Мактабларга 47 номдаги 450 минг дона китоблар тақдим этилди

2018.12.28 | Янгиликлар

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи халқ таълими тизимида фаолият юритувчи мактабларга 47 номдаги жами 450 минг дона китобларни тақдим этди.

Жорий йилнинг 27 декабрь куни Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашида мазкур китобларни Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлигига топшириш маросими бўлиб ўтди. Тадбир M-fond ҳомийлик платформаси  кўмагида амалга оширилди.
Таъкидлаш керакки, бугунги кунга қадар Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши томонидан Марказий Кенгаш қошидаги “Ёшлар нашриёт уйи”да “Ёшлар кутубхонаси” рукни остида 47 номдаги бадиий китоб 10 000 нусхадан, жами 470 000 дона китоб чоп этилди.
Мазкур китоблар тўплами Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлиги орқали Республикадаги 9636 та мактаб ва 85 та олий таълим муассасаларига етказилиши белгиланган.
“Ёшлар кутубхонаси” рукни остида чоп этилаётган бадиий китоблар билан Республикадаги умумтаълим мактабларини таъминлашга Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши бюджетидан 10 млрд. сўм маблағ ажратилган.
2018 йил давомида “Ёшлар кутубхонаси” рукни остида 60 номдаги ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналари бўлган китоблар нашрга тайёрланди. Мазкур китобларнинг 47 таси 10 минг нусхадан чоп этилди. Нашрга тайёрланган китоблардан 41 тасини ўзбек адабиёти, 19 тасини эса жаҳон адабиётига оид асарлар ташкил этади.
Юртимиз Мустақиллигининг йигирма етти йиллигига ёшлар учун туҳфа сифатида “Ёшлар кутубхонаси” рукни остида 27 номдаги китоблар тўплами чоп этилди. Республикамиздаги барча таълим муассасалари кутубхоналари ҳамда Ёшлар иттифоқининг ҳудудий ва маҳаллий кенгашларига бир донадан, жами 270 минг дона китоб бепул етказиб берилди.
Чоп этилган китоблар орасида ўзбек халқ эпоси ҳисобланмиш “Алпомиш” достони, шунингдек, Бурҳонуддин Рабғузийнинг “Қиссаси Рабғузий”, Алишер Навоийнинг “Маҳбуб ул-қулуб”, Саъдийнинг “Гулистон”, Ғиёсиддин Хондамирнинг “Макорим ул-ахлоқ” асарлари ҳамда “Темур тузуклари”, Абдулла Авлонийнинг “Туркий Гулистон ёхуд ахлоқ” каби мумтоз адабиётлар ҳам мавжуд.
“Ёшлар кутубхонаси” рукни остида Робиндранат Тагор, Иоган Волфганг Гёте, Стендал, Эрнест Хемингуэй, Антон Чехов, Паоло Коэло, Нодар Думбадзе, Чингиз Айтматов каби жаҳон адабиёти намоёндаларининг сара асарлари, ҳинд халқ эпоси “Калила ва Димна”, “Конфуций ҳикматлари” каби асарлари нашр этилди.
Шу билан бирга ўзбек адабиёти дурдоналари ҳисобланган Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар”, Одил Ёқубовнинг “Улуғбек хазинаси”, Ғафур Ғуломнинг “Шум бола”, Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар”, “Авлодлар довони”, Ойбекнинг “Болалик хотираларим” каби асарлари ҳам чоп этилди.
“Ёшлар кутубхонаси” рукни остида болалар адабиётига оид Ўзбек халқ эртаклари, Анвар Обиджоннинг “Мешполвон жангга отланди”, Худойберди Тўхтабоевнинг “Сариқ девни миниб”, Антуан де Сент-Экзюперининг “Кичкина Шаҳзода”, Жонатан Свифтнинг “Гулливернинг саргузаштлари”, шунингдек, “Ёшлар кутубхонаси” рукни остида Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” асари инглиз тилида нашрдан чиқди.
Ушбу лойиҳа доирасида 2018 йилда 47 номдаги китоблар тўплами 5 млрд. сўм маблағ ҳисобида нашрдан чиққан бўлса, кейинги йилда мазкур китоблар сони 200 номга етказилиши режалаштирилган.
Ўзбекистон Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов бу ҳақда шундай дейди: “Халқ таълими тизими ходимлари ва фарзандларимиз номидан Ўзбекистон ёшлар иттифоқига ташаккур билдираман. Биз фарзандларимизни китоб мутолаасига жалб этиш орқали уларнинг фикрлаш доирасини кенгайтирамиз ҳамда келажаги порлоқ бўлишига замин яратамиз. Келгусида ҳам бу каби ибратли лойиҳалар сони ошиб боради, деган умиддаман. Ҳозир ўғил-қизларимиз учун киритилган сармоялар йиллар ўтгач, албатта бир неча баробар кўп бўлиб қайтади”.

Халқ таълими вазирлиги
Ахборот хизмати

Рўйхатдан ўтиш





Топ Рейтинг НИПС www.uz
100187, Ўзбекистон, Тошкент шаҳри, М.Улуғбек тумани, Буюк ипак йўли кўчаси, 243-уй.
Телефон: (+99871)265-90-92, факс: (+99871)265-90-92 e-mail: uzedu@exat.uz
Вазирлик иш кунлари: душанба-жума(9.00-18.00гача, 13.00-14.00гача тушлик),
дам олиш кунлари: шанба, якшанба ва байрам кунлари.
Матбуот хизмати рақами: (+99871)266-18-53

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Cайтнинг очиқлик сиёсати

Материалдан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, uzedu.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Вазирлик сайтининг олдинги варианти.

Ҳозир сайтда: 32

Хато кўрсангиз белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.