Вазирлик фаолияти бЎйича телефон рақами (+99871)2394077
Xизматни баҳолаш

Таълим-тарбия жараёнига илғор тажрибалар жорий этилади

2017.02.07 | Янгиликлар

Халқимизда “Ёшликда олинган билим тошга ўйилган нақш кабидир” деган нақл бор. Бу бежиз айтилмаган. Чунки инсон камолотининг асоси унинг болалигида олган таълим ва тарбиясига бевосита боғлиқ. Шу маънода, давлатимиз томонидан ўғил-қизларимизнинг билимли, одобли, юксак салоҳиятли бўлиб камолга етишишлари йўлида эзгу чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Бу ҳақда сўз юритганда, аввало, мактабгача таълим муассасаларининг ҳолатини янада яхшилаш борасидаги ташаббусларга алоҳида тўхталишимиз зарур. Хусусан, 2016 йил 29 декабрда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “2017 — 2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири ўринбосари Дилшод КЕНЖАЕВ билан ушбу ҳужжатнинг аҳамияти ҳақида суҳбатлашдик.

— Ҳар бир ота-она ўз фарзандини баркамол этиб тарбиялашни, унинг бахту иқболини кўришни истайди. Бунинг учун бола таълим-тарбиясига алоҳида эътибор қаратади. Шу маънода, улар тақдирида муҳим ўрин тутадиган маскан — мактабгача таълим муассасаларининг аввалгиларидан фарқли жиҳатлари нималарда кўринади?

— Мустақиллик йилларида республикамизда миллий таълим ва тарбия тизимини шакллантириш давлат сиёсатининг устувор йўналиши даражасига кўтарилди. Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг бевосита раҳбарлигида изчил ислоҳотларнинг амалиётга жорий қилиниши натижасида мамлакатда ноёб узлуксиз таълим тизимига асос солинди.

Бу тизимда мактабгача таълим боланинг соғлом, ҳар томонлама камол топиб шаклланадиган, унинг ўқишга интилиши ва билим олишга бўлган қизиқишини уйғотадиган муҳим босқичга айлантирилди.

Илгари мактабгача таълим муассасаси ота-она ишда бўлган пайтларида “болалар бехавотир сақлаб туриладиган жой” вазифасини бажарган. Бугун эса мактабгача таълим болани интеллектуал, жисмоний ҳамда маънавий ривожлантиришга, уни шахс сифатида тарбиялашнинг дастлабки ва муҳим бўғинига айланди.

Республикамиз бўйича жами 4916 та мактабгача таълим муассасасида қарийб 668,5 минг нафар бола тарбияланмоқда. Шунингдек, 194 та нодавлат мактабгача таълим муассасаси мавжуд бўлиб, уларда 12 минг нафарга яқин тарбияланувчи қамраб олинган. Мутахассислар инсон ўз умри давомида эгаллайдиган барча билимнинг 70 фоизини 5 ёшгача бўлган даврда олишини таъкидлашади. Шундай экан, келажак авлодга таълим-тарбия беришда мактабгача таълим муассасаларининг аҳамиятини тасаввур қилаверинг.

— Президентимиз қарори тизимда вужудга келган муаммоларни бартараф этишда қандай ўрин эгаллайди?

— Сўнгги йилларда мактабгача таълим муассасаларининг фаолият самарадорлигини юксалтириш ҳамда моддий-техника базасини мустаҳкамлашга йўналтирилган қатор ишлар амалга оширилмоқда. Масалан, биргина 2015/2016 йиллар давомида 459 та мактабгача таълим муассасаси мукаммал таъмирланиб, замонавий талабларга мос равишда жиҳозланди.

Шу билан бирга, бугунги кунда бундай муассасаларнинг таълим дастурлари ва ўқув-тарбиявий режаларига қўйилган давлат талабларини такомиллаштириш долзарб масала бўлиб қолмоқда. Аксарият мактабгача таълим муассасаларининг моддий-техника базаси замон талабларига жавоб бермайди. Айрим чекка ҳудудларда болаларни мактабгача таълимга қамраб олиш кўрсаткичи ҳамон паст даражада. Президентимизнинг “2017 — 2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори тизимни тубдан ислоҳ қилиш, уни давр талаблари асосида қайта ташкил этиш ҳамда болаларнинг интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний ривожланиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш имконини беради.

Ушбу ҳужжат 2017 — 2021 йилларга мўлжалланган кенг кўламли комплекс тадбирларни амалга оширишни кўзда тутади. Жумладан, мактабгача таълим сифатини ошириш, болаларни мактабга сифатли тайёрлашни тубдан яхшилаш чора-тадбирларига алоҳида урғу берилган.

