Вазирлик фаолияти бЎйича телефон рақами (+99871)2394077

Халқ таълими вазири У.И.Иноятовнинг маърузаси

2016.07.14 | Маърузалар

БОШЛАНҒИЧ ТАЪЛИМНИ МОДЕРНИЗАЦИЯЛАШ:

ЎҚУВ-ТАРБИЯ ЖАРАЁНИ СИФАТИГА САМАРАЛИ ТАЪСИР

 

У.И.Иноятов, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири, педагогика фанлари доктори, профессор

 

Улуғ неъмат – истиқлолга эришганимизнинг 25 йиллигини нишонлаш арафасидамиз. Ўтган давр мобайнида жаҳон ҳамжамияти Ўзбекистон давлатини эътироф этди, унинг «ўзбек модели» деб ном олган ривожланиш йўлини тан олди. Ана шу тарихий жараёнда таълим соҳасидаги ислоҳотлар, уларнинг амалий натижалари катта ўрин тутмоқда.

Ҳаётимизга оламшумул ўзгаришлар олиб кирган Кадрлар тайёрлаш миллий дастурининг халқаро эътирофи борасида юртимиз раҳбарининг «Юксак билимли ва интеллектуал ривожланган авлодни тарбиялаш – мамлакатни барқарор тараққий эттириш ва модернизация қилишнинг энг муҳим шарти» мавзусидаги халқаро конференциянинг очилиш маросимидаги нутқида таъкидланганидек: «Бутун дунёда кўзга кўринган олим ва мутахассислар, жаҳондаги машҳур ўқув юртлари, нуфузли халқаро тузилмаларнинг раҳбарлари ва вакиллари иштирокида Ўзбекистонда шаклланган таълим тизимини ислоҳ этиш модели ва уни амалга ошириш бўйича тўпланган тажрибанинг муҳокама қилиниши биз учун юксак шарафдир.

Аввало шуни таъкидлаш зарурки, бундан 15 йил олдин қабул қилинган, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури деб ном олган таълим соҳасини ислоҳ қилиш дастури мамлакатимизда янги жамият қуришнинг босқичма-босқич ва тадрижий ривожланиш принципига асосланган иқтисодий ва сиёсий ислоҳотларнинг биз танлаган «ўзбек модели» – ўз тараққиёт йўлимизнинг ажралмас таркибий қисмидир».

Дарҳақиқат, халқаро экспертлар ҳам айнан ана шу жиҳатни – ҳар қандай ривожланишнинг асоси ёшларга таълим-тарбия бериш, фуқароларни маърифат орқали замон билан ҳамнафас ҳаётга тайёрлаш эканлигини ва Ўзбекистон тутган йўлнинг тўғрилигини кўп бора қайд этмоқдалар.

Жуда қисқа фурсатда амалга оширилган ишларга дастуриламал бўлган Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 1997 йили Олий Мажлиснинг IX сессиясида «Баркамол авлод – Ўзбекистон тараққиётининг пойдевори» деб номланган тарихий маърузасида мустабид тузумдан қолган эски таълим тизими камчиликлари очиб берилди ва мустақиллигимизни асраб-авайлашга, тараққиётимизга хизмат қиладиган мутлақо янги тизимга асос солинди. Қуйида ана шу нутқда кўтарилган масалаларга, хусусан, бошланғич таълим муаммоларига эътиборингизни қаратамиз.

«Эски таълим тизимининг энг ёмон қусури бошланғич таълимга иккинчи даражали иш деб қараётганимиздадир. Очиқ айтишимиз керак: билими саёз муаллимлар ҳам биринчи синфда дарс бераверади.

Бошланғич таълимга паст назар билан қаралишининг исботи шуки, собиқ СССРда бутун бошли педагогика техникумлари ва билим юртлари тизими ташкил этилиб, улар асосан 1–4 синф ўқувчиларини ўқитадиган муаллимлар тайёрлар эди.

Ваҳоланки, боланинг дунёқараши, диди, салоҳияти шаклланадиган бошланғич синфларга энг етук, энг тажрибали мураббийлар бириктириб қўйилишини оддий мантиқнинг ўзи талаб этади.

Замонавий бошланғич таълимнинг ўзи нимадан иборат бўлиши керак? Бола 1–4 синфларда қандай билимга эга бўлиши лозим? Уларнинг тарбияси қандай бўлиши керак? Шу масалаларга жавоб топишимиз зарур.

Яна бир муҳим савол.Норасида боланинг мияси, онги нимани ўзига сингдира олади, нимани қабул қилмайди? Ким бу масалани илмий жиҳатдан тадқиқ қилган?

Болаларимизга қачондан бошлаб, қандай қилиб, қандай усулда ва услубда миллий қадриятларимиз, урф-одатларимизни ўргатишимиз, чуқур англатишимиз керак?

Хулоса шундайки, бугунги умумтаълим жараёнидаги уч босқичдан ҳеч қайсисида ўзига яраша талаб йўқ. Бошқача айтганда, ҳар қандай ўқув босқичига аниқ талаблар стандарт даражасида расмийлаштирилгани йўқ.

Шунга қараб, ўқув жараёни, мазмунини, ўқитиладиган дарсликлар сонини, қанақа синфда қандай билим ва тарбия бериш кераклигини аниқлаш мумкин бўлади», дея юртбошимиз мутахассислар олдига қатор вазифаларни қўйган эди.

Ана шу каби муаммолар ечими Кадрлар тайёрлаш миллий дастурида босқичма-босқич тарзда белгилаб берилди. Унга кўра бошланғич таълимда ўқувчи таълимий фаолиятнинг асосий кўникма ва малакаларини эгаллаши, эркин ўқиши, ҳуснихати, тез санаш, математик масалаларни ечиши, амалий фикрлаши, ўз ўқув фаолиятини, нутқ маданиятини ва хулқини назорат қила билиши, шахсий гигиена ва соғлом турмуш тарзи асосларини ўзлаштиришига қаратилган. Бошланғич мактабга аввалгиларидан фарқли ўлароқ болалар 6-7 ёшдан қабул қилинадиган бўлди.

Давр талабидан келиб чиққан ҳолда умумий ўрта ва ўрта махсус касб-ҳунар таълимининг Давлат таълим стандартлари, ўқув дастурлари ва дарсликлари узвийлик, узлуксизлик ҳамда ўқувчиларнинг ёши ва психофизиологик хусусиятларига мослиги жиҳатидан таҳлил қилиниб, 1260 соат ҳажмдаги мавзулар оптималлаштирилди.

Бугун эса умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасаларида ўқитиладиган 18 та умумтаълим фанлари бўйича янги – компетенциявий ёндашувга асосланган Давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурлари лойиҳалари ишлаб чиқилиб, 76 та умумий ўрта таълим муассасалари, 52 та касб-ҳунар коллежи ва 18 та академик лицейларида тажриба-синовдан ўтказилди. Такомиллаштириш ишлари келгусида ҳам албатта давом этишини инобатга олсак, Юртбошимиз фикрларига асосан, ҳар бир ўқув босқичи, хусусан, бошланғич таълимда ўқувчилар билиши лозим бўлган билим, кўникма, малака ва компетенциялар стандарт даражасида расмийлаштирилиб ҳаётга татбиқ этилди.

1997 йилгача мактабларнинг моддий аҳволи қай даражада эди? Президентимизнинг юқорида таъкидланган нутқига яна мурожаат қиламиз: «Очиқ тан олиш керак: мактабларнинг моддий базаси жуда ночор. Бу масалада нақадар оқсоқлигимизни, ночорлигимизни, биринчи навбатда, қишлоқ жойлардаги аҳвол-вазият мисолида очиқ тан олишимиз керак».

Кадрлар тайёрлаш миллий дастурининг узвий ва мантиқий давоми бўлмиш Мактаб таълимини ривожлантириш давлат умуммиллий дастури доирасида амалга оширилган кенг кўламли ишларни шу ўринда ёдга олиш мақсадга мувофиқ бўлади. Олиб борилган ислоҳотлар натижасида таълим сифати мутлақо янги босқичга кўтарилди. Биргина 2004–2009 йиллар мобайнида жами 8501 та (351та янги мактаб биноси қурилди, 2470 та мактаб капитал реконструкция қилинди, 3608 мактаб мукаммал, 2069 таси жорий таъмирланди) мактабларда, 2010–2016 йилларда 2255 та мактабларда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Ушбу ишларни амалга ошириш учун жами 2,9 трлн. сўм маблағ сарфланди. Ҳар бир таълим муассасасини замонавий ўқув-лаборатория ускуналари, компьютер техникаси билан таъминлашга 1,09 трлн. сўм маблағ йўналтирилди.

Фарзандларимиз истеъдодини рўёбга чиқариш ва камол топтириш, ёшларнинг маданий савиясини юксалтириш, улар қалбига санъат орқали миллий ҳамда умуминсоний қадриятларни сингдириш мақсадида қабул қилинган болалар мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, улар фаолиятини тубдан яхшилашга оид 2009–2014 ва 2016–2020 йилларга мўлжалланган Давлат дастури доирасида 301 та болалар мусиқа ва санъат мактаблари ва 3та мусиқа академик лицейлари янгидан қурилди ва реконструкция қилинди. Улар 137 млрд. сўмлик мебель, мусиқа чолғу асбоблари ва махсус ускуналар билан жиҳозланди. Дастур доирасида болалар мусиқа ва санъат мактаблари 48 номдаги 19 741 нусха ўқув қўлланмалар, 39 603 та ноталар тўплами, жаҳон ва миллий композиторларнинг асарлари қайд этилган 1112 та СД дисклар, 556 та кўргазмали материаллар билан таъминланди.

Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан 2178 та спорт иншоотлари қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш учун жами 1,58 трлн. сўм маблағ сарфланди. Бу ишларнинг барчаси бошланғич таълимга алоқадор, албатта.

Энди бевосита бошланғич таълим масалаларига эътибор қаратадиган бўлсак, маълумки, республикамизда 9692 умумий ўрта таълим мактаблари фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг 9561 тасида 86 887 табошланғич синфлар мавжуд. Ана шу 14-синфлардаги 2,3 млн. нафар ўқувчиларга 110874 нафар (жами ўқитувчиларнинг 28,7%) бошланғич синф ўқитувчилари таълим-тарбия бермоқда.

Бошланғич таълимда ўқувчиларнинг таълим-тарбиясининг сифат ва самарадорлиги болаларнинг мактабга қай даражада тайёргарлик кўрган ҳолда келишига боғлиқ. Шу сабабдан болаларни мактабга сифатли тайёрлаш мақсадида ота-оналар учун мўлжалланган 5–6 ёшли болаларнинг 436 130та оилаларига 5та номдаги («Нутқ ўстириш, ўқиш ва саводга тайёрлаш», «Математик тасаввурларни шакллантириш», «Болажон» дастури асосида насрий ҳамда шеърий тўпламлар, «Соғ танда-соғлом ақл») суратли қўлланмалар тайёрланиб, етказиб берилганига алоҳида урғу беришни истардик. Улар асосида нафақат бола мактабга тайёрланади, балки ота-она ҳам бу жараёнга жалб этилади ва мактабдаги таълим-тарбия ишига ўз ҳиссасини қўшади.

Навбатдаги вазифамиз ўқувчиларга бошланғич синфлардан бошлабоқ сифатли, замонавий талабларга мос таълим беришдир. Бошланғич таълимда илғор педагогик ва ахборот технологияларни кенг жорий этиш мақсадида бошланғич синф ўқитувчилари учун 7 номдаги методик қўлланмалар ва уларнинг мультимедиали иловалари тайёрлангани ҳамда 745 минг нусхада таълим муассасаларига етказилгани ҳам муҳим янгиликлардан бири бўлди. Бундан ташқари, 500 дан ортиқ номдаги электрон дарсликлар, видео ва аудиодарслар, интерактив ва анимацияли виртуал лаборатория ишлари, тестлар, таълимий ўйинлар ҳамда 30 дан ортиқ интерактив хизмат ва ахборот тизимлари яратилиб, амалиётга жорий этилди.

Юртбошимизнинг, юқорида қайд этилган халқаро анжумандаги нутқининг бошланғич таълим сифатига бевосита таъсир қиладиган яна бир жиҳатига эътибор қаратамиз.

«Биз таълим тизимида ўқувчиларнинг нафақат кенг билим ва профессионал кўникмаларни эгаллаши, айни пайтда чет мамлакатлардаги тенгдошлари билан фаол мулоқот қилиш, бугунги дунёда рўй бераётган барча воқеа-ҳодисалар, янгилик ва ўзгаришлардан атрофлича хабардор бўлиш, жаҳондаги улкан интеллектуал бойликни эгаллашнинг энг муҳим шарти ҳисобланган хорижий тилларни ҳам чуқур ўрганишлари учун катта аҳамият бермоқдамиз».

Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 10 декабрдаги «Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-чадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўразамонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ўсиб келаётган ёш авлодни чет тилларга ўқитиш, шу тилларда эркин сўзлаша оладиган мутахассисларни тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ҳамда уларнинг жаҳон цивилизацияси ютуқлари ва дунё ахборот ресурсларидан кенг кўламда фойдаланишлари, халқаро ҳамкорлик ва мулоқотни ривожлантиришлари учун имкониятлар яратиш мақсадида узлуксиз таълим тизими учун чет тилларидан Давлат таълим стандартлари яратилиб, тасдиқланди ва 2013–2014 ўқув йилидан мактабларда чет тиллари 1-синфдан бошлаб ўқитила бошланди.

Мазкур ДТС ва ўқув дастури асосида бошланғич 1–4-синфлар учун дарслик мажмуалари (дарслик, ўқитувчи китоби, машқ дафтари ва DVD диск) яратилиб чоп этилди, хусусан, жами 1,8 млн. нусха дарсликлар мажмуаси, ўқитувчилар учун 41,8 минг нусха методик қўлланмалар ва уларнинг мультимедиа иловалари бепул етказиб берилди.

Бошланғичсинфларда чет тиллариниўқитишучун 17222 та чет тили хоналари тайёрланди. Уларнинг барчаси DVD-магнитола, ўқув-кўргазмалиқуроллар, луғат ва адабиётлар билан таъминланди. 2014 йилда 2457 та бошланғич синфларга ноутбук компьютерлар, проектор вабошқа техник воситалар етказилган бўлса, 2015 йилда 4193 та бошланғич ва 1500 та 5–9-синфлар учун жиҳозлар ўрнатилди.

Яратилаётган шароитлар албатта ўз мевасини бера бошлади. Жумладан, 1-синф ўқувчилари 150та сўзни, 2- ва 3-синфларда ўқувчилар ўқиш, ёзиш ва чет тилида мулоқотда бўлишни ўрганишди, уларда гаплашиш кўникмалари (400та сўз) шаклланди. Умумтаълим мактаблари бошланғич синф ўқувчиларининг 5–6-синф ўқувчиларига нисбатан оғзаки нутқда, луғати бойлиги, талаффузи ва сўз бирикмаларидан фойдаланиш даражаси бўйича устунлиги кузатилмоқда. Янги ўқув йилидан 4-синфларимиз ҳамда 5-9 синфларда чет тилларини ўқитиш умумевропа талабларига асосланган ўқитишга тўлиқ ўтилади. Мазкур дастур асосида мажбурий таълим даврини ўтаган фарзандларимиз чет тилларни ўзлаштиришда мутлақо янги босқичга кўтарилишлари шубҳасиздир.

Албатта, юқорида таъкидланган ишларни амалга оширадиган шахс ўқитувчидир. Шу боис мустақиллик йилларида таълим соҳаси ривожига қўшган ҳиссаси ва фидокорона меҳнати учун 1997 йилдан 2016 йилгача жами 200 нафарга яқин бошланғич таълим ўқитувчилари юксак давлат мукофотлари билан, 2000 нафари «Халқ таълими аълочиси» кўкрак нишони, 4000 нафарга яқини вазирлик фахрий ёрлиқлари билан тақдирланган.

Бундан ташқари бошланғич синф ўқитувчиларнинг ойлик иш ҳақлари охирги 10 йил давомида (01.01.2006 й. – 01.01.2016 й.) 15,7 бараварга оширилди. Бугунги кунда уларнинг ўртача ойлик иш ҳақи 918,0 минг сўмни устама ва қўшимчалар билан ҳисоблаганда ўртача 1млн. 234 минг сўмни ташкил этмоқда. Бошланғич синф ўқитувчисининг ойлик иш ҳақи фан ўқитувчисининг ойлик иш ҳақидан ўртача 12,8 фоизга ортиқдир.

Бошланғич таълимни модернизациялаш орқали ўқув-тарбия жараёни сифати ва самарадорлигини оширишга бағишланган форумда ана шу долзарб масалаларга ечим топишимиз даркор. Жумладан, соҳа раҳбарлари, методистлар олдида қатор вазифалар турибди. Булар:

-бошланғич синфларда ўқув-тарбия жараёнига ўқитишнинг замонавий илғор шаклларини, янги педагогик ва ахборот технологияларини, маънавий-маърифий тарбиялашнинг самарали шакллари ва усулларини жорий этиш;

-ўқитишнинг мазмуни, таълим-тарбия жараёни, дарс машғулотларининг сифатли ташкил этилишини таъминлашда ўқитувчининг касб маҳоратини ошириш;

-дарс жараёнида илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологиялари асосида яратилган методик қўлланмалар, уларнинг мультимедиа иловаларидан самарали фойдаланиш ҳамда ҳар бир ўқувчи томонидан ўзлаштирилишини назорат қилиб боришга оид илғор тажрибаларни ўрганиш ҳамда тарғиб этиш;

-мунтазам равишда бошланғич таълим фан метод бирлашмалари томонидан ўқитувчиларнинг илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш самарадорлигини устамалар, рағбатлантиришлар белгилаш жараёнида инобатга олинишини таъминлаш;

-ўқитувчиларнинг касбий компетентлигини, болалар психологияси, ҳозирги замон бошланғич таълим педагогикаси ва бу соҳадаги илғор тажрибалар, шахсга йўналтирилган таълим концепцияси ва компетенциявий ёндашув асосларини эгаллашларига эришиш;

-бошланғич синф дарсликларининг мазмуни компетенциявий ёндашувга асосланган давлат таълим стандарти ва ўқув дастурига мос бўлишини таъминлаш;

-бошланғич синф дарсликлари ўқув жараёнининг ахборотли моделга айланишига, ўқув материалларининг ўқувчиларни мулоқотга ундашига эришиш;

-жойларда олий таълим муассасалари ҳамда педагогик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳудудий институтлари кафедралари профессор-ўқитувчиларини бириктирган ҳолда умумий ўрта таълим мактаблари негизида бошланғич таълим сифат-самарадорлигини оширишга қаратилган «Маҳорат мактаблари» ишларини такомиллаштириш; «Маҳорат мактаблари» негизида тўпланган самарали илғор тажрибалар, педагогик технологияларни барча умумтаълим мактаблари бошланғич синф ўқитувчиларига ҳаракатдаги ўқув семинарлари ташкил этиш.

Ҳар бир бошланғич синф ўқитувчиси ўз устида мунтазам ишлаб, малакасини ошириб, ўз тажрибаларини ўқувчилар таълим-тарбиясига қаратиши лозим. Бунинг учун:

  • ўқувчиларни маънавий-ахлоқий тарбиялашнинг энг самарали шакл ва усулларини қўллай олиш;
  • ўқувчиларни ижодий ва эркин фикрлашга, мантиқий тафаккурини ўстиришга, иқтидорли шахс сифатида камол топишига эришиш;

-ўқувчиларнинг ҳар бир ўқув фанидан компетенциявий ёндашувга асосланган билим, кўникма, малака ва компетенцияларга эга бўлишларини таъминлаш, бунинг учун муаллим ҳар бир ўқувчининг ўқув топшириқларини қандай ҳолатда ўзлаштираётганини таҳлил этиши, назорат қилиши, ўқувчининг ўзлаштира олмаган ўқув топшириқларига қайтиб, ҳар бир ўқувчи билан алоҳида ишлаши;

-ўқувчиларини билиш фаолиятига бўлган қизиқишлари ва интилишларини кучайтириш ҳамда ўз-ўзини объектив баҳолаш кўникмасини шакллантириб бориш;

-бошланғич синф ўқитувчиси ўқувчиларни севиши, ўз ишига қизиқиши, ўз билим ва тажрибасига асосланган ҳолда касбий фаолият моделларини танлай олиши, ўқувчиларнинг эҳтиёжларини билиши, ўз ўқувчилари ва атрофдагилар билан самарали ҳамкорлик ўрната олиши, зарур вазиятларда ўқувчиларни қўллаб-қувватлаши, ўқувчилар билан мулоқотга киришиш йўлларини яхши билиши, ўқувчиларга ва атрофдагиларга меҳрибон бўлиши, уларни қадрлай олиши, ўзига ишониши ва фаолияти натижаларини юқори даражада баҳолай олиши, ижтимоий масъулиятга эга бўлишига эришиш талаб этилади.

Хулоса ўрнида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг «Боланинг жисмоний ва психологик ривожланишидаги энг асосий давр – бу бошланғич синф давридир», деган пурмаънофикрларига эътиборингизни қаратмоқчимиз. Шундай экан фарзандларимизнинг ана шу даврини қизиқарли, билимларга бой, самарали тарзда ўтказиб, уларни камолга етказиш, бошқача айтганда, юртимиз келажагининг пойдеворини мустаҳкамлаш биз – зиёлиларнинг муқаддас бурчимиздир.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Cайтнинг очиқлик сиёсати

Материалдан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, uzedu.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Вазирлик сайтининг олдинги варианти.

Ҳозир сайтда: 28

Хато кўрсангиз белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.