Директорлар учун сабоқ: бир йилда тумандаги энг қолоқ мактабдан энг юқори даражагача

2018.09.03 | Янгиликлар

Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги 224-сонли умумий ўрта таълим мактаби 1968 йилда қурилган бўлиб, 960 та ўринга мўлжалланган. Охирги пайтларда мактаб ярим вайрон ҳолатга келиб қолган эди, табиийки, мактабнинг туман ва республика миқёсидаги рейтинги ҳам энг қуйи поғоналарда эди. Ундан ташқари, мактабдаги ўқувчилар сони мактаб имкониятидан бир неча баробарга камайиб кетган эди.

2017 йилнинг апрел ойида мактабга янги директор - Азимбоева Замира Саидакмаловна тайинланди. Унинг раҳбарлигида мактабни тиклаш ва ривожлантиришга кўмаклашувчи янги лойиҳалар ишлаб чиқилди ҳамда амалга ошириш ишлари бошланди.

Ислоҳотларга ота-оналар ва ҳозирда муваффақиятли тадбиркорларга айланган мактаб битирувчилари ҳам жалб этилди. Улар мактабнинг жорий аҳволи ва муаммолари билан танишди. Кейинчалик, таълим сифатини ошириш бўйича бош устувор вазифалар белгилаб олинди.
 

Шунингдек, мактабда “Васийлик кенгаши” тузилиб, ҳомийлар билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди. Ҳомийлик ёрдамини кўрсатган ота-оналар йил давомида “Васийлик кенгаши”да ҳам иштирок этадилар. Ҳомийлик ёрдами натижасида мактабга 9 миллиард сўм миқдорида ҳомийлик ёрдами кўрсатилди. Кўрсатилган ёрдам ҳисобига қуйидаги ишлар амалга оширилди:

- мактабнинг том қисми тўлиқ алмаштирилди;

- мактабнинг оқава ва сантехника тизими тўлиқ алмаштирилди;

- мактаб электр таъминоти тизими капитал таъмирланди;

- мактаб поли мармар билан тўлиқ қопланди ҳамда синф хоналари поли таркетга алмаштирилди;

- синф хоналари ва коридорлари капитал таъмирдан чиқарилди;

- мактабга қўшимча бинолар (фаоллар зали, спорт зал, спорт майдончаси, кутубхона, қизлар учун технологиялар синфи ва иккита КПП) қурилди;

- ойна ва эшиклар алмаштирилди;

- ошхона, қўшимча хоналар ва ҳожатхоналар капитал таъмирланди;

- мактабнинг атрофи девор билан ўралди;

- мактаб фасад қисми тўлиқ таъмирланди;

- мактаб ҳудудида ободонлаштириш бўйича ишлар якунланди;

- мактабнинг иситиш тизими тўлиқ таъмирланди;

- мактаб ошхонаси, ўқув хоналари, ўқув-компютер синфлари жиҳозланди;

- мактаб ҳудудида артезиан қудуқ қазилди ва ҳ.к.

Ундан ташқари, Азимбоева Замира ва унинг ҳамкасблари таълим сифатини ошириш ва ўқувчиларнинг ўқишга бўлган қизиқишини орттириш мақсадида турли инновацион лойиҳаларни ишлаб чиқдилар. Хусусан, иқтидорли ва аълочи ўқувчиларга бир йилда икки марта 100 000 сўмдан 500 000 сўмгача миқдорда “Иқтидорли ўқувчилар учун стипендиялар” берилди.

Янги 2018 йил байрами арафасида ярмарка уюштирилиб, ўқувчиларга пул миқдорига тенг маркалар тақдим этилди, улар бу маркаларга китоб, турли эсдалик совғалари ва ширинликлар харид қилишди.

Шунингдек, ўқувчилар ўқиши ва хулқ-атворини баҳолаш учун янги “баҳолаш мезони” ишлаб чиқилди, унга кўра ўқувчилар ҳар куни баҳоланиб борилди. Ўқув йили натижаларига кўра, 100 дан ортиқ ўқувчилар “Иқтидорли ўқувчилар учун стипендиялар” билан тақдирланди, 20 нафар ўқувчиларга “Лочин” ёзги соғломлаштириш лагерьига бепул чипта ва 80 нафар ўқувчиларга бассейнларга бепул абонемент берилди ҳамда 300 дан ортиқ ўқувчиларга турли совғалар тарқатилди.

Бугунги кунга келиб, юқорида кўрсатилган кўплаб ўзгаришлардан ташқари муваффақиятли амалга оширилган ишларнинг бош кўрсаткичи сифатида ўқувчилар сонининг 380 дан 1440 га кўтарилганини айтиб ўтиш мумкин. Шунингдек, синфлар сони 14 тадан 45 тага ошди. 37 параметрга кўра мактаб туманда сўнгги 29-ўринни эгаллаган бўлса, 2017-2018 ўқув йили охирига келиб эса, у туманда биринчи ўринга кўтарилиб олди.

Бундан буён, Халқ таълими вазирлиги раҳбар танлашда, мактабларни ривожлантиришда реал натижаларга эришган мактаб директорларига аҳамият беради. Шу муносабат билан, вазирлик оммавий ахборот воситалари вакилларини, жойларда шу каби фидойи ва ташаббускор раҳбарлар ва мутахассисларни аниқлашда ёрдам беришга чақиради, бу эса ўз навбатида уларга раҳбарликнинг кейинги поғоналарига кўтарилиши учун,уларнинг тажриба ва кўникмаларини кўпроқ мактабларга тарқатиш учун замин яратади.

Халқ таълими вазирлиги
Ахборот хизмати

 

Рўйхатдан ўтиш





Топ Рейтинг НИПС www.uz
100187, Ўзбекистон, Тошкент шаҳри, М.Улуғбек тумани, Буюк ипак йўли кўчаси, 243-уй.
Телефон: (+99871)265-90-92, факс: (+99871)265-90-92 e-mail: uzedu@exat.uz
Вазирлик иш кунлари: душанба-жума(9.00-18.00гача, 13.00-14.00гача тушлик),
дам олиш кунлари: шанба, якшанба ва байрам кунлари.
Ахборот хизмати телефон рақами: (+99871)266-18-53

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Cайтнинг очиқлик сиёсати

Материалдан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, uzedu.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Вазирлик сайтининг олдинги варианти.

Ҳозир сайтда: 36

Хато кўрсангиз белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.