Касбу ҳунар — бебаҳо бойлик

2017.12.25 | Янгиликлар

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Президентимиз ташаббуси билан умумтаълим мактабларида 10, 11-синфларнинг қайта ташкил этилиши ёшлар, ота-оналар ва кенг жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотди.

Бу эртамиз эгаларининг билимли, касб-ҳунарли бўлиб улғайиши, маънавияти, одоб-ахлоқи, бўш вақтини мазмунли ўтказиши устидан маҳалла-кўй ва жамоатчилик назоратининг ўрнатилишига кенг имконият яратди. Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири ўринбосари Дилшод Кенжаев мухбиримизга шу ҳақда сўзлаб берди.

— Халқимизда “Илму ҳунар елга эмас, элга”, деган нақл бор. Дарҳақиқат, инсон касб-кори, илму ҳунари билан ҳаётини фаровон, дастурхонини тўкин қилади, ҳам эл-юрт -тараққиётига ҳисса қўшади, — дейди Д. Кенжаев. — Мамлакатимизда эртамиз эгаларининг замонавий таълим-тарбия олишларини таъминлаш билан бирга, уларнинг ўз қизиқишларидан келиб чиқиб, касб-ҳунар ўрганишлари учун муносиб шароитлар яратишга қаратилган кенг кўламли ишлар замирида ана шундай эзгу мақсадлар мужассам. Зеро, катта ҳаётга қадам қўяётган ёш йигит-қиз касбли, ҳунарли бўлса, келажакда турмуш сўқмоқларида қоқилмайди, жамиятда ўз ўрнини, йўлини топади. Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 24 октябрдаги “Умумий ўрта таълим муассасаларининг 10-11-синфлари ўқувчиларига касбий таълим беришга ихтисослашган ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Мазкур ҳужжатга мувофиқ, умумий ўрта таълим муассасаларининг 10, 11-синфлари ўқувчилари учун касбий таълимни ташкил этиш тўғрисидаги низом, ўқув-ишлаб чиқариш мажмуалари учун талаб қилинадиган асбоб-ускуналар ва жиҳозлар рўйхати, 2018 — 2020 йилларда ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларини зарур жиҳозлар билан таъминлаш дастури, мазкур мажмуалар фаолиятини ташкил этишни мувофиқлаштирувчи кенгаш таркиби тасдиқланди.

Мажмуаларда ёшларнинг касб-ҳунар кўникмаларини пухта ўзлаштиришини таъминлаш, бу борада “Устоз — шогирд” анъаналари, маҳаллий ҳамда хорижий илғор тажрибадан фойдаланиш белгиланган. Жараёнда касбларнинг малака талаблари ва касбий таълим беришнинг методик таъминоти такомиллаштириб борилади. Инновацион-педагогик ҳамда ахборот-коммуникация технологияларининг кенг қўлланилиши касбий таълим бериш сифатини ошириш билан бирга, ўқувчиларнинг замон билан ҳамқадам бўлишига, уларда мустақил фикр ва ҳаётий позицияни шакллантиришга хизмат қилади.

Бу борадаги хайрли ишлар меҳнат бозори учун махсус ҳамда чуқурлаштирилган тайёргарлик талаб этилмайдиган касблар бўйича рақобатбардош кадрлар тайёрлашнинг самарали механизмларидан бирига айланиши, шубҳасиз.

Ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларини замон талабларига мос жиҳозлар билан таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунга Ўзбекистон Республикаси Молия -вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармаси, халқаро ҳамда хорижий молия ташкилотларининг маблағлари, жумладан, имтиёзли хорижий кредитлар, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик маблағлари сарфланади.

Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида ташкил этиладиган мажмуалар ушбу таълим муассасаларининг ўқув бинолари, жумладан, синф хоналари ҳамда устахоналаридан бепул фойдаланади. Таълим жараёнига педагоглар билан бирга, моҳир уста-ҳунармандлар ҳам жалб қилинади. Уларни моддий рағбатлантириш ва меҳнатига ҳақ тўлаш мажмуа фаолият юритаётган таълим муассасасининг харажатлар сметасида назарда тутилган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.

Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази билан биргаликда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларидан олисда жойлашган мактабларда ташкил этиладиган мажмуаларни касбий таълим соҳасида амалий-методик иш тажрибасига эга малакали педагоглар, ишлаб -чиқариш таълими усталари билан таъминлаш чораларини кўраяпмиз. Мажмуаларда ўргатиладиган касблар бўйича малака талаблари, машғулотлар режалари ҳамда дастурларини ишлаб чиқиш, уларни мунтазам такомиллаштириб бориш ва амалиётга жорий этиш қатъий назоратга олинган.

Ҳар йили иш берувчилар таклифига асосан, мажмуаларда ўқувчиларга ўргатиладиган касблар рўйхати меҳнат бозори эҳтиёжлари асосида қайта кўриб чиқилиб, зарур ҳолларда уларга ўзгартириш ҳамда қўшимчалар киритиб борилади. Зеро, ўқувчилар, ота-оналар ва кенг жамоатчиликнинг таклиф ҳамда мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда, битирувчиларга умумий ўрта таълим муассасаларини тугатганлик тўғрисидаги шаҳодатнома билан бирга, мажмуада ўргатилган касблар бўйича диплом берилиши кўзда тутилмоқда. Бу ёшларнинг мактабни тугатгач, ишга жойлашиши ёки кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, ҳунармандчилик билан шуғулланишига имкон беради.

Ота-оналардан фарзандлари эрталаб уйдан ўқишга чиқиб кетгач, баъзан назоратсиз қолаётгани, коллежларда давомат масаласига етарлича эътибор қаратилмаётгани ҳақида эътирозлар бўлиб туради. Энди дилбандлари кўз ўнгида, тураржойига яқин атрофдаги мактабда униб-ўсади. Бундан ташқари, юқорида қайд этилган қарорга мувофиқ, эндиликда тегишли туман (шаҳар) халқ таълими бўлими мудирининг ўринбосари ва умумий ўрта таълим муассасаси директори мажмуаларда касбий таълим бериш жараёнини ташкил қилиш учун ўқувчилар гуруҳларини шакллантириш ҳамда уларнинг давомати устидан доимий назорат ўрнатишга масъул.

Бугунги кунда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг оптималлаштирилиши, айримларида ўқувчилар сонининг камайиб кетиши муносабати билан ўқув бинолари, синф хоналари, техник воситалар ва лаборатория жиҳозларини мактабларга, ихтисослаштирилган мактаб-интернатларга бериш ҳамда улардан самарали фойдаланишга қаратилган тадбирлар олиб борилмоқда. Зарур ўқув-методик материалларни ишлаб чиқиш ва нашр этиш ишлари бошлаб юборилган.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳри ҳокимликлари тегишли вазирлик ва идоралар билан бирга, мажмуаларда ўргатиладиган касбларни ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларига мувофиқлаштириш, 2019 йилдан бошлаб эса битирувчилар учун зарур иш ўринлари яратиш чораларини кўраётгани фарзандларимиз истиқболи йўлидаги ишлар ҳар томонлама чуқур ўйлаб, пухта ҳамда режали асосда амалга оширилаётганидан далолатдир. Зотан, юксак -билимли, илму ҳунарли, касб-корли ёшлар — халқимизнинг бебаҳо бойлиги, мамлакатимиз тараққиётини ҳаракатга келтирувчи кучдир.

Дилшод КАРИМОВ ёзиб олди.

www.xs.uz

Рўйхатдан ўтиш





Топ Рейтинг НИПС www.uz
100187, Ўзбекистон, Тошкент шаҳри, М.Улуғбек тумани, Буюк ипак йўли кўчаси, 243-уй.
Телефон: (+99871)265-90-92, факс: (+99871)265-90-92 e-mail: uzedu@exat.uz
Вазирлик иш кунлари: душанба-жума(9.00-18.00гача, 13.00-14.00гача тушлик),
дам олиш кунлари: шанба, якшанба ва байрам кунлари.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Cайтнинг очиқлик сиёсати

Материалдан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, uzedu.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Вазирлик сайтининг олдинги варианти.

Ҳозир сайтда: 30

Хато кўрсангиз белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.