: 38

Хато кўрсангиз белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.