Халқ таълими тизимида йил якуни ва истиқболдаги вазифалар

2018.12.12 | Янгиликлар

2018 йил халқ таълими тизимида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиши бошланди.

Мазкур йилнинг июнь-декабрь ойларида давлат раҳбари мамлакатимизда халқ таълимини ислоҳ этиш ва таълим сифатини оширишга бағишланган икки йиғилиш ўтказилди. Шу давр давомида соҳани ривожлантириш ва такомиллаштиришга қаратилган бир неча Президент фармонлари ва қарорлари қабул қилинди.

Ҳужжатларда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига таълим сифатини ошириш, ўқитувчи мақомини ошириш, замонавий кадрлар билан таъминлаш сиёсати, вазирликнинг мавқейини кучайтириш, ходимлар учун шароитларни янада яхшилаш, АКТни кенг жорий этиш, халқаро тажрибани жорий этиш ва давлат-хусусий шерикчилик ривожлантириш каби вазифалар қўйилди.

Шу билан бирга Президентимиз маҳаллий ҳокимиятларнинг вазифаларини белгилаб берди. Улар, жумладан, халқ таълими муассасаларининг қурилиши, таъмирлаш, янги ўқув йилига, куз-қиш мавсумига тайерлаш, мактабларнинг хавфсизлигини таъминлан, инвестиция ва ҳомийлик маблағларини жалб этиш каби вазифалар юклатилди.

Ислоҳотларнинг асосий мақсади жамиятимизда ўқитувчи касби мавқейини оширишдир. Ислоҳотларнинг илк кунидан ўқитувчиларни ҳуқуқий ҳимоя этиш ва уларнинг ишлаш шароитларини яхшилаш бўйича чораларга катта аҳамият берилди.

Ўқитувчиларни мажбурий меҳнат ва мажбурий обуна, турли йиғилишларга жалб этиш тўхтатилди. Ўқитувчилар юритадиган ҳужжатлар сони 7 тадан 3 тага қисқартирилди. Шу билан бирга мактабларнинг текшириш сони 26 баравар камайди. “Халқ таълими фидойиси” давлат мукофоти таъсис этилди.

Таъкидлаш лозимки, ўқитувчиларнинг ойлик маошлари тоифасига қараб 40% дан 72% ошди. Психологлар иш ҳақи 103%, мактаб директори ва ўринбосарлари, Ахборот-ресурс маркази раҳбари ва кутубхоначилар маошлари 33% кўтарилди.

Халқ тизими соҳаси ходимлари учун имтиёзли ипотека кредитлар, истеъмол кредитлари, жумладан автокредитлар, уларнинг оила аъзолари тадбиркорлик фаолиятини юритишлари учун кредит маблағлар ажратиш механизмлари ишлаб чиқилмоқда.

Таълим муассасаларининг кўчмас мулкини ижарага беришдан тушган ва бюджетдан ташқари топилган маблағларнинг 99 фоизи умумтаълим мактабларига берилади. Мактаб раҳбарига даромадларнинг жами суммасидан 10 фоизини ўз хоҳишига биноан моддий рағбатлантириш ҳуқуқи берилди. Бу халқ таълими тизимида коруппцияни бартараф этишга ўз ҳиссасини қўшиши лозим.

Касаба уюшмалари федерацияси кўмагида таълим ривожига муносиб ҳисса қўшган, давлат мукофотларига сазовор бўлган 70 нафар педагог кадрларга ҳар йили давлат ва хўжалик бошқаруви органларига қарашли санаторий-соғломлаштириш муассасаларига имтиёзли ва бепул йўлланмалари тақдим этилади. Бу йил илк бор Касаба уюшмалари федерацияси ҳомийлигида “Йил фан ўқувчилари” 10 миллион сўм мукофот пули билан тақдирландилар.

