Вазирлик фаолияти бЎйича телефон рақами (+99871)2394077
Xизматни баҳолаш

Билимдон ўқувчилар сараланди

2017.01.11 | Янгиликлар

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Мактаб ўқувчиларининг билим даражасини аниқлаш, умумтаълим фанларига қизиқишини янада ошириш ва уларни рағбатлантириш мақсадида ҳар йили 9-синф ўқувчилари ўртасида анъанавий тарзда фан олимпиадаси ўтказиб келинмоқда. Шу кунларда беллашувнинг туман босқичи бўлиб ўтмоқда. Пойтахтимиздаги 184-мактаб мезбонлик қилган Чилонзор тумани босқичида ҳудуддаги 31 та мактабдан 500 нафар ўқувчи 17 фан кесимида ўзаро баҳс олиб борди.

Қатнашчилар олимпиаданинг биринчи кунида саволларга ёзма шаклда жавоб берган бўлса, иккинчи куни тест синовидан ўтишди. Уларнинг ишини холисона баҳолаш, энг муносибларини аниқлаш учун малакали, тажрибали педагоглардан таркиб топган ҳакамлар ҳайъати шакллантирилди.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

— Олимпиаданинг туман босқичига қадар кечган жараёнда билимдон тенгдошларимнинг имконият даражаси юқорилигига гувоҳ бўлгандим. Туман босқичига келиб, бундай тенгдошларимнинг кўплиги мени янада ҳайратга солди, — дейди биология йўналишида мезбон мактаб шарафини ҳимоя қилаётган иштирокчи Жалолиддин Бобоев. — Рақобатчи ўқувчиларнинг кўплиги мени янада кўп ўқиб, изланишга ундайди. Олимпиаданинг туман босқичида яхши натижа кўрсатиб, кейинги босқичга ўтиш ҳамда устозларим ва яқинларим ишончини оқлашни мақсад қилганман.

Шунингдек, Юнусобод туманидаги 274-мактабда 548 нафар 9-синф ўқувчилари билимларини синовдан ўтказди. Синовлар юқори савияда ўтиши учун барча шароитлар яратилди. Ҳакамлар ҳайъати ва апелляция комиссияси шакллантирилди. Ўқув-лаборатория хоналари ҳамда зарур жиҳозларнинг шайлиги ўқувчиларга амалий синов жараёнида қулайлик яратди.

Фан олимпиадасининг Олмазор тумани босқичида дастлабки саралашда ғолибликни қўлга киритган 634 нафар ўғил-қиз кейинги босқич йўлланмаси учун куч синашди. Якунда 76 балдан юқори кўрсаткич қайд этган 1-, 2- ҳамда 3-ўрин эгалари кейинги босқичда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Дилмурод ДЎСТБЕКОВ,
“Ma’rifat” мухбири

 

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Cайтнинг очиқлик сиёсати

Материалдан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, uzedu.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Вазирлик сайтининг олдинги варианти.

Ҳозир сайтда: 36

Хато кўрсангиз белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.