Вазирлик фаолияти бЎйича телефон рақами (+99871)2394077
Xизматни баҳолаш

Мулоқот қилиш имконияти кенгаймоқда

2017.02.01 | Янгиликлар

Ўзбекистон Республикасининг Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституция қабул қилинганлигининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимда “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак ва бу ҳақиқатни аввало барча бўғиндаги раҳбарлар яхши тушуниб олиши зарур. Бу борада аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг янги механизмлари ва самарали усулларини жорий этишимиз даркор” дея таъкидлаган эди.

Халқ таълими вазирлиги томонидан ҳам жамоатчилик билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш, хусусан, ҳар бир фуқаронинг ахборот олишга бўлган қонуний ҳуқуқларини таъминлаш масаласига доимий эътибор қаратиб келинмоқда. Хусусан, халқ таълими вазирининг виртуал қабулхонаси ишга туширилиши, “ишонч телефони” фаолиятининг йўлга қўйилиши, жойларда “Сайёр қабул кунлари” ва умуман юртдошларимизга соҳага оид савол ва мурожаатларига тезкор жавоб олиш имкониятининг яратилиши фикримизнинг ёрқин мисолидир.

Вазирлик бугунги кунда тизимдаги қуйи ташкилотлар, туман (шаҳар), вилоят мутасадди раҳбарларининг масъулиятини ошириш, жойларда фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш тизимини такомиллаштириш масаласига эътибор қаратмоқда.

Жумладан, Абдулла Авлоний номидаги халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш марказий институти ректорининг виртуал қабулхонаси (www.qabulxona.avloniy.uz) ишга туширилди. Эндиликда, фуқаролар малака ошириш, қайта тайёрлаш курсларининг ташкил этилиши, масофадан малака ошириш ўқув курслари, диплом ва сертификат олиш билан боғлиқ ўзларини қизиқтирган саволларга бевосита институт ректоридан жавоб олишлари мумкин.

Бундан ташқари, Наманган (www.rahbar.namanganvxtb.uz) ва Фарғона (http://fargonavxtb.uz/online-murojat/sendmail.php) вилоят халқ таълими бошқармалари бошлиқларининг ҳам виртуал қабулхоналари ташкил этилиб, фуқаролар мурожаатларини қабул қилиш йўлга қўйилди. Мазкур ҳудудлар масъул мутасаддилари томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири тургани инобатга олинган ҳолда, уларга асосли жавоблар қайтарилмоқда.

Тошкент вилояти халқ таълими бошқармаси ташаббуси билан вилоятдаги барча таълим муассасаларида тажриба тариқасида “Ота-оналар хоналари” ташкил этилмоқда. Ота-оналар исталган вақтда у ерга келиб,  ўзларини қизиқтирган масала юзасидан қуйи бўғиндаги раҳбар ходимлар билан мулоқот ўрнатиши мумкин. Бу эса  мавжуд муаммоларни жойида тезкорлик билан ҳал қилиш ҳамда оила-маҳалла-таълим муассасаси ҳамкорлигини кучайтириш имконини беради.

Бир сўз билан айтганда юртимиздаги энг катта тармоқлардан бири бўлган халқ таълими тизимида фуқаролар мурожаати доимий назоратга олинган бўлиб, ҳамюртларимизга мурожаат қилиш ва унга қисқа вақт оралиғида жавоб олиш учун имкониятлар кенгайиб бормоқда.

Халқ таълими вазирлиги
Ахборот хизмати

 

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Cайтнинг очиқлик сиёсати

Материалдан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, uzedu.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Вазирлик сайтининг олдинги варианти.

Ҳозир сайтда: 21

Хато кўрсангиз белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.