Педогогларга яратилаётган шароитлар натижасида 2018 йилда 13 минг нафар эркак ўқитувчилар мактабларга қайтдилар. Биргина, 2018 йилда 11,5 мингдан ортиқ(2016 йилда 1900дан ортиқ, 2017 йилда 9500 дан ортиқ) олий ўқув юртини тамомлаган ёш мутахассислар мактабларга ишга қабул қилинди. 2019 йил 1 январдан пенсия ёшидаги ўқитувчиларнинг пенсияси тўлиқ тўланиши муносабати билан 7 мингдан ортиқ тажрибали ўқитувчилар мактабларга қайтиб ишга олинди.

UReport.uz лойиҳаси ёшлар орасида ўтказган сўровномаси натижалари шуни кўрсатдики, ислоҳотлар натижасида 71% ёшлар ўқитувчи касбини танлашга тайёр.

Муҳтарам Президентмиз ва Молия вазирлиги кўмагида халқ таълими тизимига давлат бюджетдан маблағ ажратиш ошиб бормоқда. 2018 йилда соҳага давлат бюджетдан 12,1 трлн. сўм ажратилган бўлса, 2019 йилда тизим 17,1 трлн. сўм ажратиш кўзда тутилган. Бу маблағларнинг 90% соҳа ходимларининг ойлик маошларига йўналтирилади.

Халқ таълими тизимини қўллаб-қувватлаш халқ ҳаракатига айланмоқда. 2018 йил давомида маҳаллий бюджетлардан ҳам мактаб инфратузилмасини такомиллаштириш ва уларни моддий-техник базасини яхшилашга маблағлар йўналтирдилар.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Муса Ерниязов маҳаллий бюджетдан мактабларни молиялаш учун энг кўп қўшимча маблағ ажратгани учун “Таълим ҳомийси” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Шу билан бирга тизимда хали ўз ечимини топиши керак бўлган масалалар кўп. 2016 йилдан 2018 йилга қадар мактаб ўқувчилари сони 4,2 млн.дан 5,8 млн. нафарга етди. 2019 йилда бу кўрсаткич 6,2 млн. ўқувчига етиши кутилмоқда. Шу билан бирга мактаблар қуввати 4,8 млн. ўқувчи даражасида сақланиб қолмоқда.

Бу муаммо давлат мактаблари ва нодавлат таълим муассасаларини ривожлантириш ҳамда фойдаланмаётган коллежларнинг биносини мактабларга айлантириш орқали ҳал этиш мумкин. Таъкидлаш керакки, 2016-2018 йилларда нодавлат таълим муассасаларининг сони деярли 4 баравар ошди ва 84 тага етди.

2016-2018 йилларда ўқувчиларнинг таълим олишлари учун янада шароитларни яхшилаш мақсадида 65 та янги мактаб қурилди ва 15636 та қўшимча ўқувчи ўрни яратилди.

Шунингдек, сўнгги 3 йилда инвестиция ва “Обод қишлоқ” (“Обод маҳалла”)давлат дастурлари асосида 1 691 та таълим муассасасида 1.5 трлн.сўмдан ортиқ маблағ янги қурилиш, капитал ва мукаммал таъмирлаш учун сарфланди.2018 йилда бу дастурлар асосида 24 та мактаб янгидан қурилиб фойдаланишга топширилди.

Ўқувчилар сонини кўпайиши ҳамда шарт-шароитларнинг яхшиланиши натижасида 43 та мактаб филиаллари умумтаълим мактабларига айлантирилди (2016 йилда 1138 та, 2017 йилда 1348 та, 2018 йили 1299 та филиал бўлган).

Бундан ташқари, 2018 йилда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 1815 та мактаб жорий таъмирдан чиқарилди ва бунинг учун 189 млрд сўм маблағ сарфланди.

Таълим муассасаларининг қурилиш-таъмирлаш ишларининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш ҳамда жамоатчилик назоратини ўрнатиш мақсадида вазирлик сайтида онлайн мониторинг тизими (stat.uzedu.uz) ишга туширилди. Натижада мактаблар ҳар йилгидан вақтлироқ ва сифатлироқ мактаблар фойдаланишга топширилди. 

