Энг яхши мактаблар рейтингини аниқлаш масаласи муҳокама этилди

2019.01.30 | Янгиликлар

Халқ таълими вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан 2018 йилнинг 29 декабрида имзоланган “Умумтаълим муассасаларининг фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қўшма қарори ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 30 январь куни Халқ таълими вазирлиги биносида видеоселектор йиғилиши ташкил этилди.

“Умумтаълим муассасалари рейтингини аниқлашни самарали ташкил этиш ҳамда PISA халқаро тадқиқотларида Ўзбекистон Республикасининг иштирок этишига тайёргарлик кўриш” мавзусида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишининг Республика студиясида Халқ таълими вазирлиги ҳамда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси раҳбарияти бошқарма ва бўлим бошлиқлари иштирок этди. Йиғилишни вилоят студияларида Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазири, Тошкент шаҳар ва вилоятлар халқ таълими бошқарма бошлиқлари, туман (шаҳар халқ таълими бўлими мудирлари), таълим сифати мониторинги хизмати ходимлари, халқаро тадқиқотларни амалга оширишга масъул бўлган ходимлар ҳамда мазкур тадқиқотларни амалга оширишга йўналтирилган таянч мактабларининг раҳбарлари кузатди.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, Халқ таълими вазирлиги томонидан таълим сифат ва самарадорлигини ошириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Хусусан, видеоселектор йиғилишида жорий йилда илк бора ўтказилаётган умумтаълим муассасаларининг рейтингини аниқлашга оид маълумотлар базасини шакллантириш, назорат ишлари ва ижтимоий сўровномаларни ўтказиш масалалари муҳокама этилди. Шунингдек, халқаро тадқиқотларни самарали ташкил этиш бўйича таклиф ва мулоҳазалар тингланди.

Рейтингни аниқлашга оид маълумотлар базасини шакллантириш жараёнида ишчи гуруҳлар томонидан ҳар йили март ва май ойларида умумтаълим муассасалари 9-синф ўқувчиларининг билим даражасини аниқлаш мақсадида ёзма иш ёки тест синовларидан иборат назорат ишлари ўтказилиши қайд этилди. Жумладан, 9-синф ўқувчилари она тилидан диктант, математикадан битта масала ва тўртта мисол ечиши белгиланди.

Видеоселектор доирасида ўқувчиларнинг таълимий ютуқларини баҳолаш бўйича PISA халқаро дастури дунёнинг барча давлатларидаги ўқувчиларнинг саводхонлигини баҳолаш ва ушбу билимларини амалиётда қўллашни билиш даражасини баҳоловчи тест эканлиги алоҳида таъкидланди. Бу тестлар 3 йилда бир маротаба ўтказилиб, унда 15 ёшли ўсмирлар қатнашади.

Ҳозирги кунда миллий тизимни ривожлантириш ҳамда инновацион потенциалини такомиллаштириш мамлакатнинг иқтисодий ўсишнинг энг муҳим омиллари ҳисобланмоқда. Мазкур омилларни тадқиқ этиш муаммолари дунёнинг кўплаб давлатлар ва халқаро ташкилотлар учун долзарбдир. Шу боисдан ҳам инновацион ривожланишнинг даражасини тезкор ва ишончли таҳлил қилишга мўлжалланган баҳолаш тизими мавжудлиги катта аҳамиятга эга.Бундай баҳолаш тизимлари сифатида обрўли халқаро ташкилотлари томонидан яратилган халқаро рейтинг тизимлари қўлланилмоқда. Аҳамиятлиси, эндиликда умумтаълим муассасалари рейтингини аниқлашни самарали ташкил этишда ҳамда PISA халқаро тадқиқотлари юртимиз таълим муассасаларида ҳам қўлланилади.

Видеоселекторда PISA халқаро тадқиқотлари мамлакатимизда 2021 йилдан бошлаб татбиқ этилиши айтилиб ўтди ва ушбу жараёнга халқ таълими тизими ва бошқа тегишли ташкилотлар пухта тайёргарлик қўришлари кераклиги таъкидланди ва тегишли топшириқлар берилди.

 

Халқ таълими тизимига оид сўнги янгиликлар билан вазирликнинг телеграм канали орқали ҳам танишиб боришингиз мумкин.

Халқ таълими вазирлиги
Ахборот хизмати

 

Рўйхатдан ўтиш





Топ Рейтинг НИПС www.uz
100187, Ўзбекистон, Тошкент шаҳри, М.Улуғбек тумани, Буюк ипак йўли кўчаси, 243-уй.
Телефон: (+99871)265-90-92, факс: (+99871)265-90-92 e-mail: uzedu@exat.uz
Вазирлик иш кунлари: душанба-жума(9.00-18.00гача, 13.00-14.00гача тушлик),
дам олиш кунлари: шанба, якшанба ва байрам кунлари.
Матбуот хизмати рақами: (+99871)266-18-53

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Cайтнинг очиқлик сиёсати

Материалдан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, uzedu.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Вазирлик сайтининг олдинги варианти.

Ҳозир сайтда: 37

Хато кўрсангиз белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.