Очиқ ҳайъат мажлисларида ҳозир бўлиш тартиби

2016.12.22 | Очиқ мажлислар ўтказиш режалари

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ХАЛҚ ТАЪЛИМИ ВАЗИРИНИНГ

БУЙРУҒИ

Ахборотдан фойдаланувчиларнинг очиқ ҳайъат мажлисларида ҳозир бўлиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

 

Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонуни ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 6 ноябрдаги 320-сон “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қоидаларини амалга оширишга йўналтирилган комплекс чора-тадбирлар кўриш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ буюраман:

1. Ахборотдан фойдаланувчиларнинг очиқ ҳайъат мажлисларида ҳозир бўлиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин. 

2. Мазкур буйруқ ижросини назорат қилиш вазир ўринбосари Д.Кенжаев зиммасига юклатилсин.

 

 

 

Вазир                                                                          У.Иноятов

 

 

 

        Тошкент ш.,

2016 йил 12 декабрь,

         283-сон

 

 

 

Халқ таълими вазирининг 2016 йил

12 декабрдаги 283-сонли буйруғига
ИЛОВА

 

 

Ахборотдан фойдаланувчиларнинг очиқ ҳайъат мажлисларида
ҳозир бўлиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

 

Мазкур Низом “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ, ахборотдан фойдаланувчиларнинг Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг (бундан буён матнда Вазирлик деб юритилади) очиқ ҳайъат мажлисларида ҳозир бўлиши тартибини белгилайди.

 

1-боб. Умумий қоидалар

 

1. “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 7-моддасига асосан, Вазирликнинг фаолияти тўғрисида ахборот излашни амалга ошираётган жисмоний ёки юридик шахс ахборотдан фойдаланувчи ҳисобланади.

2. Мазкур Низом талаблари Вазирлик томонидан очиқ ҳайъат мажлисида иштирок этиш учун таклиф этилган шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди.

3. Вазирлик:

мазкур Низом асосида ахборотдан фойдаланувчиларнинг очиқ ҳайъат мажлисларида ҳозир бўлиши тартибини белгилаши;

очиқ ҳайъат мажлисларида ахборотдан фойдаланувчиларнинг ҳозир бўлиши учун шароитлар яратиши лозим.

4. Вазирликнинг ҳайъат мажлислари очиқ тарзда ўтказилади, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

5. Вазирлик ахборотдан фойдаланувчиларнинг танишиб чиқишлари учун бинонинг ҳамма кириши мумкин бўлган хоналарида ва (ёки) махсус ажратилган жойларида очиқ ҳайъат мажлисларини ўтказиш режалари, шу жумладан, мажлисларнинг кун тартиби лойиҳалари, улар ўтказиладиган сана, вақт, жой ҳамда бошқа зарур ахборотлар, ахборот стендлари ва (ёки) шундай мақсад учун мўлжалланган техник воситаларга мажлис ўтказилишидан камида уч кун олдин жойлаштириши шарт.

 

2-боб. Ахборотдан фойдаланувчиларнинг очиқ ҳайъат мажлисларида ҳозир бўлиши

 

6. Ахборотдан фойдаланувчи Вазирликнинг очиқ ҳайъат мажлисларида ҳозир бўлиш учун Вазирликка сўров билан мурожаат қилади. Сўров “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 20-моддасида белгиланган талабларга мувофиқ расмийлаштирилиши лозим.

Ахборотдан фойдаланувчининг идентификациялаш имкониятини берадиган маълумотлар кўрсатилмаган сўровлар аноним ҳисобланади ва кўриб чиқилмайди.

7. Сўров келиб тушган куни у Вазирлик томонидан алоҳида махсус журналда рўйхатга олинади ва зудлик билан кўриб чиқилади. Мазкур журнал ҳайъат масъул котиби томонидан юритилади.

8. Сўровга асосан ҳайъат масъул котиби ахборотдан фойдаланувчини очиқ ҳайъат мажлисида иштирок этувчилар рўйхатига киритади ҳамда бу ҳақда ахборотдан фойдаланувчига маълум қилади. Очиқ ҳайъат мажлисининг ўтказилиш санаси, вақти ёки жойи ўзгарган тақдирда, бу ҳақда ахборотдан фойдаланувчига маълум қилинади.