Умумий ўрта таълимнинг Давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурлари 
2017-2018 ўқув йилидан бошлаб босқичма-босқич амалиётга:

1-босқич: 2017-2018 ўқув йилидан 1, 4, 6, 7, 10-синфларда;

2-босқич: 2018-2019 ўқув йилидан 2, 3, 8, 9, 11-синфларда;

3-босқич: 2019-2020 ўқув йилидан 5-синфларда жорий этиш бошланди.

2021 йилда ўқувчилар билимини халқаро стандартлар асосида баҳолаш PISA тизимига ўтишга тайёргарлик кўрилмоқда.

11 йиллик мажбурий таълим тизимига ўтилиши муносабати билан халқаро тажрибани ўрганган ҳолда2017 йили 10-11-синфлари учун янги ўқув режаси ишлаб чиқилди ва унда ўқув фанлари 23 тадан 12 тага оптималлаштирилди.

2017 йилда 10-синфлар учун 140 номдаги жами 9,0 млн. нусхада, 2018 йилда 11-синфлар учун 137 номдаги жами 9,7 млн. нусхада дарсликлар чоп этилди.

2017-2018 ўқув йилидан бошлаб 11 йиллик мажбурий умумий ўрта таълим тизимига ўтилди. Ҳозирда умумтаълим мактабларида 736 185 нафар ўқувчилар 10-11-синфларда таълим олмоқда.

Шунингдек, 11 йиллик мажбурий таълим тизимига ўтилиши муносабати билан ўқувчиларни касб-ҳунарга ўргатиш тизимининг янгича механизми жорий этилиб, 2018/2019 ўқув йилида 10-11-синф ўқувчилари касб-ҳунар коллежлари базасида

1 748 та ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларида 737 642 нафар (улардан 1457 нафари нодавлат таълим муассасалари ўқувчилари) ўқувчига51 та касблар ўрганилмоқда 
(2017 йили 279 124 нафар ўқувчига 1488 та мажмуада 40 та касб). Ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларида янги касблар, яъни АКТ соҳасида дастурловчи, компьютер дизайнери, комьютерларни созлаш техниги каби меҳнат бозорида эҳтиёж юқори бўлиши кутилаётган ҳамда кўп ҳақ тўланадиган касблар ҳисобига кенгайтириш чоралари кўрилмоқда.

Мажмуаларда жами 10 833 нафар ўқитувчилар касб-ҳунар сирларини ўргатмоқда. Шундан, 8570 нафари олий маълумотли ўқитувчилар, 2263 нафари ўрта-махсус маълумотли ишлаб-чиқариш таълими усталаридир.

Ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларида таълим жараёнини ташкил этиш бўйича меъёрий-ҳуқуқий база яратилди. Жумладан, касблар бўйича малака талаблари белгиланди, ўқув режа ва дастурлар ишлаб чиқилиб, тасдиқланди, ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларида ўқувчиларни баҳолаш мезонлари ва якуний аттестациядан ўтказиш тартиби белгиланди.

2018 йилда 333 та таълим муассасаларини касблар бўйича 489 та синфлар тўплами билан жиҳозлаш чоралари кўрилмоқда.

2019 йилдан бошлаб, 635 та мактабларда ташкил этилган ва минимум даражада жиҳозланган ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларига мавжуд касблар бўйича 2,1 млрд. сўмлик хом-ашё етказиб бериш кўзда тутилмоқда.

Халқ таълими вазирлиги соҳа фаолияти шаффофлигини ошириш, аниқ маълумотларни тўплаш, аҳоли билан мулоқот қилиш ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш учун ахборот технологияларини фаоли жорий этмоқда. Жумладан, вазирлик ustozovozi.uzedu.uz, stat.uzedu.uz, eduportal.uz каби ресурсларни ишга туширди. Халқ таълими тизимига ҳомийлик маблағларини жалб этиш мақсадида МFond жамғармаси очилди. Халқ таълими соҳасидаги маълумотлар очиқ-ошкора, шаффоф тарзда қўйиб бориш учун ижтимоий тармоқлари каналларида “Ustoz ovozi” канали ишга туширилди.

Халқ таълими вазирлиги тизимида ўқувчилар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини тарғиб қилиш учун kitob.uz сайти яратилган. Сайтга жами 803 номдаги, шундан, 655 номада ўзбек ва 148 номда жаҳон болалар адабиёти намоёндалари асарларининг электрон варианти жойлаштирилган. www.kitob.uz сайтига бадиий адабиётларнинг МРЗ шаклидаги аудио ресурслари жойлаштирилмоқда. Сайтга ўқувчилар мутолааси учун тавсия қилинган 125 номдаги адабиётлар рўйхати жойлаштирилган.

Вазирлик марказий аппарати таркибида ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоялаш, улар ҳуқуқларининг бузилишига йўл қўймаслик, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг таълим муассасалари фаолиятига асоссиз аралашувига йўл қўймаслик мақсадида Назорат-ҳуқуқий хизмати ташкил этилди.

Республика мақсадли китоб жамғармаси Молия вазирлигидан Халқ таълими вазирлигига ўтказилди. Халқ таълими соҳасида лойиҳа ҳужжатларига техник топшириқларни ишлаб чиқиш ва қурилиш объектлари сифатини назорат қилиш инжиниринг компанияси ташкил этилди.

Халқ таълими соҳасидаги ислоҳотларга кўмаклашиш жамғармаси ташкил этилди, шу билан бирга 2019 йил 1 январдан халқ таълимини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади.

2018 йил давомида Халқ таълим вазирлиги илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш учун ривожланган мамлакатлар ҳамда уларнинг давлат ва хусусий ташкилотлари билан учрашувлар ва музокаралар ўтказилди. Улар орасида Финляндия, Хитой, Буюк Британия, Германия, АҚШ каби мамлакатлари вакиллари бор. Вазирлик вакиллари Жанубий Корея ва АҚШ ташриф буюрдилар ва маҳаллий ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатдилар.

2018 йил давомида халқ таълим соҳасида катта кўламдаги ишлар амалга оширилган бўлса ҳам, соҳада амалга оширилиши лозим ишлар кўп. Ҳозирда ишлар асосан муаммоларни аниқлаш ва уларга ечим топиш устида иш олиб борилган бўлма, кейинги бир неча йил таълим сифатини, ўқув дастурларини ва дарсликларни такомиллаштиришга йўналтиради.

2019 йилдаги устувор вазифалар:

1. Умумий ўрта таълимнинг ўқувчиларни мустақил фикрлашга ундайдиган Давлат таълим стандартлари ўқув дастурлари ва ўқув режалари қайтадан кўриб чиқилиб, такомиллаштирилади.

2. Ҳар бир ҳудудда (биринчиси 2019 йилда Қорақалпоғистонда) иқтидорли ўқувчилар учун“Президент мактаблари” ташкил этилади.

3. 2019 йилдан бошлаб, барча шароитларга эга бўлган “Замонавий мактаб”барпо этилади.

4. Жамиятда ўқитувчиларнинг нуфузини янада ошириш мақсадида “Ўқитувчи мақоми тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Қонуни ишлаб чиқилади.

5. Таълим сифати юқори бўлган намунали мактаблар тармоғи (“сетевая школа”) кенгайтирилади.

6. Давлат хусусий шерикчилик асосида нодавлат таълим муассасалари 2 бараварга ортади.

Халқ таълими вазирлиги
Ахборот хизмати

Рўйхатдан ўтиш





Топ Рейтинг НИПС www.uz
100187, Ўзбекистон, Тошкент шаҳри, М.Улуғбек тумани, Буюк ипак йўли кўчаси, 243-уй.
Телефон: (+99871)265-90-92, факс: (+99871)265-90-92 e-mail: uzedu@exat.uz
Вазирлик иш кунлари: душанба-жума(9.00-18.00гача, 13.00-14.00гача тушлик),
дам олиш кунлари: шанба, якшанба ва байрам кунлари.
Матбуот хизмати рақами: (+99871)266-18-53

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Cайтнинг очиқлик сиёсати

Материалдан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, uzedu.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Вазирлик сайтининг олдинги варианти.

Ҳозир сайтда: 38

Хато кўрсангиз белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.