— Президентимиз яқинда бўлиб ўтган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида мактабгача таълим соҳасида болаларни қамраб олиш 27 фоизни ташкил қилаётганини таъкидлади. Мутахассислар боғчага чиқмаётган болалар мактабга борганида фанларни ўзлаштиришда қийналиб қолиши мумкинлигини айтадилар. Қарорда бу масалалар ечими қандай белгиланган?

— Оила ва боғчада болаларнинг таълим-тарбиясига ёндашувда қатор тафовутлар мавжуд. Бу, аввало, болани мактабга тайёрлаш жараёнида кўринади. Мактабгача таълим муассасасига бормаган бола тўғридан-тўғри мактабга келганда, дастлаб бошқа болаларга қўшила олмайди. Чунки улар кўпроқ оила муҳитида улғайганлиги сабабли нисбатан тортинчоқ бўлишади. Мактабгача таълим муассасаларида эса болаларнинг нафақат тенгдошлари, балки катталар билан ҳам мулоқот қилиш кўникмалари ривожлантирилади.

Шу маънода, мазкур қарор асосида мактабгача таълим сифати тубдан яхшиланади, таълим-тарбия жараёнига замонавий ҳамда илғор тажрибалар жорий этилади. Бола шахсини камол топтиришда унга фақатгина ҳарфни ўргатишгагина эмас, балки ижобий фазилатларни шакллантириш, унинг руҳиятида атроф-олам, жамият ва ота-онасига нисбатан ҳурмат ҳиссини, Ватанни севишдек муқаддас туйғуларни уйғотишга аҳамият қаратилади.

Саволингизга тўхталадиган бўлсак, мактабгача таълим муассасаларида 5-6 ёшли болаларни мактаб таълимига тайёрлаш бўйича анъанавий шакллар билан бир қаторда, унинг муқобил шаклларини яратиш ҳамда ривожлантириш ҳам кўзда тутилган. Хусусан, юртимиз бўйича мактабгача таълим муассасаларида 6100 та қисқа муддатли гуруҳлар ташкил этилиши режалаштирилган. Бундай гуруҳлар болаларни мактаб таълимига тайёрлашнинг самарали шакли бўлиб қолади.

Яна бир муҳим жиҳати, бу гуруҳлар, бир томондан, ёш оилаларга қулайлик туғдиради, яъни уларга молиявий енгиллик беради. Энг муҳими, болаларни мактабгача таълимга қамраб олиш даражаси ортиб, бошланғич синфларда ўқувчилар орасидаги тафовут барҳам топади. Қолаверса, болаларнинг интеллектуал қобилиятини ривожлантириш бўйича зарур дидактик ўйин ва ўйинчоқлар билан таъминланиши, кичик кутубхоналарнинг ташкил этилиши ҳам эътиборлидир. Шу тариқа болажонларда бадиий адабиётга нисбатан қизиқишни уйғотиш кўзда тутилган.

— Қарордаги ўзига хос жиҳатлар яна нималарда кўринади?

— Президентимизнинг қарори мактабгача таълим муассасалари учун педагог кадрлар тайёрлаш ва улар малакасини ошириш масаласини назарда тутиши айни муддао бўлди. Замон шиддат билан ўзгараяпти. Техника ҳамда технологиялар йил сайин янгиланиб бораётир. Педагогик технологиялар ва услубларни инобатга олган ҳолда, мактабгача таълим муассасаларига кадрларни тайёрлаш ҳамда малакасини оширишнинг ўқув режа ва дастурларини такомиллаштиришга катта эътибор қаратилган.

Янги мактабгача таълим муассасаларини қуришда замонавий лойиҳаларга таянилади. Хусусан, болаларнинг янги шаклдаги ҳамда қулай шароитга эга ёзги айвончаларини,  сузиш ҳавзаларини қуриш инобатга олинган. Бундай қулайликлар кичкинтойнинг жисмонан ва маънан соғлом бўлиб ўсишида катта аҳамият касб этади.

Қисқаси, Мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш бўйича 2017 — 2021 йилларга  мўлжалланган дастур жондан азиз дилбандларимизнинг маънавий етук, жисмонан баркамол бўлиб улғайишларида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилиши, шубҳасиз.

“Халқ сўзи” мухбири
Омонулла ФАЙЗИЕВ
суҳбатлашди.

 

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Cайтнинг очиқлик сиёсати

Материалдан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, uzedu.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Вазирлик сайтининг олдинги варианти.

Ҳозир сайтда: 34

Хато кўрсангиз белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.