9. Ахборотдан фойдаланувчилар очиқ ҳайъат мажлисига шахсини тасдиқловчи ҳужжати асосида киритилади.

10. Ахборотдан фойдаланувчи очиқ ҳайъат мажлисига келмаган тақдирда, ҳайъат масъул котиби томонидан бу ҳақда махсус журналга ёзиб қўйилади.

11. Вазирлик ўз имкониятларидан ҳамда ахборотдан фойдаланувчилар сонидан келиб чиқиб, очиқ ҳайъат мажлиси ўтказиладиган залда ахборотдан фойдаланувчилар учун жой тайёрлайди. Ахборотдан фойдаланувчилар очиқ ҳайъат мажлиси ўтказиладиган залга махсус журналдаги қайд этиш кетма-кетлиги асосида жойлаштирилади.

Ахборотдан фойдаланувчилар сонининг кўплиги сабабли, уларни очиқ ҳайъат мажлиси ўтказилаётган залга жойлаштириш имкони бўлмаган тақдирда, улар очиқ ҳайъат мажлисининг боришини видеотасвир орқали монеликсиз кузатиб боришлари мумкин бўлган хонага жойлаштирилиши мумкин.

12. Вазирлик томонидан ўз имкониятларидан келиб чиқиб, ахборотдан фойдаланувчилар очиқ ҳайъат мажлисининг боришини видеотасвир орқали монеликсиз кузатиб боришлари мумкин бўлган алоҳида хона жиҳозлаб қўйилиши мумкин.

13. Ахборотдан фойдаланувчилар очиқ ҳайъат мажлиси бошлангунга қадар белгиланган жойга етиб келиши, рўйхатдан ўтиши ва белгиланган жойга ўтириши лозим. Ахборотдан фойдаланувчилар раислик қилувчи томонидан мажлис бошланганлиги эълон қилингандан сўнг келган тақдирда, кечикиб келган ҳисобланади ва ҳайъат мажлисига қўйилмайди.

14. Ахборотдан фойдаланувчи Вазирлик томонидан тасдиқланган очиқ ҳайъат мажлисининг регламентида белгиланган тартибда мажлисда ҳайъат аъзоларига саволлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

15. Ахборотдан фойдаланувчи томонидан ҳайъат мажлислари давомида ҳайъат мажлиси муҳокамасига тааллуқли бўлмаган ва ушбу мажлисда муҳокама қилинмаган масалалар бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилган ёки саволлар билан мурожаат этилган тақдирда, унга мазкур масала бўйича ахборот олиш тартиби тушунтирилади.

16. Ахборотдан фойдаланувчи ҳайъат мажлиси ўтказилаётган вақтда тартибни бузмаслиги шарт. Ахборотдан фойдаланувчи мажлис ўтказилаётган вақтда тартибни бузган тақдирда, раислик қилувчи томонидан огоҳлантирилади.

Ахборотдан фойдаланувчи тартибни такроран бузган тақдирда,
у раислик қилувчи томонидан мажлис ўтказилаётган залдан чиқариб юборилади. Мазкур ҳолат юзасидан ҳайъат масъул котиби далолатнома тузади ва далолатнома раислик қилувчи томонидан имзоланади.

17. Ахборотдан фойдаланувчиларга очиқ ҳайъат мажлисини фотосуратга, видеотасвирга олишга, овоз ёзиш воситаларидан фойдаланишга рухсат берилмайди.

18. Ҳайъат мажлиси баённомасида очиқ ҳайъат мажлисларида ҳозир бўлган ахборотдан фойдаланувчиларнинг иштироки ҳақида тегишли маълумотлар кўрсатилиши лозим.

 

3-боб. Якуний қоида

 

19. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

Рўйхатдан ўтиш





Топ Рейтинг НИПС www.uz
100159. Ўзбекистон. Тошкент шаҳри, Мустақиллик майдони
Телефон: (+99871) 239-13-43,факс: (+99871) 239-16-30
e-mail: info@xtv.uz

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Cайтнинг очиқлик сиёсати

Материалдан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, uzedu.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Вазирлик сайтининг олдинги варианти.

Ҳозир сайтда: 33

Хато кўрсангиз белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.