Вазирлик фаолияти бЎйича телефон рақами (+99871)2394077

7 га кирмаган бола чет тилини ўрганиши зарурми?

2016.08.10 | Қарор ва ижро

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида чет тилларни ўқитишда уйғун камол топган, ўқимишли, замонавий фикрловчи ёш авлодни шакллантиришга йўналтирилган тизим яратиш кўзда тутилган. Унга кўра, инглиз тилини умумтаълим мактабларининг биринчи синфларидан ўйин тарзидаги дарслар ва оғзаки нутқ дарслари шаклида, иккинчи синфдан бошлаб алифбо, ўқиш ва грамматикани босқичма-босқич ўргатиш йўлга қўйилди. Чет тили бўйича янгидан ишлаб чиқилган давлат таълим стандартларида ҳам таълимнинг барча босқич битирувчиларининг тайёргарлик даражасига муайян талаблар қўйилган. Яъни, бошланғич таълимни тугатаётган ўн ёшли бола Европа таълим стандартларидаги А 1 даражани ўзлаштириши лозим.

Аммо орамизда фарзанди етти ёшга ҳам тўлмасдан — мактабга тайёрлов давриданоқ чет тилларни ўрганишини хоҳловчи ота-оналар ҳам йўқ эмас. Табиийки, ҳали атроф-оламни тузукроқ англаб етмаган болага менталитети ва ҳаёт тарзига бутунлай ёт бўлган бошқа тилни ўргатиш қийинчилик туғдиради. Ахир, болакай нарса-буюм ва жониворлар номини, атроф-оламни ўз тилида англаб улгурмай туриб ўзга тилда сўз ёдлаши ўзи учун номаълум нарсаларнинг нотаниш номини ўрганишдир. Бу унга оғирлик қилиши билан бирга тезда хотирасидан кўтарилади. Шу боис фарзандининг эрта билим олиши, мактабга тайёргарлик жараёнида чет тилини ҳам ўрганишини истаган ота-оналар мутахассисларнинг методик тавсияларига қулоқ тутиши ўринли, албатта.
“Болам аълочи бўлсин”
Мутахассисларнинг айтишича, инсон бош мияси атрофдаги минглаб сигналларни қабул қилади, бу маълумотларнинг фақат бир фоизигина билдирилаётган фикрлар баёнида қайта акс этади. Тадқиқотчи Андреа Мечелли ўз изланишларида ушбу ақлий фаолият 7 ёшдан хорижий тилни ўрганаётган ўқувчида яхши ривожланишини исботлаган. Јолаверса, бу унинг интеллекти ва дунёқараши ўсишига ёрдам беради.
— Боланинг хотираси 4–10 ёшларда яхши шаклланади, тил ўрганишга ҳам мойиллик кучли бўлади, — дейди ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик республика ташхис маркази психологи Муҳайё Розиқова. — Улардаги идрок, тасаввур, тафаккур ва диққат 7 ёшда тўлиқ ривожланишини инобатга олиб, фақат эслаб қолиш қобилиятини мустаҳкамлаш мақсадида содда сўзларни ўйин ва мусиқа ёрдамида ўргатиш мумкин. Бироқ айрим ота-оналар “Болам яхши ўзлаштираяпти, тенгқурлари орасида аълочи бўлсин”, дея кичкинтойнинг психофизиологик ҳиссиётлари яхши ривожланмаган бўлса-да, билим эгаллашга мажбур қилишади. Яқинда бир аёл олти ёшли боласини мактабга бермоқчи бўлиб келибди. Онанинг айтишича, қизалоҚи рус ва инглиз тили алифбосини ёд олган, санашни ҳам билади. Бола билан мулоқот қилишга уринганимизда у йиғлаб юборди. Қизалоққа кичик ёшиданоқ билим бериш мақсадида билиб-билмай босим ўтказилгани оқибатида руҳий биқиқлик, жисмоний ва нутқий ривожланишида нуқсонлар сезилди. Шунда онага бола, аввало, ўз она тилида фикрлай олиши таълимда ҳам, тарбияда ҳам ўта муҳимлигини тушунтирдик.

Бола кўпроқ хуш кайфиятда юрса, ўйинга тўйинса, қизиқарли таассуротларга бой сайрларга чиқса, “аълочилик”ка пойдевор қўйилади. Шу боис, ота-оналар кичкинтойларни нафақат чет тилини ўргатиш, балки ақлий меҳнатга жалб қилишдан аввал идрок, диққат ва тафаккури қандай ривожланганини синаб кўриши мақсадга мувофиқ. Масалан, унга уч хил расм кўрсатиб, кетма-кетликни тартиб билан айтишини сўранг: 1. Бола кўчат ўтқазаяпти. 2. Бола кўчат олиб келаяпти. 3. Бола кўчат суғораяпти (тўғри жавоб: 2, 1, 3). Ёки фарзандингизга ўнта буюм номини англатувчи сўз ўқиб беринг ва эшитганини такрорлашини талаб қилинг. Бештадан кам сўзни айтган болада эслаб қолиш қобилияти суст.

Бундан ташқари, “Тўхтамай қидир” ўйинида ўғил-қизларнинг диққат, сезги ва хотираси ривожлантирилади. 10–15 дақиқа мобайнида хонадаги предметларни эътибор билан кўздан кечириш имкони берилади. Кейин эса уларни ўлчам, ранг, шакл жиҳатдан бир хил кетма-кетликда санаб бериш керак бўлади. Бу жараёнда болалар онгига мураккаблик ва мав¬ҳумликни сингдириш фойда келтирмайди.

Илмий-оммабоп манбаларда қайд этилишича, ёқимли куй боланинг билимли бўлишига, меъда фаолияти яхшиланишига, фортепиано ва скрипкада ижро этилган куй кичкинтойнинг ўсиш жараёнига ижобий таъсир кўрсатади. Жаҳон олимларининг тадқиқотлари натижаси шуни кўрсатганки, классик мусиқалар ошқозон яраси тезроқ битишига ёрдам берар экан.

— Бир йўла бир нечта тилни ўрганишга қодир бўлган ва бунга эришган ёшларга таълим бериш алоҳида эътибор ва масъулият талаб этадиган вазифа, — дейди Бекобод шаҳар ХТМФМТТЭБнинг чет тили методисти Улуғбек Қўзибоев. — Хорижий тилни ўрганишга бўлган иштиёқ ва фаоллик ўз она тилимизга эътиборнинг сусайишига олиб келмаслиги керак. Бунинг учун болага таълим-тарбия беришнинг илк босқичида ўз тилидаги овозли матнларни тинглаб, ўйинчоғи ёки кўча-кўйда кўрган буюм ва жонзотлар ҳақида тасаввурга эга бўлгандан сўнг уларнинг номи рус ёки инглиз тилида қофияли шеъру қўшиқлар орқали эшиттирилади. Кичкинтойга дастлаб мулоқот қилиш жараёнини ўргатиш кифоя. Аввало, унинг кузатувчанлиги, одатий саломлашиш одобини билишига ишонч ҳосил қилгач, “салом” (hello), “хайрли тонг” (good morning), “хайрли кун” (good afternoon) ва “хайрли кеч” (good everning) сўзларини ашула қилиб куйлашга чорлаймиз. Кичик ёшдаги болаларга сўз ва матнларни ёд олишни уқтириш эмас, тилга олинаётган предметни расмлар орқали изоҳлашни ва кўргазмали қуроллар ёрдамида ҳаракатли тушунчаларни ўргатиш етарли.
“Катта бўлишни истамайман!”
Шундай номланган фильмни кўпчилигимиз мириқиб томоша қилганмиз. Павлик исмли билимдон болакайнинг ажойиб саргузаштлари ҳар биримизда чуқур таассурот қолдирган. Зеро, фильмда болага боладек муносабатда бўлиш, ёшига мос равишда билим ўргатиш зарурлиги асослаб берилган ва ишонарли ифодаланган.

Ҳақиқатан, 4–5 ёшида болалар сюжетлар ўйлаб топиб, севимли эртакларини саҳналаштиришга уринишади. Ўйинчоқларни фаол ўйнайди. Ушбу коррекцион машғулотлар идрок ва диққатнинг яхши ривожланишида ҳам муҳим аҳамият касб этади. Ана шу вазиятларда бола тартибга риоя этиб, узоқ вақт давомида диққатни бир нуқтага жамлашни машқ қилади. Етти ёшга тўлгунча фарзандимизнинг нутқини ўстиришга, уни атроф-муҳит билан таништиришга, қалбига ватанпарварлик туйғусини сингдиришга эътибор қаратсак, билимли ва зеҳнли бўлиб улғайиши шубҳасиз.

— Маликанинг чет тилидаги янги сўзларни эслаб қолиши, билим олишга интилишини беш ёшидаёқ пайқагандим, — дейди уй бекаси Озода Нуриддинова. — Аммо кўп ўқиб, тез чарчаб қолмаслиги учун фарзандимга одатий тарздаги кўникмаларни ўргатиб бордим. Қизим кичкиналигида мусиқа ва рақсни яхши кўрар, чиройли расмлар чизарди. Бошланғич синфда ўқиётганда эса дарсликдаги барча мавзуларни ўз вақтида пухта ўзлаштиришига, кундалик уйга вазифаларни тўлиқ бажаришига кўмаклашдим. Малика билим олишга астойдил ҳаракат қилиб, айниқса, рус ва инглиз тилини ўзгача иштиёқ билан ўргана бошлади. Мактабда ўтказиладиган турли табирларда фаол қатнашиб келмоқда. Ўтган йили у “Инглиз тили билимдонлари” кўрик-танловининг шаҳар бос¬қичида биринчи ўринни эгаллаганида кўнглимни ажойиб ҳислар чулғаб олди. Эндиликда қизим корейс тилига ҳам қизиқаяпти.

Ҳар бир иш ўз вақти-соати билан бўлгани афзал, дейди халқимиз. Кундан-кунга бўй чўзаётган навниҳолларнинг вақти келиб серҳосил, чуқур илдизли дарахт бўлиши бугун уларни тўғри парвариш ва тарбия қилишимизга боғлиқ. Зеро, юртимиз таълим соҳаси ривожи йўлида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар замирида ҳам ана шундай эзгу ният мужассам.

Шоира БОЙМУРОДОВА,
“Ma’rifat” мухбири

 

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Cайтнинг очиқлик сиёсати

Материалдан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, uzedu.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Вазирлик сайтининг олдинги варианти.

Ҳозир сайтда: 30

Хато кўрсангиз белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.