Халқ таълими вазири У.И.Иноятовнинг маърузаси

2016.11.10 | Маърузалар

АНИҚ ВА ТАБИИЙ ФАНЛАР ТАЪЛИМИДА ЭРИШИЛГАН ЮТУҚЛАР ВА КЕЛГУСИДАГИ ВАЗИФАЛАР

 

У.И.Иноятов, Ўзбекистон Республикаси

Халқ таълими вазири, педагогика

фанлари доктори, профессор

 

Истиқлол даврининг ўтган 25 йиллиги мобайнида жаҳон ҳамжамияти Ўзбекистон давлатини эътироф этиб, унинг «ўзбек модели» деб ном олган ривожланиш йўлини тан олди. Ана шу тарихий жараёнда таълим соҳасидаги ислоҳотлар, уларнинг амалий натижалари ҳам катта ўрин тутмоқда.

Жуда қисқа фурсатда амалга оширилган ишларга дастуриламал бўлган Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг ташаббуси ва раҳбарлигида ишлаб чиқилган «кадрлар тайёрлаш миллий модели» мамлакатимизда янги жамият қуришнинг босқичма-босқич ва тадрижий ривожланиш принципига асосланган иқтисодий ва сиёсий ислоҳотларнинг, ўз тараққиёт йўлимизнинг ажралмас таркибий қисмига айланди.

Дарҳақиқат, халқаро экспертлар ҳам айнан ана шу жиҳатни – ҳар қандай ривожланишнинг асоси ёшларга таълим-тарбия бериш, фуқароларни маърифат орқали замон билан ҳамнафас ҳаётга тайёрлаш эканлигини ва Ўзбекистон тутган йўлнинг тўғрилигини кўп бора қайд этмоқдалар.

Ҳаммамиз яхши эслаймиз. Собиқ тузум даври мактаблари таъмирталаб бўлиб қолган, моддий техника базаси ночор, дарслик ва ўқув-методик қўлланмалар етишмас, бу эса таълим-тарбия самарадорлигига бевосита салбий таъсир кўрсатар эди.

Мустақиллик йилларидаги бунёдкорлик ишлари натижасида соҳада туб ўзгаришлар амалга оширилди. Жумладан, 2004–2009 йилларда дастур доирасида 351 та янги мактаб қурилди, 2470 таси капитал реконструкция қилинди, 3608 таси капитал ва 2072 таси жорий таъмирланди. Жами: 8501 та мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилиб, ўқувчи ва ўқитувчилар учун қулай ҳамда замонавий шарт-шароитлар яратилди.

Ҳар йилги Инвестиция дастури асосида 2010–2016 йилларда 2255 та мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилиб, таълим муассасалари замонавий ўқув-лаборатория жиҳозлари, асбоб-ускуналари, компьютер техникалари билан таъминланди.

Ҳозирги кунда илм-фан, техника ва ишлаб чиқариш соҳалари, ахборот-коммуникация технологияларининг тез суръатларда ривожланаётгани ўқув муассасаларида таълим-тарбия сифати ва мазмунини мунтазам равишда янгилаб, бойитиб боришни талаб этмоқда.

Айниқса, республикамиз таълим-тарбия тизими олдида турган бош мақсади — ўсиб келаётган ёш авлоднинг дунёқараши, мантиқий фикрлаш қобилияти, ақлий салоҳиятини ривожланиш, уларда миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат туйғуларини таркиб топтириш, жамиятда ўз ўрнини эгаллашга қодир бўлган маънавий баркамол инсонларни етиштиришда аниқ ва табиий фанларнинг ўрни беқиёсдир.

Умумий ўрта таълим мактабларида аниқ ва табиий фанлар таълимининг аҳамияти унинг техника ва технология тараққиётида, ишлаб чиқариш соҳасида, кундалик ҳаётда тутган ўрни билан белгиланади.

Ушбу фанлардан республика бўйича 80 минг нафардан ортиқ ўқитувчи-педагог, жумладан, 25 минг нафардан ортиқ математика, 11,5 минг нафар физика, 13 минг нафардан ортиқ биология,
12 минг нафарга яқин география, 9,5 минг нафар кимё, 9 минг нафар информатика фани ўқитувчилар фаолият олиб бормоқда

Физика, кимё, биология фанлари экспериментал фан бўлганлиги сабабли, улар бевосита амалиёт билан боғлиқлиги учун ўқувчиларнинг билим самарадорлигини ҳамда дарс жараёнининг сифатини оширишда фан хоналарининг ўқув-лаборатория асбоб-ускуна, комьпютер техникаси билан жиҳозланиши муҳим аҳамиятга эга.

Мазкур фанлар табиат, табиий жараён, воқеа ва ҳодисалар билан бевосита боғлиқ. Бу жараёнларни ўқитишда, албатта, ўқувчилар билан бевосита кичик тажрибаларни ўтказиш, амалий машғулотларни бажариб кўриш, кўргазмали воситалардан фойдаланиш талаб этилади.

Шу боис бугунги кунда мамлакатимиздаги умумтаълим мактабларининг 8541 таси (87,9 %) физика фанидан 72 номдаги, 8550 таси (88,1 %) биология фанидан 57 номдаги, 8552 таси (88,2 %) кимё фанидан 42 номдаги замонавий ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари билан жиҳозланиб моддий техника базаси мустаҳкамланди.

Айни пайтда Халқ таълими вазирлиги томонидан Жаҳон банки билан ҳамкорликда мактаб ўқувчилари учун ўқув атласлари, карталари, мактаб кутубхонаси захиралари учун аниқ ва табиий фанлар йўналишида 100 га яқин қўшимча адабиётлар чоп этилмоқда.

Умумтаълим муассасаларига етказиб берилган мебель, ўқув-лаборатория жиҳозлари, компьютер синфлари ва спорт анжомларидан самарали фойдаланиш натижасида ўқувчиларнинг билим самарадорлиги сезиларли даражада ошди.

2000 йилга қадар халқаро фан олимпиадаларида қатнашган Ўзбекистонлик ўқувчи-ёшлар фақатгина олимпиаданинг иштирокчиси дипломи билан тақдирланган холос. Ҳозирги кунда эса халқаро фан олимпиадалари ва фан мусобақаларида қатнашаётган ўқувчи-ёшларимиз совринли ўринларни эгаллаб, улардан ҳақли равишда фахрланишимизга сабаб бўлмоқда. Жумладан:

— 2008 йилда Тошкент шаҳрида ўтказилган халқаро Менделеев олимпиадасида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 1 та олтин, 1 та кумуш, 11 та бронза медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади;

— 2013 йилда кимё фани бўйича 45-бутунжаҳон олимпиадасида олтин медал;

— 2014 йилда Кипрнинг Протарас шаҳрида математикадан SEEMOUS 10-халқаро олимпиадасида 2 та олтин медал, Москвада ўтказилган кимё фани бўйича 50-халқаро Менделеев олимпиадасида 1 та кумуш, 2 та бронза медал, Гонконгда ўтказилган математика фанидан 57-халқаро олмпиадада 1 та бронза, Корея Республикасида математика фани бўйича халқаро мусобақада 2 та кумуш, 2 та фахрий ёрлиқ — умумжамоа ҳисобида 2-ўрин, Тбилиси шаҳрида кимё фанидан 48-Бутунжахон олимпиадасида 1 та кумуш, 2 та бронза;

— 2015 йил Хитойда ўтказилган математика фани бўйича халқаро мусобақада 2 та кумуш, 2 та фахрий ёрлиқ ва кубок;

— 2016 йил Таиландда ўтказилган математика фани бўйича халқаро мусобақада 1 та кумуш, 2 та бронза, 2 та фахрий ёрлиқ ва умумжамоа ҳисобида 2 чи ўринни эгалладилар.

Бу ютуқларнинг барчасига таълим муассасаларида иқтидорли ўқувчилар билан тинимсиз ишлаш натижасида эришилмоқда ва бунда ихтисослаштирилган мактабларнинг ҳиссаси юқори бўлмоғи лозим.

Ўқувчиларнинг билим олишга бўлган қизиқишини ривожлантириш, қобилият ва иқтидорларини қуйи синфлардан бошлаб аниқлаш мақсадида Халқ таълими тизимида 2011 йилдан бошлаб билимлар беллашувлари ўтказиб келинмоқда. Бундан асосий мақсад мактабларда соғлом рақобатни ташкил этиш орқали, давлат таълим стандартларида белгиланган талабларнинг бажарилиш ҳолатини таҳлил қилиш ҳамда таълим сифати кўрсатгичлари орқали ўқитувчилар, таълим муассасалари, ҳудудий халқ таълими бошқаруви идоралари фаолиятини баҳолашдан иборат. Натижада республикадаги 193 та туман(шаҳар) халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимлари ҳамда 9765 та мактабларнинг рейтингини аниқлаш имконияти яратилди.

Ўтказиб келинаётган билимлар беллашуви натижаларига назар ташласак, бугунги кунда ўқувчиларнинг билим самарадорлигининг ўсиш динамикаси кузатилмоқда. 2013 йилда ўқувчилар ўртача
77,8 балл, 2014 йилда 81,5 балл тўплаган бўлсалар, 2015 йилда 83,08 балл натижага эришилган.

Фанлар кесимида таҳлил қилинганда, 2013-2014 ўқув йили натижаларига кўра, математика фанидан 80,18 балл, биология фанидан 79,76 балл, география фанидан 79,5 балл, физика фанидан 77,57 балл, кимё фанидан 69,14 балл, информатика фанидан
65 баллни ташкил этган бўлса, 2014-2015 ўқув йили таҳлилларига кўра, биология фанидан 92,1 балл, математика фанидан 88 балл, география фанидан 82,9 балл, физика фанидан 86,5 балл, информатика фанидан 84 балл, кимё фанидан 71,1 баллни ташкил этиб, ўқувчиларнинг билим самарадорлиги 9 % га ортган.

Бу муваффиқиятларга эришишда, албатта, дарсликларнинг ўрни беқиёсдир. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, авваллари дарсликлар фақат Москвада яратилиб, собиқ иттифоқ республика тилларига таржима қилинарди, маҳаллий муаллифларга дарслик ёзиш имкониятлари берилмас эди. Таҳлилларга кўра, 1991 йилда умумтаълим мактаб ўқувчиларининг атиги 55,4 фоизи дарсликлар билан таъминланган эди. Бу эса албатта, ўқувчиларнинг чуқур билим эгаллашига тўсқинлик қилган.

Истиқлол йилларида мактаб таълимини ислоҳ қилиш, хусусан, дарслик ва ўқув - методик адабиётлар мазмунини янгилаш, уларнинг янги авлодини яратишнинг яхлит тизими яратилди. Бугунги кунда республикамиздаги 1–9-синф ўқувчиларини 98,8% дарсликлар билан таъминлашга эришилди. Дарслик таъминоти бўйича ижара тизимининг жорий этилиши ҳар бир ўқувчининг дарсликлар билан тўлиқ таъминланишида ота-оналарга ҳам қулайлик, моддий жиҳатдан енгиллик туғдирмоқда.

Юртимизда нафақат таълим ўзбек тилида олиб бориладиган мактаблар, балки таълим барча тилларда (рус, қорақалпоқ, қозоқ, қирғиз, туркман, тожик) олиб бориладиган мактаб ўқувчилари учун ҳам дарсликларнинг янги авлоди яратилиб, ижара тизими жорий этилди.

Умумий ўрта таълим мактабларида таълим-тарбия сифати ва самарадорлигини юксалтириш, аниқ ва табиий фан йўналишидаги янгиликларни излаб топиш ва таълим жараёнига татбиқ этиш, ўқувчиларнинг фанга бўлган қизиқишларини, билим самарадорлигини ошириш, ҳозирги замон фан ва техникасини ўрганишга бўлган интилишларини кучайтириш, уларни ижодкорликка ундаш, назарий билимларини амалиётда қўллаш малакасини ҳосил қилишда ўқитиш жараёнида замонавий илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологиялардан фойдаланиб дарсларни ташкил этиш натижасида мустақил фикрловчи, ижодкор, баркамол шахсни тарбиялашдек масъулиятли вазифаларни фидойилик билан амалга ошириш лозим.

Бугунги кунда зиммамизга қўйилган вазифалар масъулиятли эканлигини англаган ҳолда, ўқув-тарбия жараёнини самарали ташкил этиш ҳамда таълим сифатини янада яхшилаш мақсадида ўқитувчиларга методик хизматни йўлга қўйиш борасида бир қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Жумладан, узлуксиз таълим тизимида чет тилларини компетенциявий ёндашув асосида ўргатиш тажрибасидан келиб чиқиб, умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими умумтаълим фанларининг такомиллаштирилган таълим стандартлари, дарслик ва ўқув-методик мажмуаларининг янги авлодини ишлаб чиқиш, умумтаълим фанларини ўқитишнинг узлуксизлиги ва изчиллигини янада такомиллаштиришнинг замонавий методологиясини яратиш ва амалиётга жорий этиш мақсадида умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасаларида узвий ўқитиладиган 18 та умумтаълим фанлари бўйича амалиётчи ўқитувчилар, методистлар ҳамда етакчи олимлардан иборат ишчи гуруҳи томонидан компетенциявий ёндашувга асосланган давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурлари лойиҳалари ишлаб чиқилиб 76 та мактаб, 52 та касб-ҳунар коллежи ва 18 та академик лицейларда тажриба-синовдан ўтказилди.

Компетенциявий ёндашувга асосланган таълимни амалиётга самарали жорий этиш орқали ўқувчиларда эгаллаган билимларини ҳаётда қўллай олиш, фаол фуқаролик позициясига эга бўлиш, ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини чуқур англаш орқали ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, мамлакат келажаги йўлидаги масъулиятни ўз зиммасига олиш, онгли равишда касб-ҳунар танлаш, ахборот - коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда мустақил таълим олиш каби кўникмалар ривожлантирилади. Ҳозирги кунда мазкур давлат таълим стандартларини тасдиқлашга оид Ҳукумат қарори тайёрланмоқда.

Барчамизга маълумки, бошланғич таълим барча таълим турларининг пойдевори ҳисобланади. Шу сабабли бошланғич
1-3-синф ўқитувчилари учун илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологиялари асосида 7 номдаги методик қўлланмалар 745 минг нусхада ва уларнинг мультимедиали иловалари 50 мингдан ортиқ дискда кўпайтирилиб, таълим муассасаларига тўлиқ етказилди.

Шуни айтиш жоизки, таълим муассасаларининг компьютер воситалари билан таъминланаётгани ўқитиш сифати ва мазмунини оширишга бевосита таъсир кўрсатмоқда. Хусусан, бугунги кунда ўқитувчиларга методик ёрдам кўрсатиш мақсадида аниқ ва табиий фанлар йўналишида 193 номда плакат, карта ва атласлар, 29 номда электрон дарсликлар, 66 та ўқув фильмлар, 73 та виртуал лабораториялар ва мураккаб бўлган мавзуларни ўргатиш бўйича илғор ўқитувчилар тажрибаси юзасидан 30 дан ортиқ видеодарслар яратилди ва амалиётга жорий этилди. Мазкур методик маҳсулотлар ва ресурсларни www.eduportal.uz ахборот-таълим портали ва www.uzedu.uz, www.rtm.uz, www.multimedia.uz сайтларидан олиб, фойдаланиш имконияти яратилган.

Ҳозирги кунда 9400 та мактаб сўнги русумдаги компьютерлар билан таъминланган бўлиб, мазкур таълим муассасаларининг барчаси «ZiyoNET» ахборот тармоғи орқали халқаро интернет тизимига уланган.

Шунингдек, ўқитувчиларнинг тажриба алмашиши ва илғор методларни оммалаштириш мақсадида республика миқёсида барча ҳудудларда “Маҳорат мактаблари” ташкил этилди. Бунда ўқув жараёнига илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича мақсадли ўқувларни ташкил этишда ўқитувчиларнинг методик эҳтиёжини аниқлаш, ҳар бир лаборатория машғулотларини ўқитувчилар билан биргаликда ўтказиш ва хатоликларни ҳисоблаш, мураккаб масалаларни ечиш усулларини танлаш, мавжуд муаммоларни ҳал этиш йўллари бўйича тавсиялар ишлаб чиқилиши, уларни дарс жараёнига татбиқ этиш юзасидан маълумотлар беришга эътибор қаратилди. Вазирлик сайтида “Педагогик маҳорат устахонаси” рукни очилган бўлиб, унда “Маҳорат мактаблари”, кўрик танловларнинг ғолиблари, тажрибали ўқитувчиларнинг илғор педагогик технологиялар сингдирилган намунали дарс ишланмалари, тавсиялар жойлаштириб борилмоқда. Ўқитувчи ва методистларнинг методик эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда, тизимли равишда уларнинг касбий маҳоратини ошириш учун видеоконференция алоқаси орқали “Масофавий методик хизмат тизими” ташкил этилди.

Айни пайтда ўқитувчиларимиз замонавий ахборот технологиялари: мультимедиа воситалари, таълимга оид турли компьютер дастурлари, электрон тест назорати, сканер технологияси, интернет, электрон почта, web–технология, вертуал кутубхона, масофадан туриб таълим бериш, видеопроектор кабилардан таълимнинг сифат ва самарадолигини оширишда кенг фойдаланиб келмоқда.

Шу билан бирга фанлар йўналишида янгилик яратган, ижобий натижаларга эришган тажрибали ўқитувчилар Халқ таълими вазирлиги томонидан ташкил этиб келинаётган “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси”, “Энг яхши биология, кимё, физика фан кабинети мудирлари”, “Энг яхши дарс ишланмаси”, “Энг яхши электрон ахборот-таълим ресурслари”, “Энг яхши веб-сайт” республика кўрик-танловлари орқали ўз ижодий фаолиятларини намойиш этиб келмоқдалар. Танлов ғолибларининг илғор тажрибаларини оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Рўйхатдан ўтиш





Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Cайтнинг очиқлик сиёсати

Материалдан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, uzedu.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Вазирлик сайтининг олдинги варианти.

Ҳозир сайтда: 32

Хато кўрсангиз